Дастур аёлларга кенг кўламли бандлик ва тадбиркорлик имкониятларидан фойдаланиш учун муҳим AКТ кўникмаларини ўргатиш тизимини ўз ичига олади.
Ўзбекистондаги чекка қишлоқларда истиқомат қилувчи аёллар кўпинча Wi-Fi ёки мобил интернет каби рақамли технологиялардан фойдалана олмайди. Бу ҳолат уларнинг расмий ишга жойлашиш ёки ўз тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имкониятларини чеклайди. USAIDнинг 2022 йил январь ойида якунланган Мамлакат рақамли экотизимини баҳолаш (DECA) тадқиқотига асосан аёлларнинг янги технологияларга бўлган қизиқиши ва ундан фойдаланишига нисбатан жамиятда мавжуд ижтимоий меъёрлар, аёлларнинг таълим олиш ва ишга жойлашиш имкониятларига салбий таъсир этади.
UNICEF маълумотига кўра, Ўзбекистонда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш аёллар ва қизларнинг 68,1 фоизи интернетдан ҳеч қачон фойдаланмаган, бу эса шу ёшдаги эркаклар сони кўрсаткичидан қарийб икки баробар кўп (34,3 фоиз). Қуйидаги муаммони бартараф этиш Ўзбекистон ва AҚШ ҳукуматларининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
«Ушбу дастур қишлоқ аёлларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, Ўзбекистонда рақамлаштириш жараёнида гендер тенглигини таъминлашга ёрдам беради», дейди USAID нинг Ўзбекистондаги Миссияси директори Микаела Мередит. «Дастур натижасида, ўз рақамли ва тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантирган ҳолда, қишлоқ аёллари электрон тижоратда иштирок этиш, ўз маҳсулотларини дунё ва маҳаллий платформалар орқали сотиш, ўз бизнесларини тарғиб қилиш учун ижтимоий тармоқлардан ҳамда рақамли микробизнес имкониятларидан кенг фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Aёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш гендер тенглигига эришиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашининг пойдеворидир», — дея қўшимча қилди Микаела Мередит.
«IT Women – Karakalpakstan» синов лойиҳа бўлиб, хотин-қизларни ижтимоий тармоқлар маркетинги ва график дизайн бўйича ихтисослашган тренинглар, AКТ секторида ишга жойлашиш ва амалиёт ўтишлари имконияти ҳамда дастур давомида мураббийлик кўмаги билан таъминлайди. Олтмиш нафар хотин-қизлар «IT Park» кўмагида Нукус шаҳридаги IT Академияси томонидан ўқитилади. Ушбу дастур Ўзбекистондаги иқлим ўзгариши таъсирига учраган қишлоқ аёлларини бизнес кўникмалари, касбий таълим, микромолиялаш, мураббийлик ва бандлик дастурлари билан таъминлаш орқали қўллаб-қувватлаш учун USAID нинг 1 миллион долларлик ташаббуси доирасида амалга ошириляпти, деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.
Мазкур ташаббус USAID нинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Агробизнесни ривожлантириш бўйича беш йиллик лойиҳаси доирасида амалга ошириляпти. Ушбу лойиҳа мақсадли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича қиймат яратиладиган бутун занжир бўйича қўшимча қийматли янги технологияларни ва бошқарув усулларини жорий этиш орқали мамлакат қишлоқ хўжалигида хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди. Ушбу хатти-ҳаракатлар Ўзбекистонда қўшимча қийматли маҳсулотларни кўпайтириш, хотин-қизлар ва ёшларни жалб қилиш, таълим муассасаларининг хусусий сектор билан алоқаларини кенгайтириш ва қишлоқ хўжалиги учун мақбул бўлган сиёсатни илгари суришга йўналтирилган.