Янгича тафаккур, технология, истиқбол имкониятлари

    “Uzbekistan GTL” заводида шу йил июнь ойининг иккинчи ярмида даставвал асосий хомашё ҳисобланган синтез-газ ишлаб чиқарилиши тўлақонли йўлга қўйилиб, ундан синтетик нефтнинг биринчи партияси ҳосил қилинди, унинг асосида орадан ярим ой ўтиб, синтетик дизель маҳсулоти олинди.

    “Uzbekistan GTL” заводида шу йил июнь ойининг иккинчи ярмида мамлакатимиз нефть-кимё саноати тарихига муҳрланадиган иккита воқеа юз берди. Даставвал асосий хомашё ҳисобланган синтез-газ ишлаб чиқарилиши тўлақонли йўлга қўйилиб, ундан синтетик нефтнинг биринчи партияси ҳосил қилинди, унинг асосида орадан ярим ой ўтиб, синтетик дизель маҳсулоти олинди.

    “Uzbekistan GTL” заводида шу йил июнь ойининг иккинчи ярмида мамлакатимиз нефть-кимё саноати тарихига муҳрланадиган иккита воқеа юз берди. Даставвал асосий хомашё ҳисобланган синтез-газ ишлаб чиқарилиши тўлақонли йўлга қўйилиб, ундан синтетик нефтнинг биринчи партияси ҳосил қилинди, унинг асосида орадан ярим ой ўтиб, синтетик дизель маҳсулоти олинди.

    — Президентимизнинг ташаббуси ва раҳнамолигида бунёд этилган мажмуада нефть ҳамда табиий газни қайта ишлаш заводлари уйғунлашган, — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев. — Яъни, заводнинг ярми газни, қолган қисми нефтни қайта ишлайди. Лойиҳанинг ноёблиги шунда. Завод учун эксклюзив тайёрланган, унинг юраги бўлган Фишер-Тропш реакторлари ёрдамида метан гази молекуляр даражада парчаланади. Бу жараёнда синтетик газ олинади. Ундан исталган нефть маҳсулотини тайёрлаш мумкин.

    Энг асосийси, бу ердаги 11 мингга яқин ускуна ва асосий ишлаб чиқариш қурилмаларининг узвий ишлашини таъминлаш, шунингдек, уларни тўлиқ назорат қилиш ва бошқариш “Uzbekistan GTL” заводининг маҳаллий муҳандислари ва ёш мутахассислари томонидан мустақил равишда амалга оширилмоқда.

    ПРЕЗИДЕНТ ЭЪТИБОРИ — ҚУРИЛИШ ШИДДАТИНИНГ ҚАНОТИ

    Маълумки, “Uzbekistan GTL” заводини қуришга 2016 йилнинг 29 декабрида Президентимиз имзолаган “Шўртан газ-кимё комплексининг тозаланган метан негизида суюқ синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан старт берилган эди. Мазкур лойиҳанинг молиявий моделини ишлаб чиқишда нуфузли халқаро маслаҳатчилар иштирок этди. Бу жараёнда унинг рентабеллиги, кредитни тўлаш шартлари, қоплаш каби муҳим жиҳатлар ҳисобга олинди. Ушбу ҳисоб-китоблар, ўз навбатида, салоҳиятли кредиторлар томонидан диққат билан ўрганилиб, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси билан биргаликда Хитой Давлат тараққиёт банки, Жанубий Кореянинг Эксимбанки ва экспорт кредитларини суғурталаш давлат корпорацияси, Россиянинг бир қатор нуфузли молия компаниялари ўз сармояларини тикишга қарор қилди.

    Лойиҳанинг умумий қиймати 3 миллиард 420 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Уни амалга оширилиши натижасида йилига 3,6 миллиард куб метр газ чуқур қайта ишланиб, ЕВРО-6 стандартларига жавоб берадиган, йиллик қиймати бир миллиард доллардан ошадиган 307 минг тонна авиакеросин, 724 минг тонна дизел ёнилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ тайёрланади.

    Нуфузли экспертларнинг фикрича, мажмуининг асосий аҳамияти ҳам мана шунда. Яъни, табиий газ шунчаки хомашё эмас, қўшимча қийматли маҳсулот сифатида сотилади.

    Заводнинг дунё нефть-кимё саноатидаги салоҳияти ҳақида гап борганда, бундай корхоналар фақат Қатар, Жанубий Африка Республикаси, Нигерия, Малайзияда мавжудлиги, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатларида қурилган биринчи завод эканлиги эътироф этилади.

    Мажмуани қуриш жараёнида иштирок этган халқаро маслаҳатчи Сараванан Суверманинг сўзларига кўра, Қашқадарёда бунёд бўлаётган саноат мажмуаси дунёдаги GTL лойиҳалари ичида энг улкани.

    — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев завод қурилаётган майдонга бир неча бор ташриф буюрди, — дейди Сараванан Сувермани — Зеро, бу ташаббус ортида янгича тафаккур, технологиялар, янги истиқбол ва экспортнинг янги имкониятлари мужассам. Мамлакат раҳбари лойиҳани ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор қаратиб, молиялаштириш, ускуналарни ўз вақтида келтириш, қурилиш ишларининг “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, корхоналарни белгиланган муддатларда ишга тушириш юзасидан зарур ва аниқ кўрсатмалар берди. Бизни қўллаб-қувватлаб, юзага келадиган ҳар қандай масала ва муаммони ҳал этди. Бу қурилиш шиддатига қанот берди.

    Мажмуа Ўзбекистон учун улкан иқтисодий истиқболларни белгилайдиган йирик қувват. Бу ерда саноат ва қишлоқ хўжалиги учун зарур барча ёқилғи турлари ишлаб чиқарилади, экспорт салоҳияти ҳам юқори. Табиийки, мамлакатнинг иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатади. Бу каби улкан қувватларни ишга тушириш орқали қисқа фурсат ичида ақлбовар қилмас иқтисодий юксалишга эришиш мумкин.

    Шу ўринда бир қиёс. Қатарда GTL технологияси асосида фаолият кўрсатувчи заводда бир йилда 1 миллион 200 минг тонна суюқ синтетик ёнилғи ишлаб чиқарилади. Нигериядаги корхонанинг қуввати 1 миллион 300 минг тоннани ташкил этади. “Uzbekistan GTL”да бу кўрсаткич 1,5 миллион тонна бўлади. Бу — йилига нефть хомашёси импорти учун сарфланаётган ярим миллиард доллар валюта иқтисод қилинади, дегани.

    2021 йил 25 декабрь куни давлатимиз раҳбари “Uzbekistan GTL” заводининг ишга туширилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди ва уни мамлакатимиз саноатида яна бир ёрқин саҳифа очаётган улкан корхона сифатида эътироф этди.

    Шу куни яна бир тарихий лойиҳани жорий этишга таъмал тоши қўйилди. Янги қуриладиган корхонада “Uzbekistan GTL”да ишлаб чиқариладиган 430 минг тонна нафтани қайта ишлаш ҳисобидан йилига 380 минг тонна полиэтилен ва полипропилен тайёрланади. Яна мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Натижада қўшимча 550 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади.

    Ўз навбатида, ана шу маҳсулотларни янада чуқур қайта ишлаш орқали 2 баробаргача кўп истеъмол маҳсулотлари тайёрлаш мумкин. Мисол учун, 100 миллион долларлик полимерлардан электротехника, қурилиш материаллари, автомобиль саноати ва бошқа соҳаларда йилига қўшимча 200 миллион долларлик маҳсулотлар харидорларга таклиф этилади. Шунингдек, пластмасса ва ҳар хил турдаги қадоқлаш буюмлари, сув таъминоти учун қувурлар ишлаб чиқариш кўпаяди. Яъни, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган яна камида 1 минг 200 та янги хусусий корхона ва 12 мингта иш ўрини ташкил этилиши учун асос яратилади.

    СИНТЕТИК ДИЗЕЛЬ ЁҚИЛҒИСИ ВА БОШҚА МАҲСУЛОТЛАР

    29 июнь куни “Uzbekistan GTL” заводида мамлакатимиз нефт ва газ-кимёси саноатининг тарихида биринчи синтетик дизель маҳсулоти ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди. Умуман олганда, корхонанинг бу борадаги йиллик қуввати 724 минг тоннани ташкил этади.

    — Тез орада қайта ишлаш орқали юқори сифатли, экологик тоза синтетик суюқ ёқилғи маҳсулотлари, шу жумладан, керосин, нафта ва суюлтирилган газ ишлаб чиқарилиши ҳам бошланади, — дейди “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев. — Ушбу маҳсулотларни истеъмолчиларга Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси савдолари орқали сотилиши белгиланган. Бу борада ЎзРТХБ ва “Uzbekistan GTL” заводи рахбарияти ўртасида икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш доирасида муҳокамалар ўтказилиб, келгусида ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинган.

    Бундан ташқари, жамиятимиз тасарруфидаги жами 15 та нефть базаси билан тайёр маҳсулотни сақлаш учун шартномалар тузилган. Ишлаб чиқарилиши бошланган синтетик дизель маҳсулоти биржа савдолари орқали тўғридан-тўғри заводдан сотилиши баробарида республика миқёсидаги барча нефть базалари орқали ҳам реализация қилиниши белгиланган.

    Бугунги кунда GTL технологиясига бутун дунёда талаб кун сайин ортиб бораяпти. Шу асосда ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан хомашё сифатида фойдаланган ҳолда, янада юқори қўшилган қийматли янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни кўпайтиришга эътибор қаратилмоқда. Жумладан, завод негизида алкил-бензол, бутен ва гексен, синтетик мойлар, малеин ангидрид, эмульсион қўшимчалар, катализаторлар каби маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қиймати 620 миллион доллар бўлган 6 та лойиҳа амалга оширилади. Бу ярим тайёр маҳсулотлар кимё ва маиший кимё, тўқимачилик, чарм ва мебель, қурилиш материаллари, электротехника каби соҳаларда кенг қўлланилади.

    Заводда ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар жаҳондаги энг юқори экологик талаблар, норма ва стандартларга тўлиқ жавоб беради. Ана шу заводни ишга тушириш орқали мамлакатимизда “яшил иқтисодиёт” сари яна бир катта қадам қўйиляпти. Хусусан, заводни электр энергияси билан таъминлашда ҳам инновацион ечимлар қўлланган. Яъни, технологик жараёнларда ҳосил бўладиган буғ ҳисобидан йилига 650 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, корхона ўзини ўзи зарур қувват билан таъминлайди.

    Президентимиз эътироф этганидек, мазкур жараёнларда иштирок этадиган ёшлар — Янги Ўзбекистон ёшлари. Улар миллий саноатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб, бу йўлда “олтин фонд”имизга айланади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates