Бу ҳақда "Дунё" АА хабар қилди.
Қайд этилишича, мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегациясининг Будапешт шаҳрига ташриф буюрди.
Ўзбекистон делегацияси ташриф давомида Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги давлат котиби ўринбосари Агнес Кертес, Ички ишлар вазирлиги давлат котиби Золтан Больчик, Чет элликлар бўйича миллий полиция бошқармаси бош директори Шандор Гёмбош, Миллий иқтисодиёт вазирлиги давлат котиби ўринбосари Сильвиа Балоч ҳамда бир қатор рекрутинг компаниялари раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.
Венгрия томони миграция ва мобиллик соҳасида кенг қамровли шериклик тўғрисидаги битимни ишлаб чиқишдан манфаатдорлигини тасдиқлади.
Томонлар, меҳнат мигрантлари учун виза бериш тартибини соддалаштириш истиқболларини биргаликда ўрганишга келишиб олди.
Ташриф Ўзбекистон ва Венгрия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, миграция ва иқтисодий шериклик соҳаларида ўзаро ҳамкорликнинг янги истиқболларини очишда муҳим қадам бўлди.
Ўзбекистон делегацияси сафар давомида, шунингдек, Венгриядаги юртдошларимиз билан ҳам учрашди.