Тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Республика илмий-амалий семинарини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Азимжон Назаров кириш сўзи билан очиб берар экан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, хусусан, тупроқлар муҳофазаси, ерлар деградацияси, шўрланиш, чўлланиш каби масалалар ҳақида ўз фикр мулоҳазаларини билдириш билан бир қаторда тадбир иштирокчиларини ушбу сана билан самимий қутлади.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ва Қонунчилик палатаси, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, олимлар, тадқиқотчилар, миллий ва хорижий тупроқшунос мутахассислар тупроқ ва сув ресурсларини барқарор бошқариш, эрозия ҳамда тупроқ деградациясига қарши курашнинг замонавий усуллари, нейтрал мувозанатни сақлаш, ер деградацияси, шунингдек, бошқа долзарб масалалар бўйича маърузалар қилдилар.
Семинар давомида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 5-декабрь- Бутунжаҳон тупроқ куни муносабати билан тупроқшуносликда кўп йиллик самарали фаолияти давомида соҳа ривожига қўшган муносиб хизматлари учун бир гуруҳ соҳа ходимлари сертификат ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига БМТ нинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан Тупроқшунослик ва агрокимё илмий-тадқиқот институти фаолиятига бағишланган 2 та видеофильм намойиш этилди.
Тадбирда минимал юмшатиш, алмашлаб экиш, органик моддалар солиш ва қоплама экинлар каби тупроқни барқарор бошқариш усуллари тупроқ ҳолатини яхшилаши, эрозия ва ифлосланишни камайтириши, ер ости сувларининг ҳолатини яхшилаши таъкидлаб ўтилди.