Тошкентда юқори босимда ҳавони қуритувчи ускунани олиб киришга уринган шахс ушланди

    У хориждан Озонни бузувчи моддалар асосида ишлайдиган ускуналарни олиб киришга уринган.

    Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Тошкент товар» ташқи иқтисодий фаолият божхона постида экология учун хавфли, Озон қатламини ёмирувчи зарарли моддалар ва улар ёрдамида ишловчи ускуналар импортини назорат қилишда постнинг Товарларни классификациялаш гуруҳи билан биргаликда самарали фаолият олиб борилмоқда.

    Амалдаги тартибларга кўра, Озонни бузувчи ёки уларга боғлиқ бўлган моддалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган совутиш жиҳозлари ва ҳавони кондиционерлаш ускуналарини импорт қилиш таъқиқланган.

    Яқинда постда хориждан келтирилган ускуналарни божхона кўригидан ўтказиш давомида мазкур чекловни бузишга уринишлар фош қилинди.

    Жумладан, хориждан келтирилган юқори босимда ҳавони қуритувчи ускуна ҳамда ичимликларни қуювчи линия учун чиллер ускунаси Озонни бузувчи моддалар рўйхатига киритилган Р-22 фреон моддасида ишлаши маълум бўлди.

    Шу сабабли жами қиймати 143.5 млн сўмлик мазкур ускуналар ҳозирда вақтинча сақловга олинди ва келгусида республикамиздан чиқариб юборилиши кутилмоқда.

    Ҳар иккала ҳолат юзасидан божхона суриштирувлари давом эттирилмоқда.