Унда дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакатларидан 2400 дан зиёд иштирокчилар ўз маҳсулотларини, жумладан, 200 кв.м. дан ортиқ саҳнда мамлакатимизнинг 15 та йирик тўқимачилик корхоналари ўзларининг янги эксклюзив коллекцияларини намойиш этдилар.
Кўргазма давомида Ўзбекистоннинг Германиядаги дипломатия ваколатхоналари кўмагида «b2b» шаклида учрашувлар ташкил қилинди.
Жумладан, Германиялик тадбиркорлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини харид қилишдан манфаатдор эканликларини билдиришди. Европа бозорларида Ўзбекистон маҳсулотларига бўлган талаб жадал сураътда ўсиб бораётганлиги боис германиялик ҳамкорлар тўқимачилик соҳасида ўзбек ишлаб чиқарувчиларига нафақат Германия бозорида, балки Европанинг бошқа бозорларига чиқишларига кўма кўрсатишга тайёр эканликларини маълум қилишди.
Шу билан бирга, Германия тадбиркорлари йирик тўқимачилик корхоналари ва ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилишдан манфаатдор бўлган компания раҳбарлари иштирокида ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини муҳокама қилиш учун ўзбекистонлик тадбиркорларни Германияга таклиф қилишга ҳам тайёр эканликларини билдиришди.
Тадбир доирасида Мисрнинг «Arab Novelties» компанияси таъсисчиси ва бош директори иштирокида мамлакатимизнинг тўқимачилик корхоналари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. Музокаралар чоғида Миср томонига Ўзбекистондаги сармоявий муҳит, тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Натижада Миср томони Ўзбекистоннинг инвестиция лойиҳаларида иштирок этиш ниятида эканлигини билдирди. Шундан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиздаги «Yantex» компанияси хориж томонини қизиқтирган инвестиция лойиҳасини таклиф қилди.
Шу билан бирга, франциялик тадбиркор ўз юртида маҳаллий компания «Samarqand Evro Asia Textile»нинг расмий диллерлик мақомига эга бўлган савдо уйини очиш ниятида эканлиги маълум қилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашларича, мазкур кўргазма мамлакатимиз тўқимачилик корхоналарига нафақат Германия, балки Польша, Италия, Португалия, Буюк Британия, Туркия, Латвия каби мамлакатларга ҳам маҳсулот экспорт қилиш имконини берди.
Маҳаллий корхоналарнинг соҳадаги иштироки натижасида 30 млн. доллардан зиёд миқдордаги экспорт шартномаларини имзолашга эришилди.