Янги Ўзбекистон йўли – адолат, ишонч ва имконият

    Янги Ўзбекистоннинг инсонлар ҳаётидаги битта муҳим жиҳатини сўрашса, ҳеч шубҳасиз, ишонч деб жавоб берардим. Ишонч инсонга чексиз қувват беради.

    Шу боис, одамлар қалбини яхши маънода забт этиш, ишончини оқлаш осон эмас. Чунки бу туйғу инсон қалбининг энг нозик қўриқ жойидир. Янги Ўзбекистонни яратишдай катта мақсад олдимизга қўйилгач, халқимиз бунга катта ишонч билдирди ва шу ғоя атрофида бирлашди. Бунинг сири нимада деб сўраганларга Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги байти билан жавоб бергим келади.

    Неким ўз қошингда эрур нораво,

    Улусқа они кўрма асло раво.

    Яъни Ҳазрат ўзингга раво кўрмайдиган нарсаларни халққа ҳам раво кўрма, инсонни қадрла демоқчи. Янги Ўзбекистондаги ислоҳотлар эса “Инсон қадри учун” шиори асосида старт олди ва бу ўзгаришлар қисқа вақтда самара бера бошлади. Шу боис, бугун халқимиз қалбида эртанги кунга комил ишонч пайдо бўлди.

    Президентимиз шу йил 8 июль куни имзолаган “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги тарихий қарори соҳада янги даврни бошлаб берди.

    Ушбу қарор том маънода спортчиларга катта имкониятлар эшигини очмоқда. Жумладан, ҳужжатда олимпия ва паралимпия спорт турларини уларнинг амалдаги натижаларига кўра тоифаларга ажратиб, қисқа ва узоқ муддатли стратегияларни белгилаш кўрсатилган. Бунда ушбу спорт турлари дифференциал ёндашув асосида ривожлантирилади. Шунинг ўзиёқ янги Ўзбекистонда инсонларга ўз имкониятини тўғри баҳолашга шароит яратиш орқали адолатли тизим ишлаётганини кўрсатади. Чунки дифференциал ёндашув спорт турига, унинг ҳолати ва истиқболига қараб алоҳида ишлаш дегани. Яъни ҳар бир спорт тури ўтган йилларда кўрсатилган натижаларга қараб устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифаларга бўлинади. Бундай тоифалаш спорт турларига индивидуал ёндашиб, уни янада ривожлантириш учун чора-тадбирларни ишлаб чиқишда қўл келади.

    Масалан, қарорда параенгил атлетика, парадзюдо, паратаэквондо (WT), парасузиш, парапауэрлифтинг ва параўқ отиш спортнинг устувор турлари сифатида келтирилган. Ушбу спорт турлари билан шуғулланаётган спортчиларимизда бугун катта натижаларни олиб келиш имкони кўпроқ. Шу боис, улар билан қисқа вақтда катта натижага эришиш устида ишлаймиз. Қарорда ҳам бу алоҳида банд сифатида кўрсатилди. Устувор спорт турларида лицензияларни кўпайтириш ҳамда медаллар учун курашиш вазифаси қўйилди.

    Худди шунингдек, параканоэда эшкак эшиш, параакадемик эшкак эшиш, паравелоспорт, аравачада қиличбозлик, паракамондан отиш ва парастол тенниси спорт турлари истиқболли ҳисобланади. Бу тоифадаги спорт турлари яқин келажакда юқори натижалар келтириш имконига эга. Бу бизга ушбу спорт турларини ривожлантиришда яқин келажакка асосланган режа тузиш талабини қўяди. Яъни улар бўйича лицензияларни қўлга киритиш устида ишлаймиз.

    Ривожланаётган спорт турлари — бочча, паратриатлон, параволейбол, парабадминтон, кўзи ожизлар учун футбол (5х5) ва голбол. Яъни бу спорт турлари бўйича ҳам юқори самарадорликка эришиш имкони бор. Фақат уларни ривожлантиришда узоқ истиқболга асосланган режалар дастури ишлаб чиқилиши керак. Шу ўринда ҳақли савол туғилади, ушбу спорт турларини тоифага ажратиб ривожлантириш нима беради?

    Аввало, маблағни йўналтириш, мураббийлар синфини шакллантириш каби ресурсларни самарали тақсимлаш осонлашади. Бу ҳар бир спорт турининг барқарор натижага ўтишига олиб келади. Муҳими, стратегик режа тузиш ҳамда спорт соҳасида илмий асосланган тизимли ислоҳотлар қилиш имконияти кенгаяди.

    Алоҳида тоифаларга ажратиш спортнинг бошқа турларини ҳам ривожлантиришга хизмат қилади. Шу орқали барчага ўз истеъдодини намоён этишга имконият берилади. Керак бўлса, мактаб ўқувчилари орасидан истеъдодлар сараланиб, келгуси юқори натижалар учун тайёрлаб борилади. Ёш спортчилар захираси янада кенгайтирилади. Бу олдимизга саралаш ва селекция тадбирлари учун “йўл харитаси” тузиш заруратини қўймоқда. Ушбу ишларни самарали ташкил этиш орқали лицензия ва медалларни қўлга киритишда жуда катта натижаларга эришиш кутиляпти.

    Кўзланган маррага эришиш эса қатор жиҳатларга эътибор қаратишни тақозо этади. Хусусан, ҳудудларда иқтидорли ва истиқболли параспортчиларни саралаш ва селекция ишларини янги босқичга олиб чиқиш зарур.

    Шу ўринда “Мафтунингман” бадиий фильми эсга тушади. Кинода Наби Раҳимов образини яратган қаҳрамон олис қишлоқларга бориб, оддий одамлар орасидан истеъдодларни топиб келади. Энди биз ҳам мана шундай ишлашимиз, халқимиз, ёшларимиз орасидан иқтидор эгаларини излаб топишимиз керак. Бу борада ўзига хос чора-тадбирлар белгиланган. Масалан, паралимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари раҳбарлик қиладиган ҳудудий кенгашлар ташкил этилади.

    Президентимизнинг 2024 йил 28 майдаги қарори билан Ўзбекистон давлат спорт академияси ташкил этилган эди. Академия илк бор 2025-2026 ўқув йили учун талабаларни қабул қилади. Ушбу ўқув йилида паралимпия йўналиши бўйича 20 та жой ажратилган. Уларга номзодлар айнан ҳудудлардаги Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази ўқувчилари орасидан саралаб олинади.

    Кейинги босқичда тошга ишлов бериб, жавоҳир яратадиган заргардай ёшларнинг истеъдодини кўрсатиб беришимиз шарт. Бунинг учун сараланган спортчиларни миллий терма жамоаларга киритиш, маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинларида уларнинг доимий ҳамда узлуксиз иштирокини таъминлаш керак бўлади.

    Спортчилар яхши билади, мазкур жараён ишларни комплекс ташкил этиш заруратини қўяди. Яъни ўқув-машғулот йиғинларида спортчиларни тайёрлаш жараёнида илғор ва натижадор методикалардан фойдаланиш зарур. Шу жараёнда ҳар бир спортчига алоҳида ёндашув керак бўлади. Психологик хизмат, тиббий-биологик, фармакологик ва витаминизация ишларини амалга ошириш, машғулотдан кейинги қайта тиклаш жараёнини тизимли ташкил этиш керак. Қолаверса, нуфузли халқаро мусобақаларда спортчиларимизнинг маҳоратини доимий ошириб бориш лозим.

    Психологик, руҳий қувват ҳақида ҳам қисқача тўхталсам. Доим паралимпиячилар билан суҳбатлашганимда, улардаги сўнмас ишончдан қувонаман. Чунки спортчиларнинг юз-кўзида спорт ҳаётимни яхши томонга ўзгартирди, энди мен янада катта ғалабаларга эришаман, деган қатъиятни кўраман. Демак, олдимизда уларнинг шижоатига мос шарт-шароит яратиб бериш вазифаси ҳам турибди. Хусусан, параспортчиларга ўқув-машғулот давомида спорт иншоотларидан етарлича фойдалана олиши учун қулай шарт-шароит яратишимиз керак. Тўғри, ҳозир ҳам спорт иншоотларимиз бугунги кун талабларига тўла жавоб беради. Лекин олдимизга қўйилган катта маррани забт этишимиз учун буни янада такомиллаштиришга эҳтиёж бор. Чунки тараққиёт бир жойда тўхтаб турмайди. Замонга мос қулайликлар яратиб бориш эса спортчиларнинг эркин, ўзига ишонч билан ҳаракатланишида муҳим аҳамият касб этади.

    Параспортчилар имкониятини тўғри баҳолаш учун уларнинг касаллигига ёки нуқсонига қараб таснифлаш (классификация) ишлари маҳаллий даражада сифатли бўлиши керак. Буни юқори сифатга олиб чиқиш учун халқаро тоифадаги ёки сертификатга эга классификатор-мутахассислар тайёрлаш, малакасини доимо ошириб боришга жиддий эътибор берилади. Бу ҳам параспортчиларга тенг имконият яратиш орқали ўзини кўрсата олишида қўл келади. Мазкур қарор билан спортнинг янги даври бошланиб, спортчилар учун кенг имкониятлар эшиги очиляпти. Юқори натижага эришган спортчи, мураббий ва бошқа мутахассислар рағбатлантириб борилиши ҳам қувонарли янгиликдир.

    Қарордаги биргина мана шу жиҳат мисолида янги Ўзбекистон яқин ва узоқ истиқболга қаратилган аниқ режалар асосида бунёд этилаётганини кўришимиз мумкин. Айни пайтда бу режалар адолатли экани, барчага тенг имкониятлар яратаётганини ҳам эътироф этишимиз зарур.

    Барча замонларда халқаро тажрибани ўрганиш тараққиётнинг муҳим босқичи ҳисобланган. Шу боис, аждодларимиз ярим йил пиёда юриб бўлса-да, ўзга юртларга бориб илм ўрганган. Ўз устида ишлаб, дунё тамаддунида муҳим шахсларга айланган. Халқаро тажрибани ўрганиш бугун осонлашди. Техник тараққиёт сабаб масофалар қисқарди. Муҳими, Ўзбекистон дунёга очилди. Дунё ҳам бизга қучоғини очди. Шу боис, бундай тажриба алмашиш биз учун янада осонлашди. Мазкур қарорда ҳам халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ва улар фаолиятида Ўзбекистон спорт ҳамжамияти вакиллари иштирокини кенгайтириш вазифаси қўйилган. Айтиш керак, янги Ўзбекистонда параспортга жиддий қарала бошлаган илк кунлардаёқ халқаро алоқаларга алоҳида эътибор беришни бошлаганмиз.

    Жорий йилнинг ўтган ярим йили мисолида айтсак, Халқаро кўзи ожизлар спорт федерацияси (IBSA), Жаҳон параатлетика, Польша, Эрон, Корея, Беларусь паралимпия қўмиталари, Санкт-Петербург шаҳрида А.И.Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети, Россия Федерацияси П.Ф.Лесгафт номидаги Миллий давлат жисмоний тарбия, спорт ва саломатлик университети делегациялари билан учрашиб, ҳамкорлик ўрнатдик. Бундан ташқари, Халқаро паралимпия ва Осиё паралимпия қўмиталари билан комплекс мусобақалар ҳамда турли масалалар юзасидан доимий иш режимида ҳамкорлик қилинмоқда.

    Шу каби тизимли ишлар 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган XVIII Паралимпия ўйинларида ватанимиз спортчилари янада юқори марраларни забт этишига қаратилган.

    Қарор билан спортчиларни Лос-Анжелес Паралимпия ўйинларига тайёрлаш дастури ҳам қабул қилинди. Унда “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақасини ташкил этиш ва ўтказиш назарда тутилган. Биз доим Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда ишлаб, катта ютуқларга эришиб келяпмиз. Ушбу қарор билан белгиланган вазифаларни биргаликда юқори савияда бажаришга киришдик.

    Шу ўринда ниҳоятда муҳим жиҳатга ­эътибор қаратишни истардим. “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаси шунчаки спорт беллашуви эмас. У орзуларга эришишда меҳнатга яраша муносиб баҳо, ёш спортчиларнинг келажакка йўлланмасидир. Чунки мусобақанинг республика босқичида ғолиб бўлганлар бевосита миллий терма жамоаларимиз захирасига олинади.

    Мусобақада биринчи ва иккинчи ўринни қўлга киритганлар Республика паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига, учинчи ўрин эгалари эса унинг ҳудудий бўлимларига қабул қилинади. Яъни мусобақа ғолибларига бўлажак қаҳрамонлар деб қаралади. Бу ҳам бўлса, мақоламиз аввалида айтганимиз, янги Ўзбекистонда инсонлар қалбида уйғонаётган мустаҳкам ишончнинг яна бир ифодасидир.

    Марказда ўқиш жараёни икки босқичда кечади. Биринчи босқичда 8-11-синфлар учун олимпия ва паралимпия мактаби, иккинчи босқичда 1-2-курслар учун олимпия ва паралимпия коллежи фаолият кўрсатади.

    Қолаверса, паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида терма жамоалар спортчиларини илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида тайёрлашга ҳам алоҳида аҳамият бериляпти. Бунинг учун зарур бўлса, чет эллик спорт мутахассислари жалб этиб борилади.

    Шу ўринда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Параспортчини тайёрлаш, уни натижадор чўққига олиб чиқиш жуда катта меҳнат, сабр-тоқатни талаб этади. Аввало, спортчини ишонтириш, унинг олға интилиши учун сўнмас шижоатни уйғотиш керак. Бунинг учун мураббийда катта маҳорат ва гўзал инсоний фазилатлар мужассам бўлиши шарт. Шу нуқтаи назардан, мураббийларни юқори маҳоратли спортчиларни тайёрлашдаги хизматлари учун рағбатлантириш тизими такомиллаштирилаётгани янада қувонарли. Яъни паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари ҳамда олий спорт ва спорт турлари бўйича маҳорат мактабларига қабул қилинган ўқувчи-спортчи қўлга киритган натижалари учун белгиланадиган устаманинг 10 фоизини уни спорт мактабида тайёрлаган мураббийга тўлаш тартиби жорий этиляпти.

    Қарордаги муҳим жиҳатлардан яна бири Олимпия шаҳарчасининг Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказига беғараз бириктирилгани бўлди. Энди ушбу спорт иншоотлари тадбирлардан бўш вақтларда бемалол параспорт мусобақаларини ўтказишимиз мумкин бўлади. Бунинг қанчалик муҳим эканини теран англаш учун Олимпия шаҳарчасининг имкониятларини тушунишимиз керак. Айни пайтда қурилиши давом этаётган ушбу шаҳарча халқаро стандартларга тўла жавоб берадиган замонавий спорт комплекси бўлади. У ҳар қандай мусобақани юқори савияда ўтказишга, муҳими, спортчиларимиз тайёргарлик жараёнида катта майдонга мослашиб боришида беқиёс ўрин тутади. Бундай кўникмаларнинг ўз вақтида шаклланиши, айниқса, параспортчилар учун жуда муҳим.

    Олимпия шаҳарчасининг маърифий аҳамияти ҳам борки, бу хусусда алоҳида тўхталмасак бўлмайди. Катта майдон, 100 гектар жойга қурилаётган ушбу шаҳарча “Янги Ўзбекистон” боғи рўпарасида, Мустақиллик монументи шундоқ кўриниб турадиган жойда қад ростлаяпти. Бу боғ том маънода Учинчи Ренессансни яратиш аҳди, қатъий қарори билан яшаётган халқимизнинг маънавий бирдамлиги, орзу-умидлари рамзидир. Мустақиллик монументи шонли тарихимизни, бугунимиз ва эртанги кунимизни ўзида мужассам этган. Ана шундай муҳим, таъбир жоиз бўлса, келажак ядроси жойлашган ҳудудга туташ ҳолда катта спорт комплекси қурилиши биз танлаган йўлга нозик ишорадир. Ундан сал нарида маърифат маскани шаҳарча шаклида бунёд этиляпти.

    Бундан англаш мумкинки, давлатимиз раҳбари янги Ўзбекистон ғоясини ҳаётга татбиқ этишдан олдин пухта режа, аниқ тасаввурга эга бўлган. Бу узоқни кўра оладиган етакчиларгагина хос фазилатдир.

    Янги Тошкентда биринчи боғ барпо этилди. У келажак ғояси шаклида ҳаётимизга кириб келди. Сўнг маърифат масканларини бунёд этишга старт берилди.

    “Бугун “Янги Ўзбекистон” университети ва Тошкент давлат педагогика университетининг кампуслари, Миллий кутубхона, Миллий театр, Алишер Навоий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Адабиёт музейи, ижод мактаби ҳамда Миллий мақом марказига тамал тоши қўямиз. Янги шаҳар қурилиши илм-фан, маънавият масканларидан бошланаётгани бежиз эмас. Булар маърифатли жамият барпо этиш ғоямизнинг асоси ва намунаси бўлади”, деган эди давлатимиз раҳбари.

    Назаримда, “Янги Ўзбекистон” боғи, маърифат масканлари мажмуаси, Олимпия шаҳарчаси бир бутунликда янги Ўзбекистоннинг қиёфасини ташкил этади. Чунки спорт билан шуғулланадиган шахс нафақат жисмонан, балки маънан ҳам чиниқади. Буни фан исботлаган. Донишмандлар бот-бот такрор этган. Хусусан, “Мутаносибликни сақлаш, гўзал ва соғлом бўлиш учун фақат фан ва санъат соҳасидаги билимларнинг ўзи кифоя қилмайди, бунинг учун умр бўйи бадантарбия ва гимнастика билан шуғулланиш талаб этилади”, дейди Афлотун.

    Шу маънода, биз кўзлаган маррани забт этиш йўлида давлатимиз раҳбарининг “2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида (АҚШ) бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия ва XVIII Паралимпия ўйинларига Ўзбекистон спортчиларини комплекс тайёрлаш тўғрисида”ги қарори тарихий аҳамиятга эга. Ушбу қарор ва унда кўрсатиб ўтилган вазифалар ижтимоий давлат мақомини олган мамлакатимизда халқни рози қилиш, барчага тенг ва адолатли шароит яратишдаги муҳим қадам. Айни пайтда янги Ўзбекистонни бунёд этишда янги давр бошланганини кўрсатиб берадиган бетакрор ҳужжатдир.

    Мухторхон ТОШХЎЖАЕВ,

    Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates