Халқни камбағаллаштираётган “Халқ банки” кредитлари ёхуд оқработликлар нимадан норози?

    50 сотих токзор олган фуқаро учун 18 миллион, 90 сотих учун 33 миллион сўмдан кредит расмийлаштирилиб, корпорацияларга ўтказиб берилган.

    Биламизки, бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад топишига кўмаклашиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада ҳудудларда йирик корхоналар, ишлаб чиқариш мажмуалари ишга туширилмоқда.

    Аҳолига имтиёзли кредитлар берилиб, турли йўналишларда тадбиркорлик қилиши учун имкониятлар берилмоқда. Аммо, афсуски, Қамаши туманидаги “Оқработ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бу борада қилинган ишлар негадир мақтовга арзирли эмас, балки ачинарли ҳолда. Бу борада ўрганиш давомида маҳалла аҳолисининг эътирозлари ўринли экани маълум бўлди.

    Тақдим этилган манбаларига кўра, 2020-йилда аҳолининг бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида Қамаши тумани “Оқработ” маҳалласи ҳудудидаги 450 гектар лалми майдонга токзор ташкил этишга ҳаракат бошланади. Яъники, беш кишидан иборат корпорация тузилиб, 450 гектар майдонда токзор барпо этиш мақсад қилинади. Боғни суғориш учун янги технология асосида хориждан томчилатиб суғориш ускуналари келтириб, ўрнатилади. Майдоннинг турли жойларида қудуқлар қазилиб, боғ сув тежамкорлиги технологияси усулида суғоришга имконият яратилади.

    Айтсам тилим, айтмасам дилим, деганларидек, токзорнинг бугунги аҳволини кўриб, рости, қилинган шунча харажат ва меҳнатга ачинмасдан илож йўқ. Каттагина майдон бўйлаб узумзорни қидирарканмиз, дастлаб кўзимиз каттагина янтоқзорга тушади. Синчиклаб кузатарканмиз, деярли барча жойга томчилатиб суғориш қувурлари ётқизиб чиқилган. Аммо, ток кўзга ташланмайди. Бори ҳам ҳали эндигина кўкаришни бошлаган. Хуллас, уч йил олдин экилган токлардан дарак йўқ.

    Маълум бўлишича, боғ ташкил этилгач, 50 сотих ва 90 сотихдан токзор шу атрофдаги “Оқработ”, “Гулшан”, “Каптархона”, “Равот” маҳаллалари фуқароларига ажратиб берилган. Бунинг натижасида 50 сотих токзор олган фуқаро учун 18 миллион, 90 сотих учун 33 миллион сўмдан кредит расмийлаштирилиб, корпорацияларга ўтказиб берилган. Кредит “Халқ банки” АТБ Қамаши филиали томонидан ажратилган. Аммо биз билан суҳбатлашган “Оқработ” маҳалласи одамларининг айтишича, кредит расмийлаштириб, боғ берганликларидан умуман хабари бўлишмаган.

    — Бу ҳудудда боғ ташкил этиш мақсадида 5 та корпорация ташкил этилган бўлиб, тўртта маҳалладан жами 695 нафар аъзосига киши бошига 18 ва 33 миллион сўмдан 14 фоизлик имтиёзли кредит ажратилган, — дейди Халқ банки АТБ Қамаши филиали раҳбари Холмурод Жабборов. — Умумий ҳисобда 16 миллиард сўмга яқин маблағ кредит боғ ташкил этиши учун ажратилган. Яъни, 695 нафар фуқаро номидан ажратилган кредит маблағлари бешта корпорацияга ўтказиб берилган. Корпорация масъуллари эса кўчат ва суғориш технологиялари олиб келиб, боғни ташкил этишиб, аҳолига белгиланган тартибда узумзорни бўлиб беришган. Бугунги кунда эса кредит қайтарилмаяпти.

    Айтишларича, асосан ишсиз, кам таъминланган, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ида рўйхатда турган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилган кредитлар берилишидан аввал кўпчиликка маълум қилинмаган.

    — 2020 йил икки фарзандим ОТМда контракт асосида таҳсил оларди, — дейди Гулчеҳра Аллаёрова. — Бир куни уй юмушларини қилиб тургандим, собиқ маҳалла раисимиз билан ўзини “Халқ банки” ходими дея таништирган киши келиб, қоғозларга қўл қўйиб беришимни сўрашди. Нима эканлигини сўрагандим, икки нафар фарзандингиз контрактга ўқиркан, имзо қўйиб берсангиз моддий ёрдам ажратиб берамиз, дейишди. Бундан мамнун ҳолда қоғоздаги кўрсатган жойларига қўл қўйиб бердим. Орадан бироз муддат ўтиб, қизимга таълим кредит олиш учун банкка борганимда, қизингиз номида кредит бор экан, қарзи бор экан, дейишди. Шундан сўнг ўзим, қизим ва ўғлим номига кредит берилганини билдим. Энг ёмон томони, бирор марта узумчилик ташкил этиш борасида, бизга боғ берилиши борасида тушунтирмасдан бу ишни қилиб юборишибди.

    — Менга ҳам билдирмасдан, ёрдам берамиз, деб шартномаларга қўл қўйдириб, кредит расмийлаштирган, — дейди Гулжаҳон Саъдиева. — Оиламиздан тўрт кишига кредит ажратишган экан. Ўғлим касб ўрганиш мақсадида Қарши шаҳридаги мономарказга борганди. У ердагилар эса сизнинг бандлигингиз таъминланган, деб айтишибди. Шундан сўнг, маълум бўлишича, оиламиздан тўрт кишига аллақачон кредит берилиб, расмийлаштириб юборилган экан. На пулдан, на боғдан хабаримиз бор.

    Ажабланарли томони, бу ҳолат бир ёки икки кишида эмас, балки кўп сонли аҳоли вакилларида бўлганлигини таъкидлашмоқда. Қизиқ томони, нега банк мутасаддилари кредит ҳақида аҳолидан сир тутишган? Ёки тушунтира олишмаган? Буёғи бизга қоронғу.

    — Узумзорнинг саксон гектари бизга тегишли, — дейди корпорация раҳбари Эркин Бобоқулов. — Боғ ташкил этилганидан бери бошимиз муаммодан чиқмай қолди. Ростини айтсам, корпорация сифатида таклиф қилишганида бир олам орзулар билан иш бошлагандим. Бугун эса фақат зарар билан ишлашга мажбур бўляпман. Ростини айтсам, ушбу боғни ташкил этиш лойиҳасини ҳам кўрмадим. Боиси, лойиҳа нотўғри тузилган. Биринчидан, ковланган қудуқлар сони кам бўлиб, ковланган қудуқлар ҳам етарлича сув билан таъминлаш имконини бермайди. Бундан ташқари, “қора кишмиш”нави деб экилган ниҳолларнинг кўпчилиги бошқа бўлиб чиқди. Шунинг натижасида кўзланган мақсадга эришилмади. Кўпгина ниҳоллар қуриб қолди. Ўтган йили яна экилди, сув бўлмагани боис булар ҳам қуриб қолди. Қолганлари ҳам совуқда нобуд бўлди.

    Менинг корпорациямга 125 нафар одам аъзо. Буларга тегишлича кредит ажратилиб, шу узумзордан фойдаланиб, келгусида оиласини тебратиш, даромад олиб камбағалликдан чиқариш эди. Аммо, аксинча бўлиб, одамларни фақатгина қарздор қилиб қўйишдан нарига ўтилмади. Ўтган йили бироз даромад олиш учун ток оралиғига пахта ҳам экдик. Лекин, фойда ўрнига зарар билан чиқдик. Мана, 2022-йил июнь ойидан бери электрдан қарздорлигимиз борлиги боис, токни узиб кетишган. Ўшандан бери сувдан ҳам фойдалана олмаяпмиз.

    Эътибор берган бўлсангиз, узумзор ташкил этилиши учун ўн олти миллиард сўм маблағ сарфланган. Энг қизиқ томони, барча сўмма бирор ташкилот ёки корхонанинг банк ҳисобидан эмас. Қишлоқнинг оддий ишсиз фуқаролари номига расмийлаштирилган кредит эвазига. Ажабланарлиси, фақатгина нималиги ҳам айтилмасдан, бир нафар кишига ҳаттоки уч-тўрт киши номидан имзо қўйдирилган ҳужжатлар эвазига 18 ва 33 миллион сўмдан маблағлар ажратилган. Ҳудуд аҳолисининг айтишича, баъзиларга ҳаттоки ўша номаълум қоғозларга имзо қўймасада, кредит ажратилган. Бугун эса улар дардини кимга айтишни билмасдан, ҳайратда. Ҳеч иккиланмасдан, кредитдан аҳолини қарзи бор, ишламагани учун даромад олмаган, шу сабаб тўламаяпти, дея таъкидлаётган “Халқ банки” АТБ Қамаши туман бўлими раҳбари, ходимлари, мутасаддилар аслида узумзорни ташкил этишдан мақсад одамларни камбағалликдан чиқариш учун қилинаётган ҳаракат эканлигини тушунтиришганида балки бу ҳолат бўлмасмиди?

    Акбар РАҲМОНОВ,

    “Янги Ўзбекистон» мухбири.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates