USAID Ўзбекистон билан ҳамкорликни жадаллаштиришга тайёр

    Кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бошқарувчиси Саманта Пауер ва USAID бошқарувчиси ўринбосари Изабел Колман билан учрашув ўтказди.

    Ўзбекистон ва USAID ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

    Суҳбат чоғида USAID раҳбари 2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлади. Бу борада USAID ўз саъй-ҳаракатларини АҚШ халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси билан яқиндан мувофиқлаштириши маълум қилинди.

    USAID раҳбари Ўзбекистон ҳукуматининг давлат бошқаруви очиқлиги ва сўз эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олиб бораётган амалий қадамларини олқишлади. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари бўйича қарор қабул қилиш жараёнларида жамият манфаатларини кенг ҳисобга олишга ёрдам бериши таъкидланди.

    Ўз навбатида, USAID раҳбари ўринбосари Изабел Колман Агентлик молиявий-техник кўмак лойиҳаларини, биринчи навбатда, Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширишда давом этишини қайд этди.

    USAID раҳбарияти энергетика соҳасини модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, сув хўжалигини ривожлантириш, таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларни касбга тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

    Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида USAID имкониятларини касб-ҳунар ва техник таълим тизимига жалб этиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.