Янгиланадиган Конституциямизда инсон ҳуқуқлари кафолати акс этади

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар Конституциявий суд ишларини юритишни янада демократлаштиришни тақозо этди.

    Шу ўринда 20 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида “Конституциянинг олий юридик кучга эга экани, тўғридан-тўғри қўлланиши, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ажралмас ва дахлсиз бўлиб, ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли экани қайд этилмоқда. Буларнинг барчаси Асосий қонуннинг ҳимоячиси бўлган Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда” деб таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Конституциямизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқишни Конституциявий суднинг ваколатида акс эттириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

    Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 8-моддасига асосан “Ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эга” деб белгиланган. Шунингдек, “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактнинг 2-моддаси 3 қисмига асосан “Ушбу пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат ҳуқуқий ҳимоя талаб қилувчи ҳар қандай шахс учун юридик ҳимоя ваколатли суд, маъмурий ёки қонун чиқарувчи ҳокимиятлар томонидан ёки давлатнинг ҳуқуқий тизимида назарда тутилган бошқа ваколатли органлар томонидан таъминлаши ва суд орқали ҳимояланиши имкониятини ривожлантиришни ўз зиммасига олади” деб белгиланган.

    Шунингдек ҳамоҳанг нормаларни ривожланган хорижий давлатлар Конституцияларида ҳам кўриш мумкин Масалан, Бельгия (142-модда), Венгрия (24-модда), Германия (93-модда), Корея 111-модда ва бошқалар.

    Шундай экан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда самарали воситалардан бири бўлган конституциявий шикоят институтини Конституциявий норма билан мустаҳкамлаш мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Нилуфархон Саид-Газиева,

    Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети

    Давлат ҳуқуқий фанлар ва инсон ҳуқуқлари кафедраси профессори,

    юридик фанлар доктори

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates