“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони лойиҳаси ҳамда амалий тадбирлар режаси лойиҳалари ишлаб чиқилиб, жамоатчилик муҳокамаси учун www.uzbekistan2030.uz веб-сайтига жойлаштирилди. Ушбу лойиҳалар жорий йилнинг 9 февраль кунига қадар кенг жамоатчилик ва экспертлик муҳокамаларидан ўтказилади.
Бу йилги фармон ҳамда амалий тадбирлар режаси лойиҳаларига кўра, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада кучайтириш мақсадида 2024 йил 1 мартдан бошлаб хотин-қизлар бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш,
касб-ҳунарга ўқитиш ва ўзини ўзи банд қилиш вазифалари белгиланган. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган:
Биринчидан, хотин-қизлар бандлик дастурини тасдиқлаш ҳамда дастур доирасида хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратиш белгиланган. Бунда хотин-қизлар бандлигини таъминлашнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини етарлича жорий қилиш, ишсиз хотин-қизларни касбга тайёрлаш ва уларнинг касб малакасини ошириш хотин-қизларнинг ишсизлик даражасини пасайишига олиб келувчи чора-тадбирларни белгилаб берадиган бандлик дастурини тасдиқлаш назарда тутилган. Ушбу бандлик дастурдан асосий мақсад хотин-қизларнинг кичик бизнес лойиҳаларига имтиёзли кредитлар ажратиш орқали уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш кўзланган.
Бу орқали хотин-қизларнинг турмуш тарзини яхшилаш ва уларни иқтисодий мустақилликка эришишларига, ўзини ўзи банд қилишларига эътибор қаратилган. Шу билан бирга, оила бюджети даромадларини ошириш, уй меҳнатидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш орқали ҳозирги кундаги долзарб муаммолардан бири бўлган ишсизликни камайтириш кўзланган.
Иккинчидан, ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар ҳунармандчилик марказлари ва кластерларини ташкил қилиш кўрсатилган. Бунда хотин-қизлар ўзларининг яшаш шароити, муҳити ҳамда яшаётган ҳудудининг ўзига хослигидан келиб чиққан ҳолда ҳунармандчиликни ўрганишади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 05.03.2021 йилдаги ПҚ-5020-сон “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида 2021 йил мобайнида ҳар бир ҳудудда асосан хотин-қизлар фаолият юритадиган ҳунармандчилик турларига ихтисослашган кластерлар фаолияти тажриба сифатида жорий этилган эди. Ушбу кластерлар қатор ҳудудларда тажриба сифатида фаолият юритгани ҳамда самарали натижалар берганини кўришимиз мумкин. Уларнинг афзал жиҳати шундаки, кластерлар ҳунарманд аёлларни хомашё билан таъминлайди ҳамда уларнинг қўл меҳнати билан яратган маҳсулотларини бозор нархида сотиб олади.
Ҳозирги кунда қўл меҳнати асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг нафақат ички бозорда, балки ташқи бозорда ҳам талабгорлигини эътиборга оладиган бўлсак, ҳунармандчилик орқали хотин-қизлар уйдан чиқмаган ҳолда, ортиқча сарсонгарчиликларсиз барқарор даромадга эга бўлишларини алоҳида таъкидлаш лозим. Шу билан бир қаторда, аёлларимиз фарзандлари тарбияси билан шуғуллана оладилар ҳамда уларни ҳам ушбу фаолиятга жалб қилиб бўш вақтларини самарали ўтказишларига ёрдам беради.
Учинчидан, хорижий мамлакатларда оғир вазиятга тушиб қолаётган ўзбекистонлик аёлларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш, хорижий дипломатик ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаш ва сайёр қабуллар ташкил этиш ҳамда муаммоларни бартараф этиш вазифаси назарда тутилган. Бу вазифани амалга ошириш учун чет элда юрган хотин-қизлар меҳнат муҳожирлари географияси ва рўйхатларини аниқлаш, аёллар билан онлайн давра суҳбатларини ўтказиб, муаммоларини аниқлаш, уларга хорижда ишлашнинг қонуний асослари ҳамда одам савдосига қарши курашишнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш каби амалий чора тадбирлар кўрсатилган.
Бу билан ҳозирги пайтда долзарб муаммолардан бири бўлган аёллар ноқонунй меҳнат миграцияси натижасида келиб чиқаётган оғир оқибатларни олдини олиш ҳамда бартараф этиш имконияти вужудга келади. Хотин-қизларимизнинг ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуий маданиятини ривожлантириш, уларни ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳорижда ҳам қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат муҳофазасига олиш ушбу вазифанинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.
Тўртинчидан, аёлларни тазйиқ ҳамда зўравонликнинг турли шаклларидан ҳимоялаш вазифаси ҳам кўзланган. Ушбу вазифани амалга оширишга доир чора-тадбирларда зўравонликка учраган хотин-қизларга тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда профессионал ёрдам кўрсатишнинг ягона тизимини ташкил қилиш регламентини тасдиқлаш ҳамда зўравонликдан азият чеккан аёлларни қўллаб-қувватлаш, шу жумладан бошпана (шелтер) ва реабилитация марказлари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш белгиланган.
Бу орқали зўравонликка учраб қийин аҳволга тушиб қолган аёлларга дастлабки тиббий, психологик, юридик, ижтимоий ёрдам бериш мақсад қилинган. Зўравонлик оқибатида бошпанасиз қолган аёлларни реабилитация марказларига жойлаштириб, юзага келиши мумкин бўлган оғир оқибатларни олдини олиш кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу аёлларни кейинчалик жамиятга қўшилиб, меҳнат фаолитиятини олиб боришлари ҳамда осойишта турмуш тарзи кечириб, фарзандлари тарбисида фаол иштирок этишларига замин яратишга эътибор қаратилган.
Бешинчидан, хотин-қизларни меҳнат бозорида рақобатбардош касб-ҳунарларга ўқитиш орқали бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ҳамда улар ўртасида тадбикорликни ривожлантириш вазифаси назарда тутилган. Ушбу вазифага эришиш учун 1. 85 минг нафар хотин-қизларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда 2. 90 минг нафар хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитишга доир амалий чора-тадбирлар белгиланган.
Бугунги ривожланаётган даврда хотин-қизларни рақобатбардош касб-ҳунарларга ўқитиш малакали ва етук аёл кадрларни кўпайтириш имконини беради. Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, хотин-қизлар салоҳиятидан янада кўпроқ фойдаланиш, истеъдодларини намоён этишига кўмаклашиш, касбий маҳоратларини ошириш давлатимиз ривожланишига, оилалар фаровонлигига хизмат қилади.
Олтинчидан, ёш хотин-қизларни тадбиркорлик, маркетинг, график-дизайн каби замонавий касбларга ўргатиш учун “Қизлар академияси” платформаси ишга тушриш ва бу орқали ёш хотин-қизлар учун турли танлов, лойиҳалар, ўқув оромгоҳлари, стажировкалар ташкил этиш белгиланган. Ҳозирги ахборот технологиялари ривожаланётган даврда ёш хотин-қизларимизни ҳам замонавий касбларга жалб қилиш давр талаби бўлмоқда. Ушбу платформа хотин-қизлар илм-фан, инновацион фаолиятнинг барча соҳаларида ўз билимларини ошириш, дунёқарашларини кенгайтиришлари, тажриба алмашишлари учун кенг имконият яратади.
Бугунги кунда билимларни янгилаб, касбий маҳоратларини ошириш, тажриба алмашиш ҳар бир соҳа мутахассислари учун энг долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Айнан шундай платформаларнинг ташкил этилиши ёш хотин-қизларимиз учун янги билимларни олишлари, шунингдек соҳаларига доир турли танловларда иштирок этиб, қобилиятларини рўёбга чиқаришларига, нуфузли ташкилотларда стажировка ўташлари ва кейинчалик ишга жойлашишларига имкон беради.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, аёллар нафақат оила равнақи ҳамда фарзандлар тарбияси билан машғул она ва уй бекаси бўлиши, балки жамият ҳаётида ҳам ўз ўрнига эга бўлишлари, турли соҳаларда юксак муваффақиятларга эришишлари мумкин.
Инобат Хакимова,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси