баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Туризм ва спорт уйғунликда ривожланади

    Сўнгги йилларда республикамизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга ҳам катта эътибор берилмоқда. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етишини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Президентимизнинг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш юзасидан самарали ишлар амалга оширилмоқда.

    Ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, қолаверса, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши ижросини таъминлаш мақсадида тизимли равишда спорт тадбирлари ва мусобақалар ўтказиб келиняпти. Мамлакатни дунёга тез танитадиган соҳа, бу — спорт. Спорт миллат ва ирқ танламайди, у барчани ўз атрофида бирлаштиришга қодир восита, дейиш мумкин. Спорт туфайли кўп мамлакатларга борамиз, мусобақалардан сўнг бошқаларга ўз юртимиз, халқимизнинг урф-одатлари, анъаналари, қолаверса, тарихи неча асрларга бориб тақаладиган қадимий обидаларимиз ҳақида сўзлаб берамиз. Табиийки, шу суҳбатлар жараёнида чет эллик ҳамкасбларимизда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортади. Бир сўз билан айтганда, спорт орқали туризм, туризм воситасида спорт ривожланади.

    Куни кеча давлатимиз раҳбарининг «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Фармон ўз ичига туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибага таяниб ушбу йўналишларда инфратузилмани жадал ривожлантириш, объектлардан самарали фойдаланиш, аҳолига етарли шарт-шароитлар яратишга қаратилган.

    Бундан ташқари, мамлакатимизда туризм, спорт соҳаларини янада ривожлантириш, аҳолини жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, инфратузилмани яхшилаш, туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш орқали туристлар саёҳати учун қулай шарт-шароитлар яратиш, маданий меросни муҳофаза қилишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланди. Шунингдек, «Туризм, спорт ва маданий мерос соҳаларида давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси негизида Туризм ва спорт вазирлиги ташкил топди. Бу ривожланган хорижий мамлакатларнинг тажрибасини чуқур ўрганиб, таҳлиллар асосида чиқарилган қарордир.

    Кўплаб хориж давлатларида Туризм, маданият ва спорт, Туризм, ёшлар ва спорт каби вазирликлар самарали фаолият олиб бормоқда. Ушбу икки соҳани бирлаштириш орқали қатор ижобий ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Жумладан, туризм объектларини самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, мамлакатнинг туризм салоҳиятини тубдан оширишга, туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетинг тадқиқотлари олиб боришга, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилишга, мамлакатимизнинг туризм қиёфасини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга, миллий туризм маҳсулотлари, брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга оширади.

    Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида мавжуд спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш, аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга, соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, жисмонан соғлом ўсиб келаётган авлодни тарбиялаш, спорт индустрияси, инфратузилмасини ривожлантириш, олий спорт маҳорати соҳасида мамлакатимизнинг халқаро спорт майдонида муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган ягона сиёсатни амалга ошириш белгиланган. Қолаверса, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари ҳамда клублари, спорт федерациялари фаолиятини мувофиқлаштириб, республика мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта, ўрта махсус ҳамда олий таълим муассасалари жисмоний тарбия ўқитувчилари, инструктор, тренерлар фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарликни амалга ошириш ҳам белгиланган. Яна маҳаллий давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия, спорт жамиятлари, таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари билан биргаликда аҳоли, айниқса, болалар, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, оммавий спорт турларига кенг жалб қилиш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш кўзда тутилган.

    Шу билан бирга, Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун истиқболли спортчиларни саралаш, тайёрлаш ва маҳоратини ошириш, улар орасидан мамлакат терма жамоалари учун сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратиш Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт федерациялари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Фармонда республикадаги барча вазирлик ва идоралар (жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар) учун спорт нормативларини ишлаб чиқиш, қабул қилиш бўйича ягона сиёсатни олиб борган ҳолда, мамлакатимизда оммавий, профессионал спортни, шу жумладан, спорт ўйинлари, экстремал ва қишки спорт турларини ривожлантиришни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси, сифатини ошириш, халқаро, минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спорт рақобатига ва тақиқланган препаратлар ишлатилишига қарши тизимли чоралар кўриш ҳам алоҳида белгилаб берилган. Оммавий ва профессионал спорт йўналишлари бўйича моддий-техник базани ривожлантириш, улардан самарали фойдаланишни таъминлаш, спорт асбоб-ускуналари, инвентарларининг мамлакатимизда ишлаб чиқарилишини ташкил этиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар тайёрлашда ҳам бевосита иштирок этамиз.

    Бундан ташқари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишни ташкил этиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ҳамда спорт ташкилотларини, таълим ва спорт-таълим муассасаларини юқори малакали тренерлар, спорт мутахассислари билан таъминлаш чоралари кўрилади. Халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жисмоний тарбия, спорт соҳасида халқаро ва давлатлараро алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, хорижий инвестициялар ва грантларни жалб этиш борасида ишлар ташкил қилинади ва оммабоп спорт дастурлари ишлаб чиқилади.

    Туризм ва спорт вазирлигининг ташкил этилиши ҳар икки соҳа ривожи учун ҳам фойдали ҳисобланади. Мамлакатимизда ўтказиладиган Халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиш учун келган спортчилар беллашувларда иштирок этиш билан бирга, жаннатмонанд ўлкамизнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда қадимий обидалари билан танишиш орқали туризм соҳасини ривожланишига ҳисса қўшади.


    Равшан ЭРМАТОВ, 

    Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари