Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!

    Ўз кичик тажрибаларимга асосланган ҳолда шуни айтишим мумкинки, бугун Ўзбекистон кучли ривожланиш йўлида. Шу вақтгача нимаики ютуқларга эришган бўлсам, барчаси ота-онам ва мамлакатимизнинг ёшларни қўллаб-қувватлаши асосидадир.

    Хусусан, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларининг шаффофлиги кўплаб ўсиб келаётган ёшларнинг ўз меҳнат маҳсулларидан унумли фойдаланишлари, яъни ўз билимлари билан талабалик бахтига муяссар бўлишлари, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ёки моддий жиҳатдан етишмовчиликлари борлиги сабабли қийинчиликларга дуч келаётган оилаларга имтиёзли кредитларнинг берилиши ёки контракт суммаларининг бутунлай тўлаб берилаётганлиги кишини, албатта, мамнун этади.

    Халқаро фан ёки спорт олимпиадаларида муносиб ўрин олиб, юртимиз байроғини юксакларга кўтарган ёшларнинг ажойиб тақдирланиши, илму толибларга барча имкониятларнинг тақдим этилаётганлиги Ўзбекистон фарзанди эканлигимдан фахрлантиради. Бундан ташқари, билимга чанқоқ ёшларни бир жойга тўплаш ва фикр алмашиш учун ташкиллаштирилаётган суммитлар, ёзги оромгоҳлар, турли конференсия ва дебатлар бизни янада изланишга, ҳаракат қилишга, янги чўққиларни забт этишга чорлайди.

    Айниқса, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ташкиллаштирилган “Ибрат” тиллар оромгоҳи мен каби қатнашчилар учун ажойиб мотивация бўлди деб ўйлайман. Ҳар мавсумда 400дан ортиқ ёшлар бир ҳафта мобайнида сўлим бир гўшага тўпланиб, кўплаб иқтидорга эга тенгдошларимиз билан фикр алмашишимиз, янги дўстлар орттиришимиз, қўшимча билим ва кўникмаларга эга бўлишимиз барчада унутилмас хотираларни қолдирди. Айнан ўша ерда ёшларнинг қанчалик катта куч эканлигини, янада ўз устимда ишлашим кераклигини, орзу ва мақсадларимиз вақти келиб барибир ушалишини англаганман десам муболаға бўлмайди.

    Энг эътиборли жиҳати шундаки, яқин йиллар ичида аҳоли орасида китобга бўлган муносабат ижобий томонга ўзгарди. Ҳар бир катта-ю кичикнинг қўлида турли хил мавзудаги китобларни кўриш одатий ҳолга айланиб улгурди. Авваллари мактаб ўқувчилари фақатгина олийгоҳ имтиҳонлари учун тайёргарлик кўришар, бадиий китобларга деярли ҳеч кимда кучли қизиқиш йўқ эди. Аммо ҳозирги кунга келиб 7 ёшдан 70 ёшгача инсонларнинг китобга бўлган қизиқиши ортмоқда. Бу эса жамиятимизнинг ривожланишидан дарак.

    Хулоса қилиб айтганда, Юртбошимизнинг “Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик — умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим — ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!” деб ёшларга қаратиб айтилган мазкур сўзлари ҳар биримизга шиор бўлиши даркор. Шундагина ўз кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз.

    Китоб ва илм олишга бўлган қизиқишимиз ҳеч қачон сўнмаслиги, ҳаётдаги асосий миссиямизни тўғри англаб олишимиз ва йўлимиздаги тўсиқларга қарамай чекинмаслигимиз барчамизни энг юқори чўққиларга элтишига ишонаман. Ҳар бир кунимиздан унумли фойдаланган ҳолда ўз-ўзимизга савол беришимиз зарур: “Нега айнан шу диёрда ва шу оилада дунёга келдим?!”, “Ҳаётдаги олий мақсадим нима?!”. Агарда биз мазкур саволларга тўғри ва тўлиқ жавоб бера олсак, демак, ўзлигимизни қисман бўлсада англаган ва ҳаракат қилишга дастлабки қадамлар ташлаган ҳисобланамиз.

    Мақсад қанчалик тўғри ва аниқ бўлса, ҳаракат ҳам шунга муносиб бўлади деб бежизга айтишмаган. Асосий миссияларимиздан бири она Ватанимизга ва оиламизга хизмат қилиш экан, имкониятларимизни қўлдан бой бермайлик ҳамда аждодларимизга муносиб, авлодларимизга ўрнак бўлиб яшаш барчамизга насиб эцин. Зеро, Янги Ўзбекистонни биргаликда қурамиз!

    Севинч Эшматова,

    ТДЮУ Халқаро ҳуқуқ ва қиёсий ҳуқуқшунослик факультети талабаси