Хонадонбай ишлаш тизими аҳолининг оғирини енгил  қилмоқда

    Фарғона вилояти Бувайда туманидаги аксар қишлоқларнинг иккита номи бор. Масалан, Шўр қишлоқнинг иккинчи номи “Кўрпачилар”, Оққўрғонники “Анжир қишлоқ”... “Тандир қишлоқ”нинг номи аслида “Гул”лигини унча-мунча ёши катталар ҳам билмайди. Аслида иккинчи ном қишлоқ аҳлининг қайси йўналишдан даромад топишини билдиради. Содда қилиб айтганда, ҳар бир қишлоқ ёки маҳалла маълум йўналишга “ихтисослашган”.

    Биз борган ҳудуд — “Тоғлиқ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси эса ҳар соҳада фаол. Шу боисми, кўчада бекор юрган инсонни учратмайсиз. Ҳамма ҳаракатда. Ҳеч ким нолишни ўзига эп кўрмайди. Қийналган аҳолига эса давлат ёрдам қўлини чўзиб турибди. Одамларнинг оёққа туриб олиши учун субсидия бериляпти, имтиёзли кредит ажратиляпти. Айниқса, аҳолининг эҳтиёжманд қатлами билан манзилли иш олиб бориш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган юртдошларимиз муаммоларини “хонадонбай” ҳал этиш орқали уларнинг ҳаёти ижобий ўзгаришларга юз тутмоқда.

    Тикув машинаси аёллар ўртасида соғлом рақобат уйғотди

    Инсон бор имкониятини ишга солса, ҳаётида нимадир ўзгарар экан. Қишлоғу маҳаллаларда юриб, бунинг исботини ҳар қадамда кўряпмиз. Ерига меҳр бериб, ундан самарали фойдаланаётганлар қанча?!

    Тоғлиқ маҳалласида яшовчи Шаҳноза Маҳкамова “Тоғлиқ”қа келин бўлиб тушганига 20 йилдан ошди.

    Биз ўзбек аёлининг қиёфасини шу хонадонда кўрдик. Ҳовли юзидаги кичкина жойда рангга кирган помидор эрта-индин пишади. Райҳон, жамбил, укроп, кашнич, саримсоқпиёз, пиёз — таом учун барча табиий витаминлар томорқада баравж ўсяпти. Тартиб билан юқорига тортилган бодринглар истеъмолга тайёр. Гилос шиғил мевага кирган. Катта гул тувакларга экилган лимонлар ҳам меваларини кўз-кўз қилади.

    Хуллас, Шаҳноза опа рўзғор ишидан ортиб, оилага қўшимча даромад келтиришни истарди. Маҳалла раисининг маслаҳати билан “Аёллар дафтари”га ва ўғиллари “Ёшлар дафтари”га киритилди.

    – Дастлаб бу дафтар қанақа дафтар экан, деб ҳайрон бўлдим. Яширмайман, ишқилиб биров билиб қолмасин деган андиша ҳам бўлди, —дейди Шаҳноза опа уялиб. – Кейин билсам, биз каби ишга муҳтож аёлларни иш билан таъминлаш учун шу тартибда имконият яратилган экан. Маҳалла ёрдами билан тикув машинаси олиш учун ҳужжат тайёрладим. Туман ҳокимлигидан вакиллар келиб, шароитимизни ўрганишди. Сўнг иккита тикув машинаси ажратилди. Биттаси – тўғри чок, иккинчиси – аверлок. Давлат томонидан ўқитишди, иш ўргатишди. Шундан сўнг ўзимга ишонч ҳосил қилгач, ёстиқ жилд тикишни бошладим. Ҳозир ярим тайёр маҳсулот олиб, шуни тикяпман. Рўзғоримизга фойдам тегаётгани сезилди. Ёнимга “Аёллар дафтари”даги бир қўшним ҳам қўшилди. Гаплашиб ўтириб, анча-мунча ёстиқ жилд тикиб қўйяпмиз. Ишимни кенгайтиришни ўйлаяпман. Чунки ёстиқ жилдга бозорда талаб бор.

    Ҳозир Шаҳноза опа ҳам, ўғли ҳам “дафтарлар”дан чиққан. Тикув машинаси сабаб маҳалла аёллари ҳаракатга тушиб қолди. Зулфия опа, Муяссар опа, Муҳайё опаларнинг бир оёғи шу ерда.

    — Уйда ўтириб ҳам пул топиш мумкинлигини кўриб, ҳатто бир қўшним астойдил иш ўрганди. Ўзи қўлда, қизи эски тикув машинасида ёстиқ жилд тикди, — дея ҳикоясини давом эттиради опа. — Ажратилган тикув машинаси ортидан маҳалладаги қанчадан-қанча аёлнинг ҳаёти ўзгарди. Кайфияти кўтарилди. Имкони борлар тикув машинаси сотиб олиб, иш бошлаяпти. Ҳамма тикиб, бозорга — харидорга етказяпти. Аввалгидай кўчада гап сотиб ўтириш йўқ. Иш билан бандмиз. Қолаверса, қўлимиз пул кўряпти. Яқинда “Аёллар дафтари”да эдим, ҳозир мени тадбиркор дейишяпти...

    Одам меҳнатдан қочмаса, мақсадга эришади

    Ёшлар — миллат, Ватан келажаги. Бугун уларга берилаётган эътибор эртага албатта натижа беради. Ёшларнинг билим олиши, ҳунар эгаллаши учун мамлакатимизда яратилаётган шарт-шароит ва имкониятлар замирида ҳам шу маъно бор. Давлатимиз раҳбарининг ёшлар тадбиркорлигига кенг йўл очиш, уларнинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари туфайли бугун улар маррани баланд оляпти. Боиси, Президент берган мотивация уларнинг ўзига бўлган ишончини орттиряпти.

    Тоғлиқлик ёш тадбиркор Исломжон Нишонов 27 ёшда. У 2014 йили устага шогирд тушди. Арра-ю ранда билан ишлашнинг ҳадисини олди. 2018 йили банкдан 20 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, мустақил иш бошлади. Устахонада шкаф, стол-стул, кресло-диван каби мебель жиҳозлари тайёрланади. Исломжон ўзи каби тўрт тенгдошини ҳам иш билан таъминлади. Бешта шогирдига ҳунар сирларини ўргатяпти. У тадбиркорликни бошлаган кезларини шундай эсга олади:

    – Дастлаб иш бошлаганимизда “Солиқ келиб тинч қўймайди ҳали” деган гаплар бўлди. Йўқ, ундай бўлмади. Қайтанга ҳамма бизни қўллаб-қувватлади. Маҳалла фаолларидан туман ҳокимигача ишонч билдириб турибди. Баъзан сектор раҳбари келиб қолади, худди сизларга ўхшаб. Биз хурсанд бўламиз. Эшигимиз кеча-ю кундуз очиқ. Гоҳ ишимизни кўришга келишади, гоҳ харидорлар эшик қоқади. Халқ корига яраётганимиздан хурсандмиз.

    Ҳали ёшмиз. Хорижда ишлаб келган юртдошларимиз билан гаплашиб, одам қаерда яшашидан қатъи назар меҳнатдан қочмасагина мақсадига эришиши, яхши яшашини тушундим...

    Исломжоннинг гапида жон бор. Дарҳақиқат, бугун меҳнат қилган одамнинг қорни тўқ, эгни бут.

    Соя-салқин далалар бўйлаб борарканмиз, майдон четидаги темир доскага ёзилган рўйхат эътиборимизни тортди. Маҳалла раиси ёрдамчиси Ёқубжон Жўраев саволимизни англади чоғи гап бошлади:

    – “Ёшлар дафтари”га киритилган 72 нафар йигит-қизнинг 45 нафарига 10 сотихдан ер ажратилди. Ерга картошка, қизил лавлаги экилди. Биринчи ҳосилни олишгач, ўрнига яна экин экишади. Бу орқали уларнинг бандлиги таъминланяпти. Ёшлар қилган меҳнатига яраша ҳадемай ҳосил кўтаради.

    Рўйхатда кимга қайси ер ажратилгани ёзилган. “Дафтар” кундан-кунга қисқариб боряпти. Икки нафар ёш “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан бепул ҳайдовчиликка ўқитиляпти. Навбатда яна 5 нафари турибди. Айримлари имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлигини йўлга қўйди.

    Ҳашар элни бирлаштиради

    Қишлоқ одамлари қуёшдан аввал уйғонади. Кун қуюқ теракзор оралаб қишлоққа ёйилгунча уй ишлари маромига етади. Кейин ҳамма ўз ишига кетади: деҳқон даласига, ишчи ишига.

    Бугун тонг саҳардан Тоғлиқ маҳалласи хонадонларида ҳашар бошланди. Саксон икки ёшли Чўлпоной ая пилла ҳашари баҳона маҳалла-кўй, қариндош-уруғни кўриб бир қувонса, барглар орасида кумушдек товланаётган пилла доналарига қараб кўнгли янада кўтарилди. Келини Салима опа қайнонасининг кайфияти чоғлигини кўриб хотиржам тортади.

    Кун тиккага келгунча ҳашар ниҳоялаб қолди. Салима опанинг кенжатой келини Шаҳодат ош дамлагунча оила боши Собир ака ўғиллари Шермуҳаммад ва Самандар билан пиллани туман марказига топшириб келди.

    – Болалигимиздан ипак қурти боқиб улғайдик. Ўқувчилик йилларимиз ҳам тонг саҳардан “барг”га кетардик, – дейди оила бекаси, пиллакор Салима опа.

    – Катталар ўз иши билан банд, биз эса тут териб ердик. Шу тариқа кўзимиз пишди. Бу йил “Ота макон” фермер хўжалигидан таклиф билан келишганида бажонидил қабул қилдик. Қайнонам – уста пиллакор. Барча ишга бош-қош бўлди. Ўзингизни уринтирманг, болалар билан эплаймиз, дейишимизга қарамай, тинмади. Меҳнатга яраша рағбат олдик. Уч қути ипак қурти эвазига 200 килога яқин пилла топширдик. Озиқ-овқат билан таъминлашди. Қолаверса, 4 миллион сўм пул олдик. Ўғлим ва икки келинимнинг меҳнат дафтарчасига бир йиллик иш стажи ёзилди. Ўтин ҳам фойдамизга.

    Ҳар бир оила тадбиркор

    Маҳаллада салкам 100 ёшни қаршилаган Ҳувайдо момо яшар экан. Кўпни кўрган онахонни зиёрат қилишга кирдик. Болалик хотираларини эслади. Бугунги кунидан шукроналик ҳисси билан тўлиб-тошиб яшаётган момо иссиқхонадан гап очди.

    – Маҳалламизда ҳар бир оила тадбиркор аслида, – деди кулиб момонинг ўғли Маҳмуд Деҳқонов. – 2018 йил Агробанкдан 15 миллион сўм кредит олиб, иссиқхона ташкил қилдик. Лимон кўчатлари экдик. Бу йил ҳисобидан кўриб турганингиз помидор ва бодринг кўчатлари учинчи ҳосилимиз. Бунгача икки марта кўкат экдик. Рўзғордан орттириб, бир йилда 30-40 миллион сўм даромад қиламиз.

    Маҳмуд аканинг даромади фақат иссиқхонадан эмас. Ҳовлидаги 20 уя асалари ҳамда парранда ҳам унга қўшимча иш. Куни кеча 600 та товуғини бозорга чиқарган тадбиркорнинг яна 100 га яқин паррандаси бор.

    Маҳмуд аканинг режалари бисёр. Қишлоқ четидаги ташландиқ ерни олиб обод қилмоқчи. 2000 та парранда ва қорамол боқишни йўлга қўймоқчи. “Бу орқали, албатта, ишчи ўрни яратаман”, дейди тадбиркор.

    Бугун Тоғлиқ маҳалласида ҳар бир хонадон ўзгаришлардан мамнун. Асфальт қилинган кўчалар, янги ўрнатилган баланд сув “минора”си, 3 та уй-боғча, маҳалла болалари учун қурилган 120 ўринли бошланғич мактаб биноси — ҳаммаси-ҳаммаси бугунги ўзгаришлар натижаси. Бир сўз билан айтганда, маҳалла ободликка юз тутди. Обод маҳаллада эса одамлар хурсанд. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Маҳалла обод бўлса — юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса — бутун жамият ўзгаради”.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates