Жаҳон ҳамжамиятида Марказий Осиёнинг аҳамияти ва роли ошиб бормоқда. Мамлакатлар ўртасида иқтисодёт, савдо, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларда интеграцион жараёнлар жадаллашмоқда.
Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон минтақа миқёсида фаол ташқи сиёсат олиб бориб, қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантирмоқда.
Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясидаги нутқида, “Биз Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитни мустаҳкамлаб бормоқдамиз. Бизнинг асосий мақсадимиз – Марказий Осиёни фаровон ва барқарор ривожланаётган, ишонч ва дўстлик маконига айлантиришдир”, деб таъкидлаган эди. Қолаверса, жаҳон сиёсатшунослигида “Марказий Осиё руҳи” деган ибора пайдо бўлди. У минтақавий ҳамкорликнинг ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланганини ифода этади.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази фаолиятининг устувор йўналиши ва ўзаги Марказий Осиё мамлакатлари бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан ўзаро маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Марказ томонидан 2022 йилнинг 11 май санасида Тошкент шаҳрида “Халқ дипломатияси – тараққиёт йўлида ўзаро ҳамжиҳатлик” мавзусида ўтказилган форум давлатлараро ва минтақалараро алоқаларни, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш, цивилизациялараро мулоқотни, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида бугун, 14 апрель куни Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази, Конрад Аденауэр жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида “Халқ дипломатияси – Марказий Осиёда тинчлик, дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг муҳим омили” мавзусида минтақавий конференция ташкил этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қозоғистон Фуқаролик альянси, Қирғизистондаги ШҲТ маданий-интеграция маркази, Қирғизистон ёшлар конгресси, Тожикистондаги ШҲТ дўстлик ва ҳамкорлик маркази, Тожикистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Марказий Осиё мамлакатларининг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди.
Конференция давомида Марказий Осиё давлатларининг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлиги кўриб чиқилди, шунингдек, мамлакатлардаги халқ дипломатияси институтлари ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Aнжуман иштирокчилари, халқ дипломатияси илм-фан, маданият, санъат, таълим, туризм ва спорт каби соҳаларда кенг кўламли алоқаларни, маданиятлар мулоқотини йўлга қўйишга замин яратишини таъкидлади. Таниқли хорижий ва маҳаллий экспертлар бугунги мураккаб даврда бундай анжуманнинг ташкил этилиши Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик, ўзаро манфаатларга ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган муносабатларни ривожлантиришга хизмат қилишини эътироф этди. Шунингдек, минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиб бораётганида Ўзбекистон ташаббуслари муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди.
Марказий Осиё халқаро институти директори ўринбосари Ботир Турсунов, давлатлараро интеграцион жараёнларнинг жадаллашиши минтақада барқарор тараққиётга эришишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Шунингдек, минтақа давлатлари раҳбарларининг янги минтақавий сиёсати натижасида Марказий Осиёда янги ҳамкорлик муҳити шакллангани, бунга Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ёрқин мисол бўлишини қайд этди.
Ўзбекистонда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг учинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқидан иқтибос келтириб, шундай деди: “Биз фаол маданий-гуманитар мулоқотни давом эттириш, мамлакатларимизда маданият кунлари ва турли ижодий тадбирларни мунтазам ташкил этиш, таълим ва сайёҳлик соҳасидаги алмашувларни “халқ дипломатияси”нинг энг муҳим воситаси сифатида ривожлантириш тарафдоримиз”.
Шу билан бирга, минтақанинг халқаро муносабатларда ўрни тобора ортиб бораётгани, мамлакатлар Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш масалаларини фаол муҳокама қилаётгани, Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш ташаббусини илгари суриб, Евроосиёда янги турдаги муносабатларни шакллантиришга самарали ҳисса қўшаётганини таъкидлади.
Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси илмий ходими Азиз Татибаев, Марказий Осиёда минтақасида халқ дипломатияси икки даражада, минтақавий ва миллий кўринишда ривожланаётгани, халқаро ташкилотлар Марказий Осиёга йўналтирилган халқ дипломатиясида катта имкониятларга эга эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, жамғарма минтақа давлатлари билан халқ дипломатияси соҳасида самарали ҳамкорлик қилиб келаётганини, қўшма лойиҳалар амалга оширилаётганини қайд этди.
Тадбир якунида Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида миллатлараро тотувлик, ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро муносабатларда халқ дипломатияси механизмларидан кенг фойдаланиш масалалари бўйича экспертларнинг тавсиялари ишлаб чиқилди.
Бундан ташқари, миллий маданий марказлар, фуқоролик жамияти институтлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ўртасида алоқалар қамровини кенгайтириш, хорижлик ватандошлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.
Форум доирасида ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ва Қозоғистон Фуқаролик альянси, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.