Бу ҳақда Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Газиантеп Маданият йўли фестивалининг очилишидаги нутқида маълум қилди.
Шунингдек, у Маданият йўли фестивалини 4 йил қисқа вақт ичида яна 7 ҳудудга кириб келганини мамнуният билан тилга олди ва шундай деди:
“Бу йил 16 та шаҳарда ўтказган фестивалимиз мамлакатимизнинг энг йирик ва бой бренд лойиҳаларидан бирига айланди. Умид қиламизки, шаҳарларимизнинг бренд қийматига катта ҳисса қўшаётган фестивалнинг салоҳиятини йилдан-йилга янада оширамиз. Маданият ва санъат билан уйғунлашган туризм ҳамда маданият сиёсатлари натижаси бўлган Маданият йўли фестивали иштирокчилар сони билан бугунги кунда дунёдаги энг катта фестиваллардан бири ҳисобланади. Тўрт йил ичида Европанинг энг нуфузли маданият ва санъат фестивалларини ўз ичига олган Европа фестиваллари ассоциациясига аъзоликка қабул қилинганимиз нақадар муваффақиятга эришганимизнинг яққол далилидир”.
Вазир Эрсой ўз нутқида Туркиянинг туризм бобида дунёдаги энг кучли салоҳиятга эга давлатлар қаторида эканлигини, лекин афсуски бу салоҳият ўтмишда тўғри баҳоланмаганини, Туркияда туризм дейилганда фақат денгиз, қум ва пляж тушунилганини, табиат мўъжизалари ва соҳиллар бўйича керакли тадқиқотлар олиб борилмаганлигини ҳам қайд этди.
"Биз туризмдан 60 миллиард доллар даромад олишни мақсад қилганмиз"
Эрсой Президент Ражаб Таййип Эрдоған бошчилигида туризм бўйича инқилобий қарорлар қабул қилиб, ўлка туризмини 12 ойга етказиш ва дунё туризм даромадидан анча кучлироқ улуш олиш учун ҳаракат қилаётганликларини таъкидлади ва сўзида давом этди:
“Биз олиб борган ушбу тадқиқотлар натижасида бугунги кунда Туркия дунёда туризм бўйича биринчи 5 таликдан жой олди. 2002 йилда мамлакатимизга 13 миллион сайёҳ келди ва туризмдан олган даромадимиз 12 миллиард долларни ташкил этди. Бугун 60 миллион сайёҳни қабул қилиш сари қатъий қадам ташлар эканмиз, даромадни 60 миллиард долларга етказишни мақсад қилганмиз. Бу муваффақиятлар замирида тўғри сиёсат юритиш ва қоидаларни ҳаётга татбиқ этиш иродаси ётади. Ана шундай тўғри сиёсатлардан бири барча ёшдаги ва турли қатлам фуқароларини маданият ва санъатнинг барча соҳаларига осон ва жадал киришларини таъминлайдиган мана шундай фестиваллардир. 2021 йилда 2 мингдан ортиқ санъаткор иштирокида бошланган фестивалимиз доираси ҳар ўтган давр мобайнида Туркиядан ва дунёдан келган турли санъаткорлар ва санъат муассасалари билан кенгайди. 2023 йилга келиб фестивалда иштирок этувчи санъаткорлар сони анча юқори даражага етди. Бу йилги мақсадимиз бу рақамларни янада оширишдир. Ўтказилаётган тадбирларда халқимизнинг иштироки, санъат ихлосмандларининг қизғин қизиқиши қанчалик тўғри йўлда эканлигимизни кўрсатади”.
Туркия Маданият йўли фестивали Газиантепда 14 сентябрь шанба куни бошланиб, 22 сентябрь якшанба кунига қадар барча ёшга мос концертлар, кўргазмалар, суҳбатлар ва тадбирлар билан давом этади.
Туркияга яна 14 та тарихий ашёлар қайтарилди
Вазир Меҳмет Нури Эрсой Маданий мерос ва музейлар бош бошқармаси Контрабандага қарши кураш бўлимининг фаолиятидан сўнг яна 14 та тарихий асар ватанга қайтарилганлигини маълум қилди:
“Йиллар давомида олиб борилган саъй-ҳаракатлардан сўнг Бубон қадимий шаҳридан олинган иккита бронза ҳайкал боши ва монументал бронза аёл ҳайкалидан ташқари, турли даврларга оид сопол буюмлар, тангалар, заргарлик буюмлари ва 14 та археологик ва этнографик асарлар, жумладан, Усмонийлар даврига оид иккита ханжар халқимиз маданий меросига қайтадан қўшилди. 2024 йилда 35 асар қайтарилди. 2018 йилдан буён мамлакатимизга 7 минг 839 асар қайтган бўлса, 2002 йилдан буён 12 минг 154 асарнинг Туркияга қайтарилишини таъминладик. Бу асарлар минг йиллик тарихимиз, чуқур илдиз отган меросимиз тимсоли сифатида ўз жойида сақланиб қолади ва келажак авлодларга етказилади”.