Маросимда USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси вакиллари иштирок этди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, АҚШ Ҳукумати ва халқаро шерикларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида, Ўзбекистон туберкулёз ва у билан боғлиқ ўлим ҳолатларини камайтириш борасида катта муваффақиятларга эришди. Шу билан бирга, касалликнинг дориларга чидамли шакллари Ўзбекистонда ҳали-ҳамон жиддий муаммо бўлиб турибди. USAID туберкулёзнинг дориларга чидамли шаклларини аниқлаш ва даволаш борасидаги маҳаллий ва минтақавий салоҳиятни юксалтириш орқали Ўзбекистон ва Марказий Осиёда унинг юкини камайтириш йўлида фаол ишларни амалга оширяпти.
Тадбир давомида USAIDнинг Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўлими раҳбари Черри Гумапас шундай деди: «Бугунги тадбир USAID билан Ўзбекистон ўртасида ҳудудлар, шу жумладан Жиззах вилоятидаги тиббиёт хизматларини яхшилаш мақсадида давом этаётган шерикликнинг ёрқин мисолидир. Ҳамкорлигимиз Ўзбекистон фуқароларининг саломатлигини мустаҳкамлаш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилади».
Қиймати қарийб 75 000 долларга тенг мазкур асбоб-ускуналар, шу жумладан электрон термометрлар, стетоскоплар ҳамда пульсоксиметрлар, вилоят тиббиёт муассасаларига ўз вақтида ва самарали ёрдам кўрсатиш, сурункали касалликлари бўлган беморларга тезда ташхис қўйиш ва даволаш имконини беради.
Тиббий асбоб-ускуналар АҚШнинг Welch Allyn ишлаб чиқарувчи компанияси томонидан USAIDнинг «Марказий Осиёда туберкулёзни тугатиш бўйича» лойиҳаси доирасида ҳадя этилган бўлиб, Жиззах вилояти фтизиатрия ва пульмонология маркази, вилоятдаги туберкулёз диспансерлари, касалхона ва поликлиникаларига тарқатилади, деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.