Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Меморандумнинг асосий мақсади хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган мамлакатимиз фуқароларини шартнома асосида хорижий меҳнат бозорида талаб этилган мутахассисликлар бўйича ўқитиш ҳисобланади. Шунингдек, ушбу ҳужжатда ўқиш давомида фуқароларда ватанпарварлик туйғусини кенг тарғиб этиш ва уларда ватан туйғуси сифатларини ривожлантириш белгилаб қўйилган.
Ҳозирда Европа давлатлари, хусусан, Германия, Литва, Латвия, Словакия ва Польшада техник касб мутахассисларига бўлган юқори талабни “Ватанпарвар” ташкилоти имкониятларидан келиб чиққан ҳолда қондириш мақсад қилинмоқда.
Айниқса, айни пайтда Европада 10 мингдан зиёд “CE”, “D” тоифадаги ҳайдовчиларга ва минглаб турли техник касб эгаларига эҳтиёж сезилаётганлиги ўз-ўзидан турли мамлакатлардан, жумладан, Ўзбекистондан ушбу касб мутахассисларининг Европа давлатларига бориб ишлашлари учун имконият яратмоқда.
“Ватанпарвар” ташкилотининг 210 дан ортиқ ўқув муассасаларида республика бўйлаб йилига ўртача 150 минг нафар фуқаролар ҳайдовчилик касбига ҳамда яна минглаб фуқаролар техник хизмат кўрсатиш ва мураккаб техникаларни бошқариш мутахассисликларига тайёрланмоқда. Ўз навбатида ушбу омил ташкилотнинг Европа давлатлари талабини қондириши мумкин бўлган малакали кадрларни етказиб бериш қувватига эга эканлигини англатади.
Меморандум имзоланиши жараёнида “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши раиси Ҳусан Ботиров ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Жаҳонгир Хидайходжаев мазкур ҳужжатда белгиланган вазифаларни ўз муддатларида сифатли бажарилишини таъминлашга ва истиқболдаги режаларни келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи
“Ватанпарвар” ташкилоти Матбуот хизмати