Тадбирда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган турли соҳа вакиллари, давлат ва жамият арбоблари, тадбиркорлар, олиму шоирлар, талаба-ёшларнинг ота-оналари меҳмон сифатида иштирок этишди.
Давлатимиз мадҳияси жаранги билан бошланган тадбирни институт ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича 1-проректори Шерзод Деҳқонов олийгоҳ ректори Ў.Р.Саломовнинг, талаба йигит-қизларга йўллаган самимий табригини ўқиб эшиттирди ва ёшларнинг келгусидаги барча ишларига омад ва зафарлар тилади.
Париж-2024 Олимпия ўйинлари «Олтин медаль» соҳиби Лазизбек Муллажонов сўзга чиқиб, Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги ва янги ўқув йилининг бошланиши билан барчани қизғин табриклаб, талабаларни янги ўқув йилида янги марралар, натижаларга эришишларида муваффақият тилади.
Тадбир давомида 2024/2025-ўқув йили бўйича қабул этилган 1-босқич талабаларининг орасидан тест синовларида энг юқори балл олган йигит-қизларга рамзий «Талабалик гувоҳномаси», «Синов дафтарчаси» ҳамда калит тантанали равишда топширилди.
Тадбир давомида Марғилон мусиқий-драма театри актёрлари томонидан тақдим этилган бадиий кўринишлар барча иштирокчилар қалбида ўзгача таассурот қолдирди.
Шундан сўнг, ҳар бир ўқув хоналарида «Мустақиллик дарси» ташкил этилди. 1-босқич талабалар учун олийгоҳнинг профессор-ўқитувчилари томонидан «Биринчи курс мактаби» тадбирлари бошланди.
Эслатиб ўтамиз, янги 2024-2025- ўқув йили учун Фарғона политехника институтига 5 минг нафарга яқин талабалар ўқишга қабул қилинди. Шундан, 4 300 нафар талаба тўлов шартномаси асосида (контракт),700 нафардан ортиқ талаба эса давлат гранти асосида таҳсил олишади. Шунингдек, таълим муассасамизга давлат имтиёзи билан ўқишга қабул қилинган талабалар сони 165 нафар бўлиб, шундан 68 нафари ногиронлиги бўлган шахсларни ташкил этади.