Хитой тажрибаси камбағалликка қарши курашда қўл келади

    Халқаро ҳамкорлик 24 феврал 2023 1017

    Хитойлик амалиётчи олимлар Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида маслаҳатчи бўлиб фаолият юритади.

    Мамлакатимизда камбағалликни бартараф этиш, кам таъминланган оилалар сонининг кўпайишига йўл қўймасликнинг самарали механизмларини яратиш масалаларини ҳал этиш устувор вазифа саналади.

    Таъкидлаш жоизки, Хитой камбағаллик устидан тўлиқ ғалаба қозонганлиги ҳақида эълон қилган биринчи мамлакат саналади.

    Бундай юксак самара жаҳон ҳамжамиятининг эътиборидан четда қолмади ва БМТ ҳамда қатор халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилди.

    Икки давлат ўртасида жадал ривожланаётган стратегик шериклик Хитойнинг бу борадаги илғор тажрибасини ўрганиш учун кенг имкониятлар беради.

    Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси кўмагида хитойлик олимлар Чжан Си ва Ван СяоЛиннинг мамлакатимизга ташрифи ташкил этилди.

    Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда ҳамкорликдаги ишларнинг устувор йўналишлари муҳокама этилди, деб хабар беради Камбағалликни қисқартиш ва бандлик вазирлиги матбуот хизмати.

    — Ўзбекистон ҳукумати камбағалликни камайтиришга қанчалик катта эътибор қаратаётганини қисқа вақт ичида ҳис қилдик ва биз белгиланган мақсадларга эришишда ёрдам беришга тайёрмиз, — деб таъкидлади Пекин педагогика университетининг Иқтисодиёт ва ресурсларни бошқариш институти профессори Чжан Си.

    Дастлабки босқичда мутахассислар ҳудудларга сафар қилиб, соҳадаги ишларнинг бугунги ҳолатини ўрганади. Таҳлил натижаларига кўра камбағалликни аниқлашнинг молиявий ва номолиявий мезонларини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

    Кейинчалик, илмий ёндашув асосида камбағалликдан чиқиш бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқилиб, улар вилоятлар, туманлар ва маҳаллалар миқёсида амалга оширилади.

    Шунингдек, ушбу дастурларнинг самарадорлигини мониторинг қилиш механизмини жорий етиш назарда тутилган.

    Ўқув дастурларини қайта кўриб чиқиш орқали касб-ҳунар таълими тизимини ўзгартиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу чора кадрлар тайёрлаш борасида ички ва ташқи меҳнат бозорида талабга эга бўлган замонавий билим ва кўникмаларни шакллантириш имконини беради.