Гап шундаки, айнан шу куни Президентимиз имзолаган қарор асосида Бухоро муҳандислик технология институти ҳамда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти бирлаштирилиб, Бухоро давлат техника университети расмий равишда ташкил этилди. Бу нафақат янги олий таълим муассасаси очилганидан, балки ҳудуднинг илмий, технологик ва иқтисодий тараққиёт йўлида янги босқичга кўтарилганидан далолат беради. Чунки, қарорда келтирилганидек, мазкур ўқув даргоҳи фаолияти Бухоро вилояти иқтисодиёт тармоқлари, жумладан, ишлаб чиқариш, муҳандислик, нефть ва газ, транспорт ҳамда логистика соҳалари учун замонавий билим ва кўникмаларга эга олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, олий таълим ташкилотларининг мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида йўлга қўйилди.
Мамлакатимизда илмга, хусусан, муҳандислик ва техника йўналишига эътибор кейинги йилларда анча ортди. Ўтган йил 20 июнь куни муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз муҳандислик ва техника соҳаси бўйича олий таълим муассасалари фаолиятини таҳлил қилар экан, мавжуд муаммолар — инфратузилма етишмовчилиги, саноат билан илм-фан ўртасидаги узилиш, малакали кадрлар тайёрлашда мувофиқлик йўқлигини танқид қилиб, амалий ечимлар, қатъий топшириқлар, муҳим ташаббусларни илгари сурган эди. Натижада ҳар бир ҳудудда техника йўналишидаги олий таълим муассасаларини оптималлаштириш, бирлаштириш ва уларни кучли, марказлаштирилган илм-фан масканларига айлантириш вазифаси қўйилди. Бухоро давлат техника университети ҳам ана шу ташаббус маҳсули бўлди.
Ўқув даргоҳиимиз “яшил” ва инклюзив университет моделидир. Бу дегани, университет нафақат техник билимлар берувчи маскан, балки экологик барқарорлик, ижтимоий тенглик, замонавий энергия ечимлари, гендер тенглик ва рақамли трансформацияни илгари сурувчи илғор маскан сифатида шаклланмоқда.
Бу йўналишда аллақачон жиддий қадамлар қўйилмоқда. Хусусан, IТ ва муҳандислик инклюзив таълим маркази ташкил этилди. Келгусида бу ерда ёшлар, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари билим олишга жалб қилинади. Шунингдек, университетимизда Илғор муҳандислик мактаби ташкил этилди. Бу фақат назарий таълим эмас, балки реал ишлаб чиқариш муҳитига мослаштирилган, амалиёти кучли муҳандислар тайёрлаш учун яратилган махсус моделдир.
Илғор муҳандислик мактаби таркибида рақамли тадқиқотлар, илмий тадқиқот, нефть ва газ иши ҳамда нефт ва газ кимёси ва технологияси лабораториялари иш бошлади. Улар замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланиб, ишлаб чиқариш билан бевосита боғланган лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини беради. Лабораториялар саноат ҳамкоримиз — “Ўзбекнефтгаз” AЖ билан келишув бўйича жиҳозланган бўлса, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан ўқув-семинар хонаси тўлиқ таъмирланиб, амалий машғулотлар учун шароит яратилди.
Бугунги кунда университетимизда 18 мингдан ортиқ талаба, 500 нафарга яқин магистр, докторант ва қўшма таълим талабаси таҳсил олмоқда. Илмий салоҳият эса 54 фоизни ташкил этиб, 2025 йил охирига қадар 60 фоизга, кейинги йилларда эса 70 фоизга етказиш режалаштирилган. 2025 йилнинг ўзида 6 та фан доктори ва 47 та фалсафа доктори диссертацияларини ҳимоя қилди.
Бухоро давлат техника университети “Times Higher Education”да кучли мингталикка киришга даъвогар бўлмоқда, “QS Asia” рейтингларидан ўрин эгаллай бошлади. “Яшил университетлар” рейтингида 858-ўрин, Осиё рейтингида эса 900-ўринга чиқди.
Шунингдек, “Web of Science” ва “Scopus” базаларида 457 та илмий мақола чоп этилган бўлиб, уларнинг 334 таси индексацияланган. 14 нафар профессор-ўқитувчимизнинг H-индекс кўрсаткичи 5 ва ундан юқори.
Университетимизда айни пайтда 35 та патент, 98 та инновацион лойиҳа, 12 та амалий лойиҳа ҳамда 1 та фундаментал илмий лойиҳа бўйича ишланмоқда. 8,5 миллиард сўмлик стартап ва технологик лойиҳалар саноатга йўналтирилган. Уларнинг 137 таси тижоратлаштирилиб, 10,5 миллиард сўм жалб қилинди.
Ёш олимларимиз томонидан ишлаб чиқилган микрогидроэлектр станциялар Бухоро ва Ғиждувон туманларида муваффақиятли синовдан ўтказилди. Бу орқали йилига 7 минг мегаватт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилди. Беларусда бўлиб ўтган “Яшил Евроосиё” танловида университетимиз олимлари 250 минг долларлик грантни қўлга киритганини алоҳида фахр билан айтиш мумкин.
Жорий йилда олий даргоҳимизни 3 343 талаба битирди ва 94,5 фоизи ўз соҳаси бўйича иш билан таъминланган. Бу фақат диплом эмас, балки ҳақиқий карьера имконияти бераётган таълим тизимининг исботи.
“Карьера кунлари”, ҳокимликлар билан очиқ суҳбатлар, саноат корхоналарида амалиётлар ва индивидуал ёндашувлар орқали талабалар ишлаб чиқариш объектларига жалб қилинмоқда. Шунингдек, 207 профессор-ўқитувчимиз хорижий ва маҳаллий ташкилотларда илмий стажировкаларга юборилди.
Техника тараққиёти ҳар доим жамият тараққиётининг асоси бўлиб келган. Бухоро давлат техника университети эса технологик ривожланишнинг таянч нуқтасига айланмоқда. Ҳозирги босқичда университет томонидан қуйидаги йўналишларда катта ўзгаришлар қилинмоқда:
- халқаро грантлар ва инвестициялар жалб қилиш (2025 йилда 5,6 миллион доллардан ортиқ);
- дуал таълим тизимини ривожлантириш;
- саноат корхоналари билан ўзаро интеграция;
- замонавий ўқув методологияларини киритиш;
- инновацион стартаплар учун махсус платформалар яратиш.
Хулоса қиладиган бўлсак, Бухоро — келажак техникасининг марказига айланмоқда. Ҳар бир лаборатория, ҳар бир илмий лойиҳа, ҳар бир битирувчи —Ўзбекистон келажагига қўшилаётган реал ҳисса.
Президентимиз айтганидек, олий таълимда трансформация — бу фақат тузилма ўзгариши эмас, балки тафаккур, методология, мақсад ва натижалар ўзгаришидир. Университетиимиз айнан шундай трансформация сари илдам қадам ташламоқда. Бугун Бухородан ёнган илм-фан машъали эртага бутун мамлакатни технологик юксалиш сари бошлайди. Зеро, ҳар бир жамиятнинг келажаги ёшларнинг билимида, кучида ва салоҳиятидадир.
Садоқат СИДДИҚОВА,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори









