Қайд этилишича, шу йилнинг 12 май куни соат 03:39да Хоразм вилояти ФВБга Боғот тумани “Юксалиш“ маҳалласи “Обод Ватан“ кўчаси 4-уйининг даҳлизининг тахминан 10 кв.м том қисми қулаб тушганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.
Мазкур ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқларда турли асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар, хусусан, ҳодиса жойига астероид тушгани ҳақида нотўғри хабарлар тарқалмоқда, — дейилади бошқарма муносабатида.
Қўшимча қилинишича, ҳодиса содир бўлган манзилда ИИБ ҳамда ФВБнинг махсус лаборатория хизматлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. Ўрганишлар давомида ҳодиса жойида ҳеч қандай фазо жисмлари ёки портлаш хусусиятига эга мосламаларнинг қолдиқлари аниқланмаган.
Шунингдек, ўрганишлар давомида хонадонда 2 та пропан газ баллонлари мавжудлиги аниқланган.
Ҳозирда ҳодиса юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳодисанинг келиб чиқиш сабабини аниқлаш мақсадида махсус экспертиза тайинланган. Экспертиза хулосасига асосан қўшимча маълумотлар берилади.
Мазкур ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.









