Ватан, истиқлол ва тараққиёт қайғуси

    Ватан ва истиқлол тушунчалари бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Чунки ўз мустақиллигига эга бўлмаган Ватаннинг Ватанлиги қаерга боради?

    Ватанимиз мустақилликни ҳам, мустамлакани ҳам кўп кўрган. Аммо Ватан ҳимояси учун кураш ҳеч қачон тўхтамаган. Халқимиз Доро ҳужумларига ҳам, Искандар Мақдуний, араб истилочилари, Чингизхон, рус босқинига қарши ҳам мардонавор курашган. Ҳар гал мустақиллигини қўлга киритганида бу юртда тараққиёт қайта юз кўрсатаверган.

    1991 йили эришган мустақиллигимиз эса бизга миллий давлат қуриш имконини берди. Ўтган 33 йилга яқин давр мобайнида биз дунё харитасида ўрнимизга эга бўлдик, ҳеч кимдан кам бўлмаганимиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигимизни кўрсатдик. Бошқалар ҳам биз билан ҳисоблашадиган бўлди.

    Йилдан-йилга олдинлаб боряпмиз. “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулотни қарийб икки баробар ошириш, уни жон бошига йилига 4 минг долларга етказиш олдимиздаги улкан вазифа қилиб қўйилди. Саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, илм-фан, маданият, спорт, адабиёт, санъат ва бошқа соҳаларда юксак марраларни кўзлаганмиз.

    Шунга қарамай, баъзан четдан туриб, баъзида ичкаридан ҳам ана шу суверен давлатимизни, халқимиз равнақини кўролмаган айрим кучлар эркинлигимизга болта урадиган турли ғаразли ғояларни тарқатяпти, дағдаға ва диверсия қиляпти. Бу эса биз халқ сифатида жонажон Ватанимиз ва истиқлолимизни ҳар куни, ҳар соат асраб-авайлашимиз лозимлигини қайта-қайта уқтириб тургандай бўляпти.

    Биз қадим-қадимдан давлатчилик кўрган халқмиз. Ҳатто темурийлар қурган марказлашган салтанат ўз замонасида давлатчиликнинг Ер юзидаги энг юксак намунаси бўлган эди. Буни ўзимизгина айтаётганимиз йўқ, бутун дунё тан оляпти.

    Темурийларнинг бевосита давомчилари бўлмиш бобурийлар сулоласи Ҳиндистонда нақд 332 йил ҳукм суриб, амалда ўзбек давлатчилиги ва маданиятини ўша пайтларда нисбатан қолоқ ҳисобланган бу ўлкага олиб борди.

    XIX асрнинг иккинчи ярмида юз берган рус босқинига қадар ҳам Марказий Осиёда уч ўзбек давлати ҳукмронлик қилар эди. Қўқонда минглар, Бухорода манғитлар, Хивада қўнғиротлар уруғи вакиллари тахт эгаси эди.

    Ер юзида топилган илк туркий руник ёзувларнинг тили бошқа қирққа яқин туркий лисон орасида, аввало, бугунги ўзбек тилига энг яқин. Кейинчалик “чиғатой тили” деб аталган забонда яратилган меросга ҳам биринчи галда биз даъвогарлик қиламиз. Шунинг учун бугунги ўзбек адабий тили, асосан, ўзбекларнинг қадимдан ўтроқлашган бир қисми билан уйғурлар мансуб бўлган қарлуқ-чигил лаҳжасига асосланади.

    Бу фактларни шунинг учун келтиряпмизки, четдан туриб баъзилар миллатимизни кечагина пайдо бўлганга чиқаряпти. Тўғри, 1924 йилнинг 27 октябрида Бухорода Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси эълон қилинди ва шу кундан бошлаб ўзбек сўзи бугунги ўзбеклар барча қавмларининг ягона номига айланди. Бу асоссиз эмас эди, албатта.

    Бироқ унутмаслик керакки, бир миллатнинг пайдо бўлиши унинг номи билан бевосита боғлиқ бўлмаслиги ҳам мумкин. Яъни бир тилда сўзлашувчи халқ олдин пайдо бўлиши, турли даврларда турлича номланиши, кейин бошқа ном билан аталишига тарих гувоҳ. Жаҳонда бунинг кўплаб мисоллари бор. XV асрдаги ўзбек номи бугунги миллатимизнинг бир қавмини, яъни қипчоқ лаҳжасида сўзлашувчи инсонларни англатган. Улар қарлуқ-чигил ва ўғуз лаҳжалари вакиллари билан ёнма-ён, аралаш-қуралаш яшади. Бора-бора бир қисми қарлуқ-чигил, бир қисми қипчоқ, бир қисми ўғуз лаҳжаларида сўзлашувчи бир миллат юзага келди. 1924 йили айнан ана шу миллатга расман ўзбек деб ном берилди.

    Бу ҳеч қанақасига ўзбек миллати айнан шу йили пайдо бўлганини англатмайди. Бошқача айтганда, бир халқ бўлиб бириккан уч қавмдан бирининг номи умумий ном сифатида танланди, вассалом.

    Бундай иддаолардан кўзланган мақсад нима? Халқни пароканда қилиш. Камситиш. Охир-оқибат шу тариқа унинг истиқлолига рахна солиш. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.

    Тарих гувоҳлик берадики, мустамлакасидан айрилган йирик империялар вакиллари барча замонларда ҳам ўзи йўқотиб қўйган аввалги даврларни қўмсаш ҳис-туйғусини ошкор этади. Қўйиб берсангиз, яна ўша ҳудудларга кўз олайтиради.

    Йўқ! Тарих орқага қайтмайди.

    Ватанни ва унинг истиқлолини ҳимоя қилиш ҳеч қачон долзарблигини йўқотмайди. Бугун шу гапни қайта-қайта такрорлашимиз, буни ҳар биримиз қалбимизга жойлашимиз даркор.

    Янги Ўзбекистонда биз инсон қадри устувор бўлган фаровон жамият ва иқтисодиёти тараққий топган давлатни барпо этишни мақсад қилганмиз. Ушбу улуғвор ғоя асосида халқимиз янги ислоҳотларнинг муаллифига айланиб бормоқда.

    Ўтган қисқа давр мобайнида жамият ҳаёти, миллий иқтисодиёт, илму фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, маданий-маърифий соҳалар янгиланди. Тадбиркорлик бутун мамлакатда кенг қулоч ёзиб, янги мулкдорлар синфи шаклланди, Ўзбекистон тараққий топган хорижий давлатлар билан бўйлаша бошлади, бундан-да муҳим ўзгаришларни қамраб олган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди ва ҳаётга татбиқ қилина бошлади.

    Бугун биз мураккаб ва таҳликали замонда яшаяпмиз. Атрофга қаранг, дунёда нималар бўляпти?! Бу эса биздан олий даражадаги ҳушёрликни, огоҳликни, курашчанликни талаб қилади. Бинобарин, Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг ўтган йил 22 декабрда ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз масалага диққат қаратиб, бундай деди: “Ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: биз ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди. Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар.

    Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”.

    Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

    Ўзбекистон Фанлар академияси

    вице-президенти,

    тарих фанлари доктори, профессор

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates