Энди ушбу туман яна бир жиҳати билан бошқа туманлардан ажралиб туради. Гап шундаки, Тошкент шаҳридаги 12чи туман бўлган Янгиҳаёт Ўзбекистондаги ўз логотипига эга бўлган илк туман бўлди. Муҳими, логотип муаллифлик ҳуқуқига эга.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу туманда бугун муҳим ўзгаришлар, катта янгиликлар бўлмоқда. Энг муҳими, қилинаётган ишларда имиж, сифат, креативлик масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.
Биргина қурувчилар томонидан кўп қаватли уйларнинг фасад қисмини суратдаги каби ўзига хос услубда бўяш фикри ҳам аслида, янги ва яхши ташаббус.
Маҳаллалар ва мактабларнинг кириш қисмлари ҳам бундай ташаббусдан мустасно эмас.
Туман логотипи ўзига хос маънога эга бўлиб, унда Янгиҳаёт сўзидаги икки калит ҳарф – «Y» ва «h» ифодаланган. Ушбу ҳарфлар мовий ва зангори рангларда бўлиб, улар янги, тоза, соф ҳаётни билдиради. Логотип шаклида ўткир ва чорак айлана кесишувларидан фойдаланилган. Бу услуб ўзида ҳам шарқона, ҳам замонавий минималистик услубни ўзида мужассамлаштиргани билан эътиборга лойиқ. Шунингдек, ҳарфлар шакли япроқларни эслатади. Япроқлар эса катта бир дарахт бўлиб, туман Ватанимизнинг бир бўлаги эканини англатади.
Қисқача қилиб айтганда, янги туман Янги Ўзбекистоннинг янги ҳаётини ўзида мужассам этишга, ҳар ишда креатив, биринчи ва масъулият билан ёндашишга бел боғлаган. Туман ўз имижини яратаркан, ушбу логотипни кўрганингизда Янги бир ҳаёт, сифат, фаровонлик ва масъулият эсингизга тушишини мақсад қилган