Янги таҳрирдаги Конституция нормаларидан келиб чиқиб, қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилади

    Жорий йил 9 июлда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида конституциявий ислоҳотлар натижасида ишлаб чиқилган қонунлар муҳокамаси бўлиб ўтди.

    Унда маҳаллий Кенгашлар доимий комиссиялари раислари, Ёшлар парламенти аъзолари, Қўмита ҳузуридаги экспертлар гуруҳи аъзолари, қонун ташаббускорлари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Дастлаб Қўмита мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Конституциявий Қонун муҳокама этилди.

    Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат бошқаруви органларининг мажбурият ва ваколатлари аниқ белгилаб берилгани сиёсий тизимни янада ривожлантириш ва давлат тузилмасини мустаҳкамлашга кўмаклашяпти, давлат бошқаруви самарадорлигини оширяпти ва ҳокимиятнинг турли бўғинлари ўртасида муносабатлар изчиллигини таъминлаяпти.

    Вазирлар Маҳкамаси мақоми, уни шакллантириш ва фаолиятини тартибга солиш масалалари бевосита Конституцияда мустаҳкамланган нормаларга асосланади ҳамда мазкур Қонуннинг асосий қоидалари ушбу нормалардан келиб чиққан. Шу боисдан «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунни Конституциявий қонун шаклида қабул қилиш таклиф этиляпти.

    Муҳокама давомида сенаторлар томонидан ушбу Конституциявий қонуннинг қабул қилиниши Вазирлар Маҳкамаси ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатдан янги, самарали усуллари ва замонавий механизмларини жорий этиш ҳамда Ҳукумат аъзоларининг давлат сиёсатини юритиш ва бириктирилган соҳаларда аниқ натижаларга эришиш йўлидаги шахсий масъулиятини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.

    Шундан сўнг, иштирокчилар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилди.

    Сенаторлар инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ бир қатор ўзгартиришлар Конституцияга киритилиши амалдаги қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётгани айтиб ўтилди.

    Бу борада янгиланган Конституциянинг 19-моддасида белгиланган нормадан келиб чиқиб, жами 26 та қонун ҳужжатлари (6 та кодекс ва 20 та қонун) нормалари мувофиқлаштирилаётганлиги қайд этилди.

    Бундан ташқари, Конституциянинг 81-моддасида белгилаб қўйилган конституциявий кафолатдан келиб чиққан ҳолда «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиляпти. Жумладан, «Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва қонунга мувофиқ иш олиб бориши», «давлат оммавий ахборот воситаларининг мулк ҳуқуқини, давлат органларининг ғайриқонуний ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан) ҳимоя қилинишини кафолатлаши» белгиланяпти.

    Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ва «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунига қариндошларнинг судланганлигига кўра камситишни истисно қилувчи норма киритилиши конституциявий кафолатларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этиши, умуман олганда киритилаётган ўзгартиришлар янги таҳрирдаги Конституциянинг нормаларини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилишига алоҳида тўхталиб ўтилди.

    Мазкур қонунлар юзасидан сенаторлар ҳамда мажлис иштирокчилари томонидан қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мажлис якунида кўриб чиқилган масалалар бўйича сенаторларнинг муносабатидан келиб чиқиб, Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.