Вояга етмаган шахслар жиноят содир этганда қандай тартибда сўроқ қилиниши керак?

    Ижтимоий ҳаёт 9 ноябр 2022 3468

    Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексига асосан вояга етмаганнинг жиноятлари ҳақидаги ишни юритишда қонуний вакилнинг қатнашиши шарт. Қонунчиликка кўра, қонуний вакил деганда, шахснинг ота-оналари, уларни фарзандликка олганлар, васийлар ёки ҳомийлар тушунилади.

    Қонуний вакилнинг ишда иштирок этишига суриштирувчи ёки терговчининг қарори бўйича вояга етмаган шахсни гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида биринчи сўроқ қилиш пайтидан бошлаб йўл қўйилади.

    Вояга етмаган шахсни гумон қилинувчи ёки айбланувчи тариқасида биринчи сўроқ қилишдан бошлаб, суриштирувчи ёки терговчи ишда ҳимоячининг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради. Шу мақсадда вояга етмаган шахсга ва унинг қонуний вакилига ўзлари хоҳлаган ҳимоячини таклиф этиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилади. Агар ҳимоячи вояга етмаган шахснинг, унинг қонуний вакилининг ёхуд бошқа шахсларнинг топшириғи ёки розилиги билан чақирилмаган бўлса, суриштирувчи, терговчи ёки суд ишда ҳимоячининг иштирок этишини ўз ташаббуси билан таъминлашга мажбур.

    Вояга етмаган шахсга айблов эълон қилиш вақтида ҳимоячи билан бир қаторда вояга етмаган шахснинг қонуний вакили ҳам иштирок этади.

    Вояга етмаган гумон қилинувчини ва айбланувчини сўроқ қилиш ҳимоячи, қонуний вакил иштирокида амалга оширилади.

    Ҳимоячи ва қонуний вакил гумон қилинувчига ва айбланувчига саволлар беришга ҳақли. Сўроқ якунлангач, ҳимоячи ва қонуний вакил баённома билан танишишга ва у ҳақда ўз мулоҳазаларини билдириш ҳуқуқига эга.

    Вояга етмаган гумон қилинувчини, айбланувчини сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффусни ҳисобга олмаганда олти соатдан ошмаслиги керак.

    Вояга етмаган гумон қилинувчини ёки айбланувчини сўроқ қилишда суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг ихтиёрига кўра ёхуд вояга етмаган гумон қилинувчи ёки айбланувчи ҳимоячисининг, қонуний вакилининг илтимосига биноан педагог ва (ёки) психолог иштирок этиши мумкин. Педагогнинг ва (ёки) психологнинг иштирокини таъминлаш жиноят ишини юритаётган суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг зиммасига юклатилади.

    Вояга етмаган айбланувчига нисбатан эҳтиёт чоралари қўлланилгани тўғрисида унинг қонуний вакилига, агар бундай вакил бўлмаса, бошқа қариндошларига хабар қилинади.

    Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш ёки уй қамоғи вояга етмаган шахсга нисбатан фақат ушбу Кодекснинг 236-моддасида назарда тутилган асослар бўлганда ва унга беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тайинланиши мумкин бўлган қасддан жиноят содир этганликда айб эълон қилинган ҳамда айбланувчининг муносиб хулқ-атворда бўлишини бошқа эҳтиёт чоралари таъминлай олмайдиган тақдирда қўлланилиши мумкин.

    Маълумот учун: Жиноят процессуал кодексининг 236-моддасига асосан Эҳтиёт чораси айбланувчи, судланувчи суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан бўйин товлашининг олдини олиш;

    унинг бундан буёнги жиноий фаолиятининг олдини олиш;

    унинг иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга халал берадиган уринишларига йўл қўймаслик;

    ҳукмнинг ижро этилишини таъминлаш мақсадида қўлланилади.

    Айбланувчи, судланувчи содир этган, Жиноят кодекси 15-моддасининг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган жиноятнинг хавфлилиги туфайли у суриштирувдан, дастлабки терговдан ва суддан яшириниши мумкин деган ўринли тахмин ҳам қамоқда сақлаш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асос бўлиши мумкин.

    Экспертиза ўтказиш учун тиббий муассасага жойлаштирилишини кутаётган шахсларга, шунингдек ақли норасолик ҳолатида ижтимоий хавфли қилмиш содир этган ёки жиноят содир этганидан кейин руҳий ҳолатининг бузилиши юзага келган шахсларга нисбатан эҳтиёт чоралари уларнинг қочиб кетишининг ва бошқа ижтимоий хавфли қилмишлар содир этишининг олдини олиш, шунингдек тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ҳақидаги суд ажримининг ижросини таъминлаш мақсадида қўлланилиши мумкин.

    Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш қўлланилган вояга етмаган шахслар катта ёшдагилардан, шунингдек вояга етмаган маҳкумлардан алоҳида сақланиши лозим.

    Аббосхон Аъзамхонов,

    Фарғона вилоят адлия бошқармаси

    Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

    бўлими бошлиғи.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates