Халқаро тижорат арбитражини ривожлантириш — давр талаби

    Арбитраж тарафларга катта эркинлик бериш билан бирга, низоларни ҳал этиш жараёни устидан назорат қилиш имкониятини ҳам тақдим этади. Бу, айниқса, халқаро тижорат арбитражида муҳим омил саналади.

    2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, юртимизда ҳуқуқ устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, бизнес юритиш шароитларини яхшилаш ва инвестициявий жозибадорликни оширишга доир муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги фуқаролар, тадбиркорлар, хорижий инвестор ва Ўзбекистон билан савдоиқтисодий ҳамкорликка киришувчи шахслар учун вужудга келиши мумкин бўлган низоларни ўзларига қулай усулда ҳал этиш имкониятини яратади.

    Халқаро тижорат арбитражи ана шундай воситалардан бири ҳисобланади.

    Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонуни ушбу соҳани мамлакатимизда ривожлантиришда ҳуқуқий асос бўлмоқда. Шу ўринда халқаро арбитраж мазмун-моҳиятини англаш муҳим. Халқаро арбитраж нодавлат суди бўлиб, халқаро тижорий низоларни махсус ҳакамлик суди воситасида ҳал этишни англатади. Бунда тарафлар ўртадаги низоларни ўз хоҳишларига кўра, мустақил ва эркин бўлган ташкилот орқали ҳал қилиш имконига эга бўлади. Низоли ишни кўриб чиқувчи ва қарор қабул қилувчи арбитр (ҳакам)лар, одатда, бир ёки уч кишидан иборат таркибда фаолият юритади ҳамда низолашувчи тарафлар томонидан танланади.

    Тарафлар арбитраж муҳокамасини халқаро арбитраж институти ёки ҳеч қандай муассаса иштирок этмайдиган ad hoc (бир марталик арбитраж) тарзида ташкил этишлари мумкин.

    Низо доирасида қўлланиладиган қоидалар арбитраж институти ёки тарафлар танлаган бошқа қоидалардан иборат бўлиши мумкин. Тарафлар арбитрлар ва қоидалардан ташқари, арбитраж муҳокамаси ўтадиган жой ва тилни ҳам танлаш ваколатига эга.

    Арбитраж тарафларга катта эркинлик бериш билан бирга, низоларни ҳал этиш жараёни устидан назорат қилиш имкониятини ҳам тақдим этади. Бу, айниқса, халқаро тижорат арбитражида муҳим омил саналади. Чунки бир тараф иккинчи томоннинг суд тизими талабларини билмаслиги, пировардида бошқа тараф устунликка эга бўлиши мумкин. Халқаро арбитраж бетараф форумни таклиф этади ва унда арбитр ҳамда тарафлар низони ҳал этишда фақат адолат билан ёндашади. Бундан ташқари, низоларни ҳал қилиш жараёнини тарафлар манфаатларига мувофиқлаштира олиши мумкинлиги, унинг мослашувчанлиги ва низо предмети юзасидан чуқур билимга эга бўлган ҳар қандай мутахассисни арбитр сифатида танлаш имконияти мавжудлиги арбитраж жозибадорлигининг ошишига хизмат қилади. Иш юритувининг сир сақланиши эса низоли тарафларнинг номи, тижорат сири ва обрў-эътиборига зиён етказмайди.

    Юридик, тижорат, молиявий ёки бошқа соҳа бўйича маҳаллий ёки хорижий мутахассис арбитр сифатида танланиши, халқаро экспертлар жалб қилиш мумкинлиги, халқаро арбитраж қарори якуний характерда бўлиши ва уни дунё миқёсида ижроси таъминланиши имконияти мавжудлиги ҳам ана шундай афзалликлар сирасига киради.

    Мазкур афзалликлар бугунги кунда халқаро тижорат арбитражи нуфузини оширяпти, кўплаб халқаро бизнес операциялари доирасидаги низоларни ҳал қилишда ундан фойдаланилмоқда. Маълумотлар бугунги кунда йирик низоларнинг 80 фоизи халқаро тижорат арбитражларида кўриб чиқилаётганини кўрсатмоқда. Масалан, Қиролича Мария номидаги Лондон университети White & Case халқаро юридик компанияси билан биргаликда ўтказган тадқиқотида сўралганларнинг 97 фоизи сўнгги йилларда халқаро тижорат арбитражи низоларни ҳал қилишнинг асосий воситасига айланганини таъкидлаган.

    Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонуни БМТ Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссияси томонидан тайёрланган. У барча халқаро талабларга мос келади. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизда халқаро тижорат арбитражи фаолиятининг ҳуқуқий асоси мавжудлигини англатиб, уни ривожлантириш имкониятини яратади. Биринчидан, Ўзбекистонда халқаро амалиёт ва талабларга жавоб берадиган, мустақил ва холис халқаро арбитражнинг фаолият юритиши ҳам маҳаллий, ҳам хорижий тадбиркорлик субъектлари учун қўшимча кафолат бўлиб хизмат қилади. Бунинг натижасида маҳаллий бизнес юритиш муҳити ҳамда мамлакатимиз инвестициявий жозибадорлиги ошади.

    Иккинчидан, машҳур халқаро тижорат арбитраж институтларининг Ўзбекистонга кириб келиши ва фаолият юритиши мамлакатимизга хорижий инвесторлар қизиқиши ортишига хизмат қилади.

    Учинчидан, халқаро тижорат арбитражи миллий иқтисодиётга қўшимча хорижий маблағлар кириб келишига сабаб бўлади. Чунки низони ҳал қилиш учун муайян тўловлар амалга оширилади, юртимизга хориждан арбитрлар, тарафларнинг юристлари ва адвокатлар жалб этилади, уларга хизмат ҳақи тўланади, таклиф этилганлар, табиийки, меҳмонхоналарда истиқомат қилади, овқатланади, тарихий жойларни бориб кўришлари мумкин, совға-саломлар сотиб олади.

    Тўртинчидан, миллий ҳуқуқшунослик соҳаси ривожига таъсир кўрсатади, жумладан, халқаро юридик компаниялар кириб келади, халқаро талабларга жавоб берадиган ҳуқуқшуносларга эҳтиёж ортади, ҳуқуқни қўллаш жараёнига халқаро тажриба ва амалиёт жорий этилади. Қолаверса, айни пайтда, Ўзбекистонни Марказий Осиё ва МДҲда халқаро тижорат низоларини ҳал этиш марказига айлантириш учун барча имконият мавжуд. Ўзбекистоннинг жуғрофий ўрни қулайлиги, Буюк ипак йўлида жойлашгани, барча ривожланган мамлакатлар билан авиақатновлар йўлга қўйилгани, замонавий меҳмонхона ва инфратузилманинг мавжудлиги, шунингдек, мамлакатимизнинг бетакрор иқлими, қадимий обидалари, миллий урф-одат, анъаналари, туристик салоҳияти, ширин таом, мева ва сабзавотларининг машҳурлиги арбитрларни жалб этиш, низоларни айнан шу ҳудудда ҳал этиш имкониятини оширади.

    Исломбек РУСТАМБЕКОВ,

    Тошкент давлат юридик университети проректори,

    юридик фанлар доктори, профессор, халқаро арбитр

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates