баннер
18 апр 2025
08:10

    Янги Ўзбекистон – дўстлик, бунёдкорлик ва ҳамжиҳатлик асосчиси

    Бугун халқларимиз учун ҳақиқатан ҳам катта ва узоқ кутилган байрам.

    Янги Ўзбекистон қандай давлат, деган саволга энг тўғри жавоб: ўз халқининг истиқболи ва фаровонлигини қўшнилари билан узвий ҳолда кўрувчи, минтақада инсон қадрининг барча нарсадан устунлигини таъминлаш борасида ортга қайтмас ислоҳотларни амалга ошириш ташаббусларини илгари сурувчи ва бу борада ўзи ҳар томонлама ўрнак бўладиган давлатдир.

    Янги Ўзбекистон минтақа тинчлиги тарафдори: муҳим чизгилар ва рақамлар

    2017-2024 йилларда жаҳондаги муаммоли масалаларни ўзаро келишган ҳолда ҳал этиш, ишонч инқирозига барҳам бериш, ўзаро ­иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилувчи таклифларни энг кўп илгари ­сурган давлат раҳбари айнан ­Президентимиз ­Шавкат ­Мирзиёевдир.

    Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдан бошланган ташқи сиёсий фаолият концепциясида Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш энг устувор вазифа этиб белгиланган. Хусусан, Президентимиз 2017-2024 йилларда минтақа мамлакатлари манфаати нуқтаи назаридан 260 га яқин муҳим ва долзарб таклиф ҳамда ташаббус, эзгу ғояларни илгари сурди. Уларни икки йўналишда таҳлил қилиш мумкин.

    Биринчи йўналишдан Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдо-сотиқ борасида енгилликлар жорий этиш, минтақада энергетика хавфсизлигини таъминлаш, логистик имкониятларни ошириш, илмий, маданий, санъат каби 20 дан зиёд истиқболли соҳада ҳамкорлик қилишга қаратилган 150 га яқин таклиф ва ташаббус ўрин олган.

    Иккинчи йўналиш бўйича минтақа давлатлари ва бошқа мамлакатлар ўртасида алоқалар ўрнатиш ва ривожлантириш, инвестиция жалб этиш, минтақанинг тарихий савдо маркази сифатидаги мақомини қайта тиклаш, маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш имкониятини ошириш, ҳудуддаги давлатларнинг муаммоларини ҳал этишда биргаликда ҳаракат қилишга қаратилган 110 га яқин таклиф билдирилган.

    2025 йилда Президентимизнинг жуда тиғиз фаолияти кун тартибидан минтақада тинчликни мустаҳкамлаш, турли соҳаларда минтақа давлатларидаги алоқаларни янада ривожлантиришга доир эзгу ташаббуслар ўрин олганини таъкидлаш керак.

    Давлатимиз раҳбари бугун минтақанинг жаҳон майдонидаги нуфузини янада ошириш ва мустаҳкамлаш, унинг замонавий дунёдаги “бошқаларда мавжуд бўлмаган имкониятлари”ни ишга солиш, минтақанинг иқтисодий, маданий, инвестициявий ва сайёҳлик жозибадорлигини ошириш борасида жуда улкан хизмат қилмоқда.

    Ўзбекистон — Тожикистон: ишончли дўст ва стратегик шериклар

    Тожик халқи — биродарларимиз. Тўй ва маросимларимиз, тадбирларимизда, албатта, биз уларникида, улар эса бизникида иштирок этади. Бу ўзаро яқинлик, дўстлик дейилади.

    Президентимизнинг Тожикистонга амалий ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда қатор ижобий жиҳатлари билан олдингиларидан ажралиб турди:

    биринчи ижобий жиҳати: ташрифнинг муборак Рамазон ҳайити вақтига тўғри келганидир. Дини ва эътиқоди бир бўлган халқлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашда самимий тилак ва ниятлар ижобат бўладиган вақт муҳим аҳамият касб этади;

    иккинчи ижобий жиҳати: ташриф давомида Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома кучга кирганидир. Бу тарихий улуғ ниятнинг қалблардан ­амалий майдонга кўчишини англатади. Ташқи ишлар вазирларининг ратификация ёрлиқларини алмашгани ҳам рамзий аҳамиятга эга бўлиб, иттифоқчи дўстлар ўртасидаги юксак ишончнинг ҳуқуқий ва сиёсий тимсолидир;

    учинчи ижобий жиҳати: 10 га яқин соҳада қўшма лойиҳаларни тезлаштириш бўйича давлат раҳбарлари ўзаро фикр алмашгани. Бунинг натижаси ўлароқ, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳалар бўйича ҳамкорлик янада жадаллашадиган бўлди;

    тўртинчи ижобий жиҳати: жаҳондаги муҳим масалалар бўйича иккала давлат раҳбарлари якдил позицияда экани юзасидан сиёсий бирлик яна бир бор тасдиқланди.

    Келинг, шу ўринда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорликка доир муҳим нуқта ва чизгиларни таҳлил қилсак:

    биринчи муҳим нуқта: ўзаро товар айирбошлашдаги эркинлик. Натижада 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш қиймати 700 миллион доллардан ошди;

    иккинчи муҳим нуқта: иқтисодий самарадорликка элтувчи кооперация лойиҳалари натижадорлиги.

    Бундай лойиҳалар, асосан, бешта муҳим соҳа ва тармоқда, жумладан, саноат, энергетика, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалигида муваффақиятли амалга оширилмоқда;

    учинчи муҳим нуқта: ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилгани. Президентимиз бу борада 2017-2024 йилларда жами 12 маротаба ҳудудлараро ҳамкорлик ўрнатиш, ҳудудлараро форумлар ташкил этиш бўйича амалий таклифни илгари сурган.

    Мазкур форумлар дўст халқлар ўртасида юзага келган “музлик”ларни бутунлай парчалаб ташлади. Яна қариндошлик, ҳамкорлик ва шериклик эшиклари очилди. Сиёсатда бир қоида бор: “Яхши қўшни билан очиқ юзлилик юз йиллик истиқболнинг кафолатидир”;

    тўртинчи муҳим нуқта: фаол маданий-гуманитар алмашинув йўлга қўйилгани.

    Ўзбеклар ва тожиклар — маданияти, санъати ва адабиёти ўзаро ўхшаш бўлган халқлар. Халқаро алоқаларни тутиб турувчи ва сайқалловчи жиҳат маданий ҳамкорликдир. Сўнгги йилларда икки давлат ҳамда ҳудудлар ўртасида қарийб 100 га яқин маданий ва гуманитар алмашинув амалга оширилди. Айниқса, илм-фан соҳасида олий таълим ташкилотлари ва илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида олдин мутлақо бўлмаган яқин алоқалар ўрнатилди ва ривожланиб бормоқда.

    Ташриф давомида бир жиҳат менда жуда катта таассурот қолдирди: Президентимизни Эмомали Раҳмоннинг ўзи Тожикистон остонасида кутиб олди, юзидаги самимият, эъзоз ва қадр — булар фақат энг яқин ва энг ишончли дўстларгагина кўрсатиладиган эҳтиромдир. Янги Ўзбекистон раҳбарининг халқаро майдонда, айниқса, қўшнилар томонидан мана шундай самимий эъзозланиши замирида, аввало, улуғ халқимизга меҳр ва дўстлик мужассам, десак адашмаган бўламиз.

    орзулар амалга ошган тарихий учрашув: янги муносабатлар макони яратилди

    2025 йил 31 март ўзбек, тожик ва қирғиз халқлари тарихида муҳим сана сифатида муҳрланадиган бўлди. Нега дейсизми? Унда қуйидаги тарихий натижаларга ­эътибор беринг:

    биринчи тарихий натижа: айнан шу куни йиллар давомида оғриқли савол бўлиб қолаётган аксарият масалалар ўзининг узил-кесил ижобий ечимини топди. Мана шулардан бири чегара масаласидир;

    иккинчи тарихий натижа: айнан шу куни уч давлат ўртасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси тўғрисидаги тарихий шартнома имзоланди.

    Давлат чегараси ҳар бир минтақадаги муҳим масалалардан. Чунки чегара бу — хавфсизлик, дегани, чегара — давлат, дегани. Муайян макон ёки ҳудудсиз давлат ҳокимиятини тасаввур этиб бўлмайди.

    Давлатимиз раҳбари сўнгги йилларда чегараларни очиш, чегара ҳудудларни саноатлаштириш, маъмурий божхона тизимини соддалаштириш, ягона виза ­тизимини жорий этиш, чегараларда маданий тадбирларни ўтказиш билан ­боғлиқ 10 дан зиёд таклифни илгари суриб келмоқда. Мазкур шартноманинг имзоланиши ҳам аслида бундан 7 йил олдин Президентимиз томонидан илгари ­сурилган таклифларнинг амалдаги рўёби.

    Чегаралар очилиши натижасида тарихи, дини, тили ҳамда қадриятлари бир ва ўхшаш бўлган дўст ва қардош халқлар ўртасидаги муносабатлар қайта тикланди, сўнган умидларга қайтадан ҳаёт бахш этилди. Чегаралар очилиши, транспорт қатновлари қайта йўлга қўйилиши, чегараолди ҳудудларда савдо-иқтисодий марказлар ташкил этилиши, фаол маданий-гуманитар ҳамкорлик натижасида минтақа халқларининг эртанги кунга ­умиди қайтди, узилган қариндошлик алоқалари тикланди.

    Жорий йилнинг дастлабки икки ойида Ўзбекистонга келган сайёҳларнинг энг кўпи, яъни 422 минг 591 нафари Қирғизистон ва 401 минг 377 нафари Тожикистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келган. Бу кўрсаткич қарийб 800 мингдан зиёд биродаримиз зиёрат қилиш, бориб кўриш учун муқаддас заминимизни муносиб топгани, яратилган имкониятлар, очиқ чегаралар орқали қалбларимиз ҳам ўзаро яқинлашганига рамзий ишора эмасми?! Айнан шундай!

    Имзоланган янги шартнома эса халқларимиз ўртасидаги чегара билан боғлиқ масала юзасидан узил-кесил якдил қарорнинг ҳуқуқий асосидир. Қисқаси, Хўжанддаги чегарага доир келишув қалбларимизда янги ният ва орзулар туғилишига, тарихий ишончнинг қайтишига сабаб бўлди;

    учинчи тарихий натижа: уч давлат раҳбарлари томонидан Дўстлик стеласи очилди.

    Аслида, Дўстлик стеласи қардошлик, ишонч ва стратегик шерикликнинг олий рамзидир. Нега рамз деяпмиз? Чунки у халқларимиз ўртасида йиллар давомида шаклланган қиймати тенгсиз туйғулар ва ҳурматнинг келгуси юз йилларга қадар сақланишига ишорадир.

    Яна бир муҳим жиҳат шундаки, дўстлик рамзи минтақа мамлакатлари, хусусан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистоннинг минтақа ва жаҳондаги глобал масалалар юзасидан ягона позицияда тургани, яъни бугун улар халқаро ҳуқуқнинг ягона субъектига айланганига ишора ҳамдир. Чунки дўстлик туйғуси сизу биз ўйлагандан ҳам кенгроқ ва қадрлироқ.

    Сиёсий нуқтаи назардан қараганда, бундай натижага эришиш жуда мушкул! Бироқ давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб иш юритиши, сиёсий донолиги, оқилона ҳамда пухта ўйланган ташқи сиёсати ва самимий мулоқоти натижасида минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатлар тарихий жиҳатдан ўзининг энг гуллаган даврига кириб келди;

    тўртинчи тарихий натижа: минтақа учун долзарб аҳамиятга эга нуфузли 4 та халқаро тадбир, яъни “Марказий Осиё — Европа Иттифоқи” биринчи саммити, минтақадаги умумий экологик таҳдидларга бағишланган Иқлим форуми, “Кўрфаз араб давлатлари — Марказий Осиё” олий даражадаги навбатдаги саммити ҳамда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви кун тартиби, ундаги муҳим масалалар юзасидан ҳам келишувларга эришилди. Бу борада мунтазам маслаҳатлашувлар йўлга қўйилгани ҳамкорлигимизга янада амалий руҳ бағишлайди.

    Жумладан, “Кўрфаз араб давлатлари — Марказий Осиё” олий даражадаги саммитига эътибор қаратсак. 2023 йилда биринчи бор ўтказилган саммит доирасида Президентимиз томонидан бешта асосий ва иккита кичик йўналиш бўйича билдирилган 10 га яқин таклиф натижасида Араб ва Марказий Осиё давлатлари ҳамда халқларига жуда катта иқтисодий ва маданий ютуқлар яратилмоқда. Мисол учун, араб давлатларининг дунё тан олган ишбилармонлари билан ҳамкорлик натижасида минтақанинг энергетика салоҳияти ошиб бормоқда. АCWA Power, Мasdar, Мubadala, TACA, Nebras Power каби етакчи компаниялар билан ҳамкорлик бунга ёрқин мисол.

    Шунингдек, туризм, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, транспорт занжирларини яратиш борасида ҳам қатор ютуқларга эришилмоқда;

    бешинчи тарихий натижа: чегаралардаги божхона пунктларини комплекс модернизация қилиш ва кенгайтириш, қулай, замонавий савдо ва логистика инфратузилмасини шакллантириш борасида қатор муҳим режалар келишиб олинди.

    Нима учун бу масала алоҳида муҳокама қилинди? Чунки чегарадаги савдо муҳити ўзаро товар айирбошлаш ҳамда иқтисодий ҳамкорликда бош асос бўлиб хизмат қилади.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан товар айирбошлаш ҳажми ўн каррадан зиёд ошган, ушбу кўрсаткичнинг деярли ярми чегараолди ҳудудларга тўғри келади.

    Тадбиркор учун чегарада туриб ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз маҳсулотини реализация қилиш муҳим. Бунда тадбиркор ҳам вақтдан ютади, ҳам нақдини олиб, ўз йўлида давом этади.

    Президентимизнинг тарихий саъй-ҳаракатлари билан минтақа ягона иқтисодий маконга айланди. Яъни мавжуд иқтисодий салоҳиятнинг секин-асталик билан ишга туширилиши, хусусан, чегараларда савдо марказлари ташкил этилиши ҳамда иқтисодий салоҳият ва кучларнинг бирлашуви, ўзаро савдода имтиёзларни тақдим этиш минтақа бозорининг тўкинлиги, нарх-наво барқарорлиги, экспорт ҳажмининг кескин ортиши, янги маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши каби ижобий натижаларга олиб келди.

    Президентлар томонидан ушбу масаланинг алоҳида муҳокама қилиниши юқоридаги ютуқларнинг келгусидаги ривожи учун жуда муҳим;

    олтинчи тарихий натижа: саноат кооперацияси лойиҳаларини молиялаштиришни давом эттириш борасидаги имкониятлардан унумли фойдаланиш муҳокама қилинди.

    Президентимиз бу борада қўшма инвестиция жамғармалари капиталини босқичма-босқич ошириш борасидаги таклифни илгари сурганига эътибор қаратсак.

    Ушбу таклифнинг амалга оширилиши:

    биринчидан, муайян соҳани зарур маблағ билан тезкор таъминлаш имконияти яратилади. Бу эса дунё бозоридаги энг қиммат товар — вақтни тежаш ва ундан самарали фойдаланишга хизмат қилади;

    иккинчидан, қўшма инвестиция ресурслари орқали минтақа бозоридаги муайян маҳсулот ёки товарга эҳтиёж таъминланади. Бу дегани, катта ҳудуддаги 82 миллиондан зиёд халқнинг эҳтиёжини қаноатлантириш учун етарли имконият яратилади;

    учинчидан, фаол реализация орқали пулнинг минтақадан ташқарига чиқиб ­кетишининг олди олинади. Бу дегани, минтақада замонавий кооперация муҳитини шакллантириш борасидаги имконият ортади;

    тўртинчидан, минтақада янги иш ўринлари очилиши ҳамда янги касб эгалари авлоди шаклланишига эришилади.

    Бугун мамлакатимиз ишбилармонлари Тожикистон ва Қирғизистоннинг замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга фаол сармоя киритмоқда. Бу борадаги иқтисодий кучлар бирлаштирилса, Президентимиз айтганидек, минтақа халқларининг турмуши янада фаровон бўлади, эртанги кунга ишончи ортади;

    еттинчи тарихий натижа: транспорт алоқаларини ривожлантириш борасидаги ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

    Энди бу борадаги ишлар икки муҳим ­йўналишда бажарилади:

    биринчи йўналиш: авиақатновлар сони кўпайиши ва географияси кенгайиши;

    иккинчи йўналиш: чегараолди ҳудудлардаги шаҳарлар ўртасида янги автобус йўналишлари йўлга қўйилиши.

    Бу ишлар халқларимиз ўртасидаги борди-келди муносабатлари, хусусан, туризмнинг янада ривожланишига ҳисса қўшади.

    Марказий Осиёнинг логистика жозибадорлиги асосчиси, ҳеч шубҳасиз, ­Президентимиз. Хусусан, ўтган йилларда минтақа логистикасини бугунги замонавий шароитларга мослаштириш, минтақанинг транспорт секторини рақамлаштириш, логистика соҳасидаги компаниялар ва ходимлари салоҳиятини оширишга доир ўнлаб ташаббус айнан давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ва бугун улар бўйича амалий ютуқларга эришилмоқда;

    саккизинчи тарихий натижа: “яшил” энергетика, сув ва экология дастурларини илгари суриш ва амалга оширишга ҳам алоҳида ­эътибор қаратилгани учрашувнинг минтақа халқлари тақдиридаги аҳамиятини янада оширди.

    Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон раҳбарияти олдин ҳам қарийб 20 га яқин таклифни илгари сурган. Улар бўйича бугун қатор тузилмалар ташкил этилган, ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва дастурлар йўлга қўйилган.

    Жумладан, минтақада сув тақчиллигининг олдини олиш, сувдан оқилона фойдаланиш, тўхтаб қолган муҳим йирик сув лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар асосида бажарилаётган ишлар ва эришилаётган ютуқлар шулар натижасидир.

    “Яшил” энергетикасиз минтақа ва давлатларнинг келажагини тасаввур қилиш қийин. Шу сабабли ҳам Хўжанддаги учрашувда ушбу масалага жиддий эътибор қаратилгани бежиз эмас;

    тўққизинчи тарихий натижа: учрашувдаги Президентимиз томонидан муҳим масала илгари сурилди. Бу — уч давлат ҳукуматлари иқтисодий йўналишда янада фаол ишлашига доир таклиф.

    Бугунга қадар давлатларимиз ўртасида қарийб 20 га яқин соҳа ва тармоқ, ҳудудлар кесимида самарали иқтисодий ҳамкорлик қилинмоқда. Айниқса, ўзаро имтиёз ва имкониятлар натижасида мутлақо янги ишбилармонлик муҳити шаклланди.

    Энди уларни янада ривожлантириш масаласига ҳукуматлар даражасида эътибор қаратиш ва ҳаракат қилиш вақти келгани давлатимиз раҳбари томонидан таъкидлангани ижро ҳокимиятига катта масъулият юклаш билан бирга иқтисодий фаолиятни уйғун ҳолда юритиш зарурлигини ҳам кўрсатди.

    Якунда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон етакчилари томонидан имзоланган қўшма декларация учрашув давомида илгари сурилган келишувлар асносида истиқболли ҳамкорликни янги босқичда олиб бориш имкониятини яратиб беришига умид қиламиз.

    Шунингдек, ташриф давомида бир неча маданий тадбир ташкил этилгани халқларимиз ўртасидаги меҳр-оқибат, ўзаро яқинлик, дўстликнинг тараннум этилишига хизмат қилди. Маданий тадбирларда ижро этилган чегара билмас санъат асарлари уч халқни келажак ҳақида биргаликда ўйлаш, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва мақсадларни уйғунлаштириб, ўзаро дўстлик деган юксак қадрият атрофида жипс бўлган ҳолда олға интилишга чорлади.

    Интилиши ўхшаш халқларнинг истиқболи порлоқ бўлади

    Хўжанддаги келишувлар амалга оширилиши тупроғи, дини, тақдири бир, ташвишу қувончи ўхшаш халқларимиз келажаги учун жуда муҳим. Буни қатор жиҳатларда кўриш мумкин. Жумладан, билдирилган таклиф ва ташаббуслар натижасида:

    • халқларимиз ўртасида савдо-сотиқ янада фаоллашади;
    • янги соҳа ва тармоқлар ривожланади, янги корхоналар барпо этилиб, иш ўринлари очилади;
    • иқтисодий кучлар бирлаштирилиб, минтақанинг экспорт ҳажми ортади;
    • энг муҳими, халқларимиз ўртасида ўзаро дўстлик, қариндош-уруғчилик ва меҳр-оқибат каби туйғулар янада мустаҳкамланади.

    Амалий ташриф азиз халқимиз ва жонажон юртимиз учун жуда муҳим натижаларга бой бўлди. Тараққиётимизнинг бугунги устувор йўналишлари белгиланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 2030 йилга қадар иқтисодиёт ҳажмини 2 баробар ошириш ва даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 миллиард долларга ва аҳоли жон бошига даромадларни 4 минг долларга етказишдек улкан мақсадлар белгиланган. Бундай юксак натижаларга фақат битта йўл — у ҳам бўлса, минтақадаги қўшниларимиз билан бирга эришамиз.

    Бугун дунёда юзага келаётган таҳликали, мураккаб вазиятларда омон қолишнинг ягона йўли минтақа давлатлари билан яқин қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашдир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда юритилаётган оқилона сиёсат — минтақа давлатлари билан дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, “Янги Ўзбекистон” деган улуғ ғояни реалликка айлантириш борасида барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз зарур.

    Акбаршоҳ ТЕШАБОЕВ,

    Давлат ва ҳуқуқ институти бўлим бошлиғи,

    юридик фанлар бўйича фалсафа доктори,

    доцент

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech