Хоразм вилоятида янги қуёш электр станцияси ишга туширилади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилди.
Таъкидланишича, Жаҳон банки Ўзбекистон учун банк кафолати кўринишидаги 3,5 млн долларлик молиялаштиришни маъқуллади.
Ушбу кафолат «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ давлат компаниясининг қуввати 100 МВт бўлган янги қуёш электр станциясида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилиш бўйича тўлов мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини таъминлайди.
Хоразм вилоятидаги ушбу объектни қуриш ва эксплуатация қилиш билан Франциянинг «Вольталиа» компанияси шуғулланади.
Қуёш электр станциясини 2025 йил ноябрь ойида ишга тушириш режалаштирилган. У 177 гектар майдонда жойлашган бўлиб, йилига 240 гигаватт-соатдан ортиқ қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқаради.
Унинг фаолияти йилига 230 минг тоннадан ортиқ карбонат ангидрид чиқиндиларини камайтириш ва 60 мингга яқин уй хўжаликларини тоза энергия билан таъминлаш имконини бериши кутилмоқда.
Лойиҳа мамлакатнинг тоза энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва «яшил» иқтисодиётга ўтиш борасидаги саъй-ҳаракатларига салмоқли ҳисса қўшади.