Ховослик аёл томорқасида ноёб павловния дарахтларини ўстиряпти

    Агросектор 27 июл 2022 3979

    Сирдарё вилояти Ховос тумани «Қорақум» маҳалласида тадбиркор аёл ўз томорқасида ноёб ўсимликларнинг турларини парваришлаб ўстиряпти.

    Сирдарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси сурати

    Ховос тумани ҳокими ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Сабоҳат Бобоева маҳаллаларда «Менинг остонам гулзор» шиори остида ўтказилаётган ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида тумандаги «Қорақум» маҳалласида бўлди.

    Таъкидлаш жоизки, тадбиркор аёл Муқаддас Маҳматованинг ўз томорқасида қилаётган ишлари туманда кўчатчилик, боғдорчиликни ривожлантиришга қўшаётган улкан ҳиссаси таҳсинга лойиқ.

    — Маҳалламизда боғдорчилик ва кўчатчилик билан шуғулланувчи фуқароларимиз, хотин-қизларимиз кўпчиликни ташкил этади, — дейди «Қорақум» маҳалласи хотин-қизлар фаоли Барно Ҳамдамова. — Айниқса, Янги гузар кўчасида яшовчи Муқаддас опанинг томорқасидаги парвариши алоҳида эътибор ва масъулиятни талаб қиладиган павловния кўчатларининг гуркираб туриши диққатимни тортди. Бу ердаги 1 700 туп павловния дарахтларини кўрган кишининг кўзи қувнайди.

    Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Ўзбекистонда павловния етиштиришга қизиқувчилар сони ортиб боряпти. Чунки у шаҳарларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун ноёб дарахт бўлиб, 3 йилда вояга етиб, чиройли гуллайди. Павловния ниҳоятда тез ўсиши билан ажралиб туради ва бир йилда узунлиги 5 метргача етади.

    — Эшитишимча Павловния ёғочи дунё бозорида қарағай ёғочидан икки марта қиммат баҳоланар экан, — дейди Муқаддас опа. — Томорқамда бугунги кунда 1 700 туп павловния, 300 туп пайванд беҳи кўчатлари, 70 туп авангард кишмиш навли узум, 15 туп анор, 15 туп гилос, 20 туп олма кўчатларимнинг ривожи баравж. Бу йилдан томорқада қулупнай етиштиришни йўлга қўйишни ният қилиб кўчат экдим. Насиб қилса, янаги йили қулупнай ҳам ҳосилга киради, бола-чақамиз билан мазза қилиб еймиз, маҳалладошларимизга улашамиз. Деярли ҳамма қишлоқ хўжалик маҳсулотлари томорқамиздан чиқади. Эрта тонгдан кечгача қиладиган юмуш бор, ҳосилни терганингизда эса ҳамма чарчоқлар чиқиб кетади. Келгусида павловнияни катта-катта плантацияларда етиштиришни режалаштирганман.

    Гулчилик ва кўчатчиликда энг керакли бўлган маҳсулот – гумис тайёрлашнинг сир-асрорларини ўрганиб олган Муқаддас опанинг 10 тонна гумиси сотув учун тайёр. Таркибида чувалчанг, гўнг, ҳамда бошқа зарур озуқавий моддаларни сақловчи гумисга нафақат маҳаллий бозорда, балки қўшни давлатларда ҳам харидорлар кўп.

    Сирдарё вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates