Халқаро гуллар фестивали Наманганнинг "Ташриф қоғози"га айланмоқда

    Суҳбат 20 май 2023 6397

    21 май куни Наманганда 62-Халқаро гуллар фестивали очилади ва бир ой давом этади. Анъанавий байрам арафасида “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкатжон Абдураззоқов билан суҳбатлашди. Мазкур таҳлилий савол-жавоб ушбу марказий нашрнинг шу йил 20 май, 98-сонида чоп этилди.

    - Ҳурматли Шавкатжон Шокиржонович, айни кунларда Наманган 62-маротаба ўтказилаётган халқаро гуллар фестивали оғушида. Фурсатдан фойдаланиб, гўзаллик ва нафосат айёми арафасида кўпминг сонли “Янги Ўзбекистон” газетаси мухлислари учун бир неча саволлар билан сизга юзланмоқчимиз. Юртдошларимиз ва дунё аҳли Наманганни гуллар диёри сифатида яхши билишади. Албатта, мазкур эътирофга вилоятимиз ҳар жиҳатдан муносиб. Анъанавий гуллар байрамининг қисқача тарихига тўхталсангиз. Биламиз, байрамни ташкиллаштиришдаги ўзгаришлар Наманган шаҳрига раҳбарлик қилган даврингизга тўғри келади. Ўша йиллардаги таассуротларингиз билан ҳам ўртоқлашсангиз.

    - Раҳмат. Аввало, шуни таъкидлайманки, йиллар давомида ривожланиб, сайқаллашиб ва оммалашиб борган гулчилик биз, наманганликларнинг севимли қадриятига айланган. Мана, 62 йилдан буён гуллар байрами ва фестивали Наманган шаҳрида жойлашган Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида эсда қоларли равишда ўтказиб келинмоқда ва шонли тарихга муҳрланяпти.

    Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги оғир шароитда ҳам Наманган гулчилари кўчатларни сақлаб қолиш ҳаракатида бўлишган. 1945 йили 200 минг туп, 1955 йили 400 минг туп, 1957 йили 500 минг туп турли навдаги гул кўчатлари экилган. 1961 йили баҳорда очилган хиёбонни кўкаламзорлаштиришда боғ гулчилари камарбаста бўлишган. Наманган шаҳри раҳбарлари – Зоҳиджон Йўлдошев (горком котиби), Мелихон Иброҳимова (шаҳар ижроқўм раиси), айнан 1961 йили шаҳар партия қўмитаси биринчи котиби этиб сайланган Турсунбой Рўзибоевлар гулчилар орзу-иродаси рўёби учун астойдил бел боғлашди. Улар ушбу маданият ва истироҳат боғини одамлар ҳордиқ чиқаришига мўлжалланган масканга айлантириш ҳаракатига тушдилар. Шу боис, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, 1956 йилда боғ директори лавозимига тайинланган Ҳошимжон Нурматовдан фикр сўрайдилар. У Ессентуки шаҳридаги гул байрами ҳақида гапиради.

    Шундай қилиб, байрам дастлаб “Гул виставкаси” тарзида йўлга қўйилади. Гуллар ерга экилмай, фақат туваклардагина намойиш қилинади. Вилоят газетасида эълонлар босилган. Боғ радиоузелида “Гул ва гуллар байрами” номли махсус эшиттиришлар қўйилган. 1961 йил 19 августда илк бор гуллар байрами ташкил этилган. Унда ҳаваскор гулчилардан 16 киши ва “Нур” комбинати, 2-пахта тозалаш заводи, “Пахталикўл” меҳнат-даволаш санаторийси, 2-вилоят (ҳозирги Гўзал шошилинч тез тиббий ёрдам) шифохонаси, 4-, 20-мактаблар ва бошқа ташкилотлар ўз гуллари билан иштирок этишади. Наманган шаҳар гул кўчатлари етиштирувчи корхонаси (питомник) 140 хилдаги гулни намойиш қилади. Ҳаваскор гулчи Нуриддин Ҳамдамов рассом Пўлат Жалилов чизган сурат асосида жонли гуллардан ясаган “Восток – 2” космик кемаси нусхаси гул ишқибозларини мафтун этади. Шаҳар марказий шифохонаси, энергокомбинат, 2-пахта тозалаш заводи, 3-мактаб, ёш техник ва натуралистлар станциясининг кўргазмалари шуҳрат қозонган.

    1965 йил 15 май санасида “Атиргул байрами” ўтказилган. Ўттиздан ортиқ атиргул навлари мавжуд эканлиги кўрсатилган. Тадбирда 44 та ташкилот ва корхона ўз гуллари билан қатнашган. Боғдаги гулхоналарнинг умумий майдони 3,5 гектардан иборат бўлиб, 100 минг тупдан ортиқ гул кўчати парваришланган. Юз ёшдан ўтган чинор, қайрағоч, тикандарахт (глейдичия), Россиядан келтирилиб, мослаштирилган совун дарахти, ўн туп бундук, юз туп ленкоран, акация (асл ватани Хитой), оқ заранг (кленсеребристий) каби дарахтларнинг гуркираб ўсганлиги ўша пайтдаги боғбонлар меҳнати мевасидир. 1967 йили Давлатобод туманида кўп қаватли уйлар қурилади, янги очилган “Дўстлик” (ҳозирги Ислом Каримов) шоҳкўчасида аврли шойи газламалар комбинатидан то шаҳар марказидаги боғгача етмишта “ГАЗ-21” автоуловида гуллар паради ўтказилади. Узоқ йиллар бир маромда кечди. 2004 йилдаги анъанавий гул байрами Ўзбекистон мустақиллигининг 13 йиллик тантаналарига боғланиб кетди. Наманган шаҳридаги 79 та маҳалла турли йўналишдаги ишларни бадиийлаштириб, “Маҳалла куни” доирасида тақдим этган.

    Муҳтарам Президентимиз 2017 йилда Наманган фаоллари билан учрашув чоғида ёшларга ва хотин-қизларга қарата гулчиликни такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар ва маслаҳатлар бериб, шу масалада ташаббус кўрсатишга чақирган эди. Бу эса гул байрами халқаро гуллар фестивали мақомига кўтарилишида муҳим омил бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг махсус қарори имзоланди. Байрамни ўтказишга доир ташкилий жиҳатдан туб бурилишга ҳисса қўшганимдан хурсандман. Байрамни гул экиш ва қарови учун ноқулай бўлган август ойидан майга кўчирдик. Гуллар билан безатилган автомашиналар карвонини тикладик. Фестиваль тарихига бағишланган музей очдик, эски суратлар асосида хотира-воқеаларни гавдалантирдик. Олис ўлкалардан келтирилган янги навдаги гулларни иқлимимизга мослаштириш, клонлаштириш ниятида Гулчилар ассоциациясини туздик. Наманган шаҳрига ҳоким бўлган давримда Туркияга хизмат сафари билан бориб, Истанбул шаҳрининг ободонлаштириш ва гулчиликда ландшафт дизайни тажрибасини ўрганиб қайтгандим. Бугун эса вилоят ҳокими сифатида гулчиликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш саъй-ҳаракатидан чарчамайман.

    - Қайд этганингиздек, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан гуллар байрами 2018 йилдан халқаро гуллар фестивали мақомини олди. Сўнгги беш йилда фестивалга тайёргарлик ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар сифат жиҳатидан кескин юқорилади. Шукуҳи ҳар қачонгидан баланд ва ўзгача бўлаётган бу галги фестивалга тараддуд миқёси қанча, қандай ишлар амалга оширилди?

    - Дарҳақиқат, Наманганда одат тусига кирган ва интиқлик билан кутиладиган гуллар фестивали жозибадорлиги туфайли маҳаллий ва хорижий сайёҳларни йилдан-йилга ўзига жалб этмоқда. 2018-2022 йилларда ўтказилган мазкур фестивални таҳлил қилсак, ҳар йили фестиваль доирасида янгидан-янги кўнгилочар дастурлар, туристик хизматлар сони ортаётгани ва бу орқали тегишли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг даромадлари ҳам ошаётганини кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, нафақат агротуризм, экотуризм, тиббиёт туризми, шоппинг туризм, гастротуризм ва MICE туризм ҳам ривожланаётгани, вилоятимизнинг моддий-номоддий маданий мерос объектларига сайёҳлар қизиқиши кучаяётгани сир эмас.

    Хусусан, 2022 йилнинг 22 май – 5 июнь кунлари 61-халқаро гуллар фестивалига жами 2 миллион 300 минг нафар маҳаллий ва 30 дан зиёд чет давлатдан 51 минг нафардан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрган. Хорижий меҳмонларнинг асосий қисмини Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Украина, Покистон, Хитой, Жанубий Корея, Шри-Ланка, Озарбайжон ва Белоруссия фуқаролари ташкил этган. Дания, Нигерия, Чехия, ЖАР, АҚШ, Англия ва Малайзия давлатларидан ҳам сайёҳлар иштироки кузатилган. Демак, 2021 йил давомида вилоятга ташриф буюрган жами 1 миллион 725 минг нафар сайёҳ сонига нисбатан 618 минг нафар кўп, яъни 36 фоизга ошган.

    61-халқаро гуллар фестивалида жами туристик хизматлар экспорти 18 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилги фестивалга 4 миллион нафар маҳаллий, 90 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этиш ва туристик хизматлар экспортини тахминан 110 миллион АҚШ долларига етказиш кўзда тутилган. Бу 1 триллион 200 миллиард сўмдан ошиқ даромад дегани. 2022 йилга нисбатан хорижий туристлар ташрифи 176 фоизга, маҳаллий туристлар 175 фоизга, туристик хизматлар экспорти эса 6 баробарга ошириш мақсад қилинган. Наманган шаҳри, Давлатобод тумани, Наманган тумани ва Янги Наманган туманида (гулчилар маҳалласи ва кўчаси билан қўшганда) юз мингга яқин профессионал ва ҳаваскор гулчилар, гулчи-тадбиркорлар гулчилик билан машғул. Икки юз нафар гулчи бултурги фестивалда етиштирган гуллар савдосидан ўн беш кун мобайнида 500 миллиард сўм фойда топишган. Бу йил икки баробар ошиши, шубҳасиз.

    Азалий анъанага содиқ қолиб, 62-халқаро гуллар фестивали хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг хоҳиш-қизиқишларини инобатга олган ҳолда 21 майда бошланиб, 21 июнга қадар давом этади. Илгари гуллар байрами икки-уч кун, фестивалга айлангач, беш-етти кун, ўтган йили икки ҳафта бўлди. Бу йил эса бир ой. Айни дамда қизғин ва пухта тайёргарлик ишлари тўлиқ якунига етди. Фестиваль вилоят марказидаги асосий тадбирлар бўладиган саккиз дарвозали, 16 гектарлик (6 гектари фестивални қамраган) Бобур боғидан ташқари, унга туташ “Адиблар хиёбони” ҳамда Наманган шаҳрининг Давлатобод туманида Осиёда ягона саналган замонавий “Афсоналар водийси” тематик боғи (25 фоиз қисми)да ҳам ўттиз кун ташкил этилади. Мазкур маданият ва истироҳат боғларига, шаҳар кўчалари ва хиёбонларга 300 турдаги 30 миллион туп гул, қирқ хил манзарали бута кўчатлари экилди. Яшнаб туриши учун томчилатиб суғориш анжомлари уланди. Голландия, Австралия, Франциядан келтирилган гуллар диққатингиз тортади. Баҳордан кузгача баҳри дилингизни очадиган сон-саноқсиз райҳон ва атиргулларга яна қайтдик. Бу бетакрор ўсимлик ва гулларимизни экишни шу йил анча жадаллаштирдик. Бир йил ичида 500 мингга яқин ноёб турдаги (Фарғона вилоятининг Қувасидан ҳам 300 минг дона келтирилган) камёб атиргулларни ўтқаздик. “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати ижросини чиройли уддаладик. Ўйлайманки, бу хушбўй атиргулзорлар ифори, фестиваль довруғи бутун оламга ёйилади.

    Минтақанинг ҳаво дарвозаси – Наманган халқаро аэропортидаёқ теварак-атроф кўзни қувонтиради. Икки улкан боғда 200 нафар маҳаллий гул етиштирувчи тадбиркорлар томонидан ранг-баранг композициялар тайёрланди. Ҳар бир гулнинг ўз ҳикояси бор. 13 та туман ва 70 ташкилот, корхона, муассаса ўзларига ажратилган жойларга ҳудудлари ва тизим ҳаётини ифодаловчи гуллар воситасида рамзий ансамбль яратишган. Маълумот ўрнида, ўтган йили олис туман Учқўрғонда халқаро фестивал доирасида 1-гуллар фестивали уюштирилди ва “Энг яхши туман” номинацияси ғолиблигига эришди. Энди эса қаторга Давлатобод тумани ҳам қўшилди.

    - Жорий йилги халқаро гуллар фестивали бир ой, яъни илк бор узоқ вақт давом этади. Табиийки, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қулайликлар ва янгиликлар қизиқтиради. Шу маънода, фестивалнинг олдингисидан афзаллик фарқлари нимада, қанча томошабин кутиб олинади, қайси хорижий мамлакатлардан меҳмонлар таклиф этилган? Ташриф буюрувчиларга қандай дастурлар ва туҳфалар ҳозирланган, ғолибларни тақдирлаш учун қанақа совғалар ажратилган, қанча маблағ сарфланган ва даромад келиши кутилмоқда?

    - Фарқи талайгина. Ҳар куни ва ҳар соатда бир-биридан зўр тадбирлар режалаштирилган. Хусусан, энг завқлиси ва чорловчиси 21 май куни эрталаб шаҳар кўчалари бўйлаб турфа гуллар билан ясатилган ҳар хил русумдаги 200 дан ортиқ автомобилдан иборат карвон юриши ва тантанали очилиш маросимидир. Ҳар оқшомда гала концерт ва мушакбозлик ва лазер шоулари уюштирилади. “Афсоналар водийси” боғида Ўзбекистон Миллий симфоник оркестрининг “очиқ осмон остида”ги концерти, халқаро IT форум, дрон шоу ва иллюзия шоуси, халқаро ҳунармандлар фестивали ва ярмаркалари, “Фарғона водийси модалар ҳафталиги – 2023”, “Ўзбек палови маданияти” вилоят чемпионати, Ўзбекистон-Россия қўл жангчилари ўртасида бешга-беш халқаро турнир, халқаро этноспорт фестивали, Бобур боғида эса ёш талантлар шоуси, таниқли аския ва кулгу усталари ижросида “Аския кечаси”, Ўзбекистон давлат филармонияси Фарғона, Тошкент, Андижон, Сирдарё вилоятларининг концерт дастурларини ташкиллаштириш, вилоят мусиқали драма театрида спектакллар намойиши белгиланган.

    “Истиқлол” кўчасида “Дунё таомлари Наманганда” гастрофестивали, назм ва наво кечалари (ретро тароналар, фольклор-бахшичилик, мушоиралар, кўрик-танловлар, “Заковат” интеллектуал баҳслари, халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари, икебана ва гулдаста усталари беллашуви, қушлар фестивали, “Muzqaymoq Party” дастури, ёш болалар учун иккала боғда алоҳида цирк, концерт, аниматорлар чиқиши бўлади. Эстрадамиз ёрқин қўшиқчилари, Ўзбекистон ва жаҳон юлдузларидан озарбайжонлик машҳур хонандалар Талиб Теле ва Зейнеб Ҳесенилар ҳамда туркиялик машҳур хонанда Рафет Эл Роман ташриф буюради. Бу ҳали ҳаммаси эмас, “сюрпризлар”га ва унутилмас лаҳзаларга бой бўлади. 22-23 май кунлари “Namangan Tech Summit” халқаро АйТи форуми “Namangan Tech Community” ва IT-Park ҳамкорлигида ўтказиладиган нуфузли форум рақамли технологиялар соҳаси мутахассислари, дунёнинг етакчи компаниялари моҳир дастурчилари, менежерлари ҳамда маҳаллий ёш истеъдодлар ва АйТи компаниялар вакилларини бир даврага жамлайди. Модалар ҳафталигида республикамиздан, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва бошқа давлатлардан тадбиркорлик субъектлари, либосчилар иштирок этишади. Ҳозиргача Япония, Покистон, Туркия, Хитой ва Ҳиндистондан гул шайдолари ўз маҳсулотлари билан фестивалда қатнашиш истагини билдиришди.

    2022 йилда вилоятимизга келган сайёҳларга хизмат кўрсатиш учун 2 минг нафар туристик хизматчилар жалб этилган. Бу сафар эса 4 минг нафардан ошиқ. Хорижий меҳмонларга муносиб шароитлар яратиш мақсадида вилоятдаги олий таълим муассасалари (Наманган давлат университети, Наманган чет тиллари институти ва Турон халқаро университети) ҳамда Наманган Шарқ тиллари ва хизмат кўрсатиш техникумининг туризм соҳасида таълим олаётган битирувчи босқич талабаларидан иборат 150 нафар волонтёрлар гуруҳи шакллантирилди. Улар хизмат кўрсатиш бўйича мастер-классларда ўқитилди. Кўнгилли таржимонлар еттита тилда эркин мулоқот қуриб, гидлик вазифасини бажаришади.

    Шунингдек, халқаро фестивалга хорижий туристларни жалб қилиш ҳамда иштирокини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасининг Ташқи ишлар вазирлиги орқали 33 та мамлакат элчихона ва дипломатик корпуслари, 9 та биродар шаҳарлар делегациялари ҳамда 54 та йирик хорижий корхоналар таъсисчилари ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилди. Жумладан, “Azerbaijan Flower Producers”, “Korea Flower Association”, “Royal Union of Belgian Florists” сингари 15 та халқаро гулчилар уюшмаси ва йирик гулчилик ташкилотларига таклиф хатлари юборилиб, кўргазмалари билан қатнашишларини таъминлаш чоралари кўрилди. Наманганда янги туризм соҳаларини яратиш ва ривожлантириш мақсадида ҳамкорлик олиб борилаётган чет эл ташкилотлари – “Жаҳон банки”, Германиянинг “GIZ”, Малайзиянинг Сабаҳ штатидаги йирик туризм корхоналари, “Keios” ва “The Journey”, UNESCO ва БМТ каби хорижий ташкилотлар вакиллари чақирилди.

    Очиғи, сервис хизматлари мақтанадиган ҳолда эмасди. Беш-олти йил бурун Наманган шаҳрида атиги тўрт-бешта меҳмонхона мавжуд эди. Ҳозир улар сони 25 тага етди. Яна 54 оилавий меҳмон уйи сайёҳларни қабул қилишга шай. Шаҳарга чегарадош туманлардаги меҳмонхоналарни ҳам қўшганда бир ойда 150 минг нафар кишини сиғдириш қувватига эга. Ишонасизми, аксарият чет элликлар масофадан туриб, аввалдан меҳмонхоналарни банд этишмоқда. Йўллардаги машиналар ҳаракатини ҳам тартибга солишга оид муаммога ечим изладик. Иккита торроқ кўчада йўналиш бир тарафлама қилинди. Боғ яқинидаги битта кўча автотураргоҳ учун ёпилади ва ноқулайлик, тирбандликнинг олди олинади. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали муаммоли жараёнларни, хабарларни мунтазам кузатаман. Тарғиботни кучайтириляпти, яъни фестиваль муносабати билан самолёт ва поездга қўшимча рейслар қўйишимиз мумкин. Фестиваль кунлари боғ ҳар суткада ўртача 100 минг кишини қабул қилиши кутилмоқда. Мўъжазгина ўриндиқлар, айвончалар, селфи ҳудуди туну кун меҳмонлар ихтиёрида.

    Жами сарфланадиган 50 миллиард сўм маблағнинг 3 миллиард сўми маданий тадбирлар учун, 1,2 миллиард сўми транспорт, умумий овқатланиш, савдо ва меҳмонхона хизматлари учун, 500 миллион сўм инфратузилма учун, 1,8 миллиард сўми янгидан экиладиган гул кўчатларига йўналтирилди. Ландшафт дизайни асосида Бобур боғининг 10 гектар жойига 16 миллион, шаҳар бўйлаб эса ерга 30 миллион дона гул қадалган. Фестиваль якунлари бўйича ғолибларни тақдирлаш учун махсус номинацияларга қимматбаҳо совғалар, фахрли ўринларга пул мукофотлари ва олий ўринларга автомобиллар ажратилган ва совринлар 21 июнь, якшанба куни тантанали ёпилиш маросимида ўз эгаларига топширилади.

    - Дастлаб маданий дам олиш учун уюштирилган гуллар байрами энди чинакам гуллар фестивали даражасида нишонланяпти. Айтинг-чи, гулчилар, гул ишқибозларию гулчи-тадбиркорлар томонидан санъат ва саноат уйғунлаштирилаётган йирик тадбирни беш йилдан сўнг қандай тасаввур этасиз?

    - Жуда ўринли савол. Ўтмишга назар ташласак, беш-олти йил муқаддам гуллар байрамини бугунгидек халқаро даражада ўтказиш, вилоятга шунча хорижий ва маҳаллий сайёҳлар оқимини жалб этиш, туристик хизматлар экспортини кўпайтириш, умуман олганда, катта кўламда ташкиллаштиришни тасаввур қилиш қийин эди. Муҳтарам Президентимизнинг шахсий ташаббуси ва кўрсатмалари билан мамлакатимизда туризмга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун гувоҳи бўлиб турибмизки, вилоятимиз ташриф қоғози ҳисобланган халқаро гуллар фестивали ҳам кўтаринки кайфиятда, юқори савияда уюштириляпти.

    Дарвоқе, Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак туманини ободонлаштиришга, гуллар экишга Наманган вилоятида етиштирилган 400 минг тупдан ортиқ гуллар қорақалпоқ заминига элтиб, наманганлик гулчилар томонидан замонавий дизайнга мувофиқ диққатга сазовор жойларга экилмоқда. 2022 йилда Самарқандда бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига тадорик кўришда шаҳар кўчаларига гул ўтқазишда Наманган тажрибаси қўллангани бизда фахр уйғотади. Гул билан шуғулланиш аҳолининг тирикчилик манбаи, маҳаллаларнинг ўсиш нуқтаси бўлишга улгурган. Мавсумда 1,5 минг аёл гул экишга жалб қилинди. Ўз навбатида иш ҳақи, солиқ (давлат бюджетига) тушуми ва бандлик масаласи ҳал этиляпти. Гулчилар, гулчи-тадбиркорлар гул сотувидан орттириб, уй қуришяпти, тўй қилишяпти, фарзандини олийгоҳларда ўқитяпти.

    Ҳа, ажойиб ва ўхшаши йўқ, иқтисодий-инвестициявий имкониятлар мужассамлашган бренд-фестиваль баҳона меҳмондўст Наманган вилоятини бутун дунёга танитиш имконияти мавжуд. Вилоятимиз туризм салоҳиятини ва ижобий имиджини юксалтиришда алоҳида аҳамиятга эга. Бу йилги халқаро фестивалда 200 дан ортиқ маҳаллий ва ўндан зиёд хорижий давлатларнинг гул шинавандаларию гулчи-тадбиркорларининг ўз маҳсулотлари билан ташрифи кутилаётган бўлса, беш йилдан кейин нафақат Наманган шаҳри, балки бутун вилоят бўйлаб ҳамда 40 га яқин чет эл гулчи-тадбиркорлари ўз композициялари билан иштирок этади. Хорижий сайёҳларнинг фестивалга ташрифи эса яқин истиқболда 500-600 минг, яъни ярим миллион нафарни ташкил этади, дея бемалол ва баралла айтишим мумкин.

    Сўзим охирида барча ватандошларимизни, гулга меҳр-муҳаббат қўйган бутунжаҳон аҳлини Намангандаги гуллар сайлига ва табиат шодиёнасига, эстетик завқдан баҳраманд бўлишга чорлаб қоламан. Ўзбекистон халқ шоири, ҳамюртимиз Ҳабиб Саъдулла ёзганидек, ростдан ҳам "Катта тўйхонага ўхшар Наманган"! 21 май, соат 10:00 да Нодирабегим номидаги вилоят кутубхонаси рўпарасидаги дарвоза олдида бошланадиган халқаро гуллар фестивалида учрашамиз, деган умиддаман.

    - Қимматли вақтингизни аямаганингиз ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Фестиваль аъло даражада ўтишига тилакдошмиз.

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг Наманган вилояти бўйича мухбири Орифжон ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.

    Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган суратлар.

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates