UzAuto Motors огоҳлантиради: автомобилларини сотиб олиш учун бошқа ресурслардан фойдаланманг

    Бугун, 8 май куни соат 10:00 да 4 500 дона Chevrolet Lacetti автомобили учун контрактация очилади. Барча автомобиллар олиб кетиш имконияти билан шартнома тузиш учун мавжуд бўлади.

    "UzAuto Motors"нинг маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда UzAuto Motors автомобилларига шартнома тузиш хизматини кўрсатувчи турли ботлар ва каналлар тарқалди.

    Компания шубҳали хизматлардан фойдаланмасликни қатъий тавсия қилди. savdo.uzavtosanoat.uz онлайн шартнома тизими барча учун мутлақо бепул ва тизимда ҳеч ким учун қандайдир алоҳида киришни таъминлайдиган имкон мавжуд эмас.

    "Сизнинг шахсий маълумотларингиз фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатлар ёки бошқа бир номақбул ҳаракатлар учун фойдаланилиши мумкин. Агарда шартнома тузиш учун шахсий маълумотларингизни учинчи шахсларга топширадиган бўлсангиз, UzAuto Motors харидор олдида ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммасига олмайди" дейилади хабарда.

    Шунингдек, Телеграм-бот ҳамда UzAuto Motors иловаси навбатни кузатиш хизматини ҳамда мавжуд автомобиллар ҳақида маълумотни тақдим этади.

    Эслатиб ўтамиз, бугун харидорлар Дамас ва Лабо автомобиллари учун ҳам шартнома тузишлари мумкин.

    Автомобиллар нархи ўзгаришсиз қолган.

    Маълум қилинишича, UzAuto Motors автозаводи яқин кунларда Chevrolet Cobalt автомобилини янгиланган модификацияда ишлаб чиқаришни бошлайди. Унда экстерернинг қисман рестайлинги мавжуд бўлади. Янгиланган автомобиллардаги ўзгаришлар ва контрактация вақти ҳақида кейинроқ хабар берилади.