баннер
6 апр 2025
15:39

    "Янги Ўзбекистон" газетаси 5 ёшда Янги Ўзбекистон: Улуғ мақсад ва мустаҳкам ишонч

    Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилган тарихий ислоҳотлар бугун ҳаётимизни безаб турибди. Бу ўзгаришларнинг ҳар бири ҳаётимизга мазмун бағишлаб, халқимизнинг кўксини кўтарди, жамиятимизнинг янги қиёфасига асос солди. Муҳтарам Президентимиз 2021 йилда газетамизга берган тарихий интервьюсида айтганидек, бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.

    Ушбу ижтимоий-сиёсий нашр ўз олдига қанчалик улкан мақсад ва режалар қўйгани унинг номидан ҳам яққол кўриниб турибди. Ҳақиқатан ҳам, бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг мутлақо янги, янада юксак босқичига қадам қўймоқда... ...Ана шундай улуғвор ва тарихий ўзгаришларнинг ўзига хос кўзгуси бўлиб майдонга чиқаётган газета юртимиздаги демократик ислоҳотлар, ҳудудлардаги беқиёс бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг аҳамияти ҳамда натижаларини холис ва ҳаққоний ёритишга, аҳоли вакиллари ва жамоатчилик фикрини шакллантиришга, мавжуд муаммо ва камчиликларни таҳлилий материаллар орқали дадил кўтариб чиқиб, ахборот маконида муносиб ўрин эгаллашига ишончим комил.


    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг

    "Янги Ўзбекистон" газетаси жамоасига табригидан.


    Дарҳақиқат, биз янги давр одамларимиз. Ҳаётимизнинг мазмуни ҳам, кўзлаётган манзилларимиз ҳам, яшашдан мақсадимиз ҳам ўзгача.

    Миллий Йўлбошчимиз Шавкат Мирзиёев сиёсий иқтидорга келган илк кунларданоқ халқимиз ҳаётида катта ўзгаришлар бошланди. Ҳар бир ислоҳотда инсон қадри биринчи ўринга қўйилди.

    Бугун кескин ўзгаришлар кузатилаётган замонавий дунёда ҳар бир давлат ва миллий жамият учун мафкуравий йўл, яшовчан ғоялар жуда зарур. Буларсиз ривожланишнинг сира иложи, имкони йўқ.

    Толеи буюк халқмиз. Боиси, ана шундай мураккаб шароитда Президентимиз Шавкат Мирзиёев «ЯНГИ ЎЗБEКИСТОН» ҒОЯСИни илгари сурди.

    Эндиги мулоҳазаларимиз ана шу қудратли ғоянинг тадрижий қуввати ҳақида бўлади.

    Ҳаётбахш ғоя

    2017-2018 йиллар мамлакатимиз ва халқимиз ҳаёти учун жуда катта тарихий эврилишларнинг бошланиши ҳамда жадал ривожланиш даври бўлди. Мана шу икки йил мобайнида бугун биз эришган оламшумул натижаларнинг тамал тоши қўйилди.

    Навбат миллий юксалишимизнинг кейинги босқичига руҳлантирувчи куч, қадрияти тус беришга келди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу уйғониш кодини юқорида айтганимиз — «Янги Ўзбекистон» ғояси билан қувватлантирди.

    Бу ғоя замирида халқимиз онгида бошланган ўзгаришлар, кайфиятидаги кўтаринки руҳ, тараққий этишга бўлган соғинчли интилиш муждаси бор эди. Умуман, жамиятимиз шундай қудратли ғоявий устунга муҳтожлик сезиб турган бир даврда мамлакат қалби ичра таралган юксалиш руҳи кўпмиллатли халқимизни ягона мақсад йўлида бирлаштирди, жипслаштирди.

    Орзу-умидларимиз, эзгу мақсадларимиз жамланган ҳаётбахш ғоянинг дастлабки ифодаларидан «Янги бири сифатида Ўзбекистон» 2020 йилда газетаси таъсис этилди. Таҳририятнинг асосий вазифалари ва фаолиятининг устувор йўналишлари ниҳоятда улуғвор ва кенг кўламли бўлди.

    Уларнинг барчасини умумлаштириб айтганда, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, халқимиз ҳаёти фаровонлигини ошириш, халқаро майдонда ватанимизнинг обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш йўлидаги сиёсатимиз мазмун-моҳияти ҳамда унинг натижаларини кенг ёритишдан иборат эди.

    Нашримизнинг илк сони Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» газетаси жамоасига йўллаган табриги билан чоп этилди. «Жамиятимизда фикр ва қарашлар ранг-баранглиги, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, маънавият ва маърифат тарғиботи борасидаги ғоятда шарафли йўлда таҳририят жамоасига улкан муваффақиятлар ва ижодий фаоллик доимо ёр бўлишини тилаб қоламан», дейилган табрик олдимизга қўйилган жуда катта масъулият ҳиссини доимо англатиб туради.

    Ўша куни газетамизда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳам эълон қилинди.

    «Халқимиз шуни яхши билиши керак: олдимизда узоқ ва машаққатли йўл турибди. Барчамиз жипслашиб, тинимсиз ўқиб-ўргансак, ишимизни мукаммал ва унумли бажарсак, замонавий билимларни эгаллаб, ўзимизни аямасдан олдинга интилсак, албатта, ҳаётимиз ва жамиятимиз ўзгаради», дейилган эди Мурожаатномада.

    Қатъий ишонч билан айта оламизки, «Янги Ўзбекистон» ғояси қонимизда буюк аждодларимиздан мерос яратувчанлик кодларини уйғотди.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» ғояси бутун минтақа бўйлаб кенг қулоч ёзган. Буларнинг барчаси жамланиб минтақамизда аҳиллик ва бағрикенглик, ўзаро боғлиқликда ривожланиш тенденцияларини қарор топтирди.

    Бугун бизга ҳавас қилаётганлар кўп. Албатта, ҳасад қилгувчилар ҳам топилади. Сабаби инсон табиати шундай, беш қўл баробар эмас. Бу — аксиома.

    Аммо танқид ҳам фойдали. Улардан тўғри хулосалар қилиб, бугун ортга қайтмас йўлимиздан дадил илдамлаб бораётганимизнинг ўзи буюк бахтимиздир.

    Эътиқодли халқнинг муроди ҳосил бўлади

    Юқорида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2020 йил ва келгуси 5 йилда ривожлантириш бўйича устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олиш мақсадлари акс этган Мурожаатномасидан иқтибос келтирган эдик. Боиси, биз ўтган йиллар мобайнида ҳаётимизни ва жамиятимизни фидойилик, фаровон яшаш истаги билан меҳнат қилиб ўзгартира олдик.

    «Янги Ўзбекистон» ғоясининг ҳаётий ифодалари ҳақида айтяпмиз. Кези келганда яна бир айтаримиз бор: эътиқодли инсоннинг, халқнинг муроди ҳамиша ҳосил бўлади.

    Эътиқод ўзини ўзгартиришга қодирлик феъли билан уйғун етукликдир. Бунга ўзимизда мисоллар кўп. Масалан, ғоявий бирдамлигимиз. Биз Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бирлашдик. Орзумиз битта бўлди, муштни бир жойга урдик. Эврилдик ва ўзгардик.

    Бу эврилиш қандай бўлди? «Янги Ўзбекистон» газетасининг беш йиллик тахламини бирма-бир варақлаб, таҳлилий мақолаларни мутолаа қилиб ана шу саволга жавоб топиш мумкин.

    2020 йилларда ёзилган мақолалар руҳи бугун забт этилган марраларга қанот бағишлагандек. Айтмоқчимизки, Президентимиз сиёсий нуктадонлик билан илгари сурган ташаббуслар ва янги ғоялар, мақсадлар орадан кўп ўтмай, ҳаётда ўз ифодасини топди.

    Биз яқин-яқингача Марказий Осиё давлатлари бирдамлиги янада мустаҳкамланиши ҳақида қайғурар эдик. Давлатимиз раҳбарининг алоҳида сиёсий иродаси туфайли Марказий Осиё ҳамжиҳатлиги янги босқичга кўтарилди. Қўшни давлатлар билан алоқаларимиз тубдан яхшиланди. Чегаралар очилди, бугун халқларимиз турли тўсиқларсиз борди-келди қила бошлади, хорижлик сайёҳлар алмашинувида ҳам қулай муҳит яратилган, ўзаро савдо-сотиқ масалаларида енгилликлар берилди ва ҳоказо.

    Ёки бир вақтлар шаҳарларда йўловчи ташиш транспортидаги муаммолар ҳақида ёзар эдик. Бугун Тошкентда, вилоятлар марказида йўловчи ташиш тизимида туб ўзгаришлар бўлди. Пойтахтимизда ишга туширилган ер усти метро йўли, «Афросиёб» тезюрар поездининг олис вилоятларга ҳам қатнови йўлга қўйилгани, юзлаб электробуслар олиб келингани, ўзимизда электромобиллар ишлаб чиқарила бошлагани, янги йўллар, кўприклар қурилаётгани қувонарли, албатта.

    Замоннинг яхшилигини қарангки, бугун ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи бор фуқароларга, кекса, ёлғиз ва парваришга муҳтож кишиларга ижтимоий ходимлар бириктирилган. Шундай бўлиши ҳақида тўрт-беш йил аввал ўйлаб кўрганмидик ўзи?!

    Бундай мисолларнинг адоғи йўқ. Айтмоқчи бўлганимиз эътиқодий ўзгариш ҳақида эди. Самимий мулоқот ва тизимли яхшиликлар киши эътиқодини ўзгартиришга қодир ислоҳот. Президентимиз ана шу буюклик сиёсатини бошлаб берганидан кейин халқимизда бугунги ҳаёти ва келажагига қатъий ишонч, биргаликда Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворига асос солиш эътиқоди пайдо бўлди. Натижалар эса кўз ўнгимизда...

    Янги Марказий Осиё руҳи

    Иш столимда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ҳозирги замон ва Янги Ўзбекистон» китоби туради. Унда мамлакатимизнинг минтақавий сиёсати ҳақида сўз юритилар экан, жумладан, шундай дейилади: «Ҳар биримиз қўшнимизнинг ютуғини — ўзимизнинг ҳам ютуғимиз, унинг тинч ва фаровон ҳаётини — бутун минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг гарови, деб билишимиз лозим».

    «Янги Ўзбекистон» ғояси шундай — бағрикенг. Бу ғоя сарҳадлар оша ўз сўзини айтмоқда, энг муҳими, қўшниларимизга ҳам меҳрли, шижоатли руҳ бағишламоқда. Пировардида бугун ана шу улуғвор ғоя асосида минтақамизда «Янги Марказий Осиё руҳи» пайдо бўлди.

    Буни олий даражадаги эътирофлар шукуҳида ҳам қабул қилишимиз мумкин. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни минтақада ишончли кўприк ўрнатувчи ташаббускор, тинчлик элчиси деб атади. Европа Кенгашининг собиқ раҳбари Шарл Мишел эса Ўзбекистон давлати раҳбари минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо ва ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кўплаб ташаббус ва ғоялар генератори бўлаётганини алоҳида қайд этган эди.

    Мана шу эътирофлардан хулоса қилиб айтиш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Янги Ўзбекистон» ғояси бутун минтақа бўйлаб кенг қулоч ёзган. Буларнинг барчаси жамланиб, минтақамизда аҳиллик ва бағрикенглик, ўзаро боғлиқликда ривожланиш тенденцияларини қарор топтирди.

    Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, сиёсий ирода ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли бугун Марказий Осиё қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт маконига айланмоқда.

    Ҳеч шубҳасиз, минтақамиздаги бундай меҳрли сиёсат таровати, аввало, барчамизнинг биргаликдаги ютуғимиздир.

    Бу бежиз эмас. Таҳлиллардан ҳам кўриниб туради. Давлатимиз раҳбари 2017-2023 йилларда минтақа мамлакатлари манфаати нуқтаи назаридан жами 240 дан зиёд муҳим ва долзарб таклиф ва ташаббусларни, эзгу ғояларни илгари сургани фикримиз далилидир.

    2024 йил 9 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевга минтақа давлатлари ўртасидаги дўстлик, қўшничилик ва ўзаро англашувни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Фахрий нишони тантанали топширилгани эса юқоридаги барча эътирофларни қатъий мустаҳкамлайди.

    Энг кекса ва энг ёш

    Янги Ўзбекистонни барпо этишда ахборот соҳасини эркинлаштириш ва ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу жиҳат янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда ҳам ўз аксини топган. Бош қонунимизда оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият юритишини таъминлаш бўйича муҳим қоида ва тамойиллар мустаҳкамлаб қўйилган, қолаверса, соҳага доир ҳуқуқий асослар такомиллаштириб борилаётир.

    Кейинги йилларда юртимизда сўз эркинлиги ва фикрлар хилма-хиллигига эришиш йўлида кенг имкониятлар берилмоқда. Шундай эркин муҳитда дунёга келган «Янги Ўзбекистон» газетаси мамлакатимизнинг амалдаги энг кекса нашри — «Правда Востока» газетаси билан битта таҳририятда бирлашгани замирида ҳам катта маъно бор.

    108 йилдан буён чоп этиб келинаётган «Правда Востока» нашри ўз тарихий йўлида не бир даврлар силсиласига гувоҳ бўлмади дейсиз. Унинг сарғайган ҳар бир саҳифаси тарих ҳақиқатларидан сўзлаб туради. Халқимизнинг иқтисодиёт йилида бажаришдек ниҳоятда катта ва кўп мақсадлар турибди.

    Мамлакатимиз «яшил» тараққиёт сари дадил қадамларни қўймоқда. Президентимиз «Абу-Даби Барқарор ривожланиш ҳафталиги» саммитидаги нутқида айтганидек, бугунги кунда «яшил» тараққиёт Ўзбекистонда умуммиллий ҳаракат даражасига кўтарилди. Мазкур йўналишда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириб, Марказий Осиёни «яшил» иқтисодий ривожланиш ва «тоза энергия» марказларидан бирига айлантириш ниятидамиз.

    Бу йўлда бизга руҳий қудрат, зўр илҳом берадиган омиллар кўп. Мақоламиз аввалида муҳтарам Президентимизнинг 2021 йилда газетамизга берган тарихий интервьюсидан иқтибос келтирган эдик. Ўша суҳбатда давлатимиз раҳбари «Янги Ўзбекистонни барпо этиш — бу шунчаки хоҳиш-истак, субъектив ҳодиса эмас, балки туб тарихий асосларга эга бўлган, мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий вазиятнинг ўзи тақозо этаётган, халқимизнинг асрий интилишларига мос, унинг миллий манфаатларига тўла жавоб берадиган объектив заруратдир.

    Янги Ўзбекистон — демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумеътироф этилган норма ва принципларга қатъий амал қилган ҳолда, жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган, пировард мақсади халқимиз учун эркин, обод ва фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатдир», дея алоҳида таъкидлагани бизнинг бош йўлимизни белгилаб берган.

    Йиллар ўтяпти. Юксалиш йўлидан бир зум ҳам ортга қайтганимиз йўқ. Бу йўлда «Янги Ўзбекистон» ғоясини қўллаб-қувватлаган, тараққиёт йўлини маҳкам тутган халқимиз ҳаётбахш ғояни ўз тафаккурига чуқур сингдириб, кучли ирода ва буюк эътиқоди билан бирлашди.

    Шу тариқа бунёдкорлик руҳидаги ғоя бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди, умуммиллий ҳаракатга айланди. Чунки унинг замирида улуғ аждодларимиз, Биринчи ва Иккинчи уйғониш даврларига асос солган аллома боболаримизнинг орзу-интилишлари, армонлари ҳам мужассам эди.

    Мамлакатимиздаги бугунги ўзгаришлар миллий тарихимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечаётганини англатади. Шунинг учун «Янги Ўзбекистон» ва «Учинчи Ренессанс» сўзларини ўзаро уйғун айтмоқдамиз.

    Бир сўз билан айтганда, «Янги Ўзбекистон» ғояси — янгича дунёқараш деган тушунчани англатади. Шу маънода, «Инсон қадри учун, инсон бахти учун!» тамойили асосида эзгу саъй ҳаракатлар жадал давом этаётган бир даврда «Янги Ўзбекистон» газетаси жамоаси ҳам зиммасидаги вазифаларни фидойилик билан бажариб, тарихимизнинг муҳташам солномаси ёзилишига ўз ҳиссасини қўшишига ишонамиз, албатта.


    Салим ДОНИЁРОВ,

    "Янги Ўзбекистон" ва "Правда Востока" газеталари

    бош муҳаррири

    No date selected
    апрел, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates
    Телеграм каналимиз
    Text to speech