Халқаро кузатувчи сайловчиларнинг аксариятини хотин-қизлар ва ёшлар ташкил этганини алоҳида эътироф этди

    Сайлов 10 июл 2023 1709

    Жорий йил 10 июлда Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Д. Ташмухамедова Австрия Парламенти Миллий кенгаши депутати, “Австрия – Марказий Осиё” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Эва Эрнст-Дзедзич билан учрашди.

    Учрашувда 9 июлда муддатидан илгари бўлиб ўтган Президент сайлови жараёнлари қизғин муҳокама этилди. Ўз навбатида, Эва Эрнст-Дзедзич мамлакатимизда Президент сайлови муваффақиятли ўтганини қайд этиб, овоз бериш куни у Самарқанд вилояти ва Тошкент шаҳридаги сайлов участкаларида бўлганини, сайловчиларнинг кўплигини, уларнинг аксариятини хотин-қизлар ва ёшлар ташкил этганини алоҳида эътироф этди.

    Д. Ташмухамедова Эва Эрнст-Дзедзичга Ўзбекистонда Президент сайловида халқаро кузатувчи сифатида фаол иштирок этгани учун миннатдорлик билдириб, кейинги йилларда ўзаро ҳурмат ва дўстликка асосланган Ўзбекистон-Австрия муносабатлари ижобий динамика намоён этаётганини таъкидлади.

    Учрашувда томонлар парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, таълим, иқтисодиёт, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.