“Яшил” энергетика истиқболлари

    Энергетика 20 октябр 2020 7027

    Мамлакатимиз ўзининг тўрт фаслли бетакрор табиати, ер ости ва усти нодир бойликлари билан етти иқлимга маълуму машҳур бўлиб келган бўлса, эндиликда унинг янги ноёб хусусиятлари — офтобли осмони, шамолли кенгликлари, тезоқар дарёлари, биологик манбалари ҳам шуҳратини янада оширишга хизмат қилиши мумкин.

    Қайта тикланувчи манбалардан энергия ишлаб чиқаришнинг 97 фоизи қуёш энергияси улушига тўғри келади. Хусусан, офтобли кунлар йилига ўртача 320 кунни ва фаол қуёш нурлари тушиши давомийлиги 3 000 соатни ташкил этиши боис, юртимизда унинг қуввати йилига 525-760 миллиард кВт. соатгача етади. Шамол энергетикасиники эса 500 ГВт.ни ёки амалдаги энерготизимдан 30 баробар кўп бўлган муқобил қурилмаларни жойлаштириш имконини беради.

    Тарихга бир назар

    Маълумотларга қараганда, қуёш батареялари, яъни ёруғликни электрга айлантириш дастлаб француз физиги Александр Эдмонд Бекерел томонидан 1842 йилда кашф этилган. 1883 йилда америкалик ихтирочи Чарлз Фриттс офтоб нурини электрга айлантириш учун кимёвий унсур — селендан фойдаланишни таклиф қилди. Селен асос бўлган қурилманинг усти ўта юпқа олтин билан қопланди. 1984 йилда дунёда дастлабки қуёш батареяси Нью-Йоркдаги бинолардан бирининг томига ўрнатилди.

    1948 йилга келиб “Bell Laboratories” фирмаси томонидан электр токини ишлаб чиқаришга мўлжалланган биринчи қуёш батареялари яратилгани эълон қилинди. 10 йилдан сўнг, яъни 1958 йил 17 мартда АҚШда қуёш панелларидан фойдаланадиган сунъий йўлдош — “Vanguard I” фазога кўтарилди. 1958 йил 15 майда собиқ иттифоқ ҳам шундай қурилмалар билан ишлайдиган “Спутник-3” сунъий йўлдошини учирди.

    1963 йилда Япониянинг “Sharp” компанияси саноат асосидаги қуёш батареяларини ишлаб чиқаришга ўтиши билан ундан наинки космос соҳасида, балки оддий истеъмолчиларнинг фойдаланишлари учун ҳам йўл очилди. Орадан йигирма йил ўтиб, АҚШнинг “Pacific Gas & Electric” концерни марказлашган тармоқ орқали 500 кВт етказиб берадиган илк электр станциясини ишга туширди.

    2010 йилда жаҳон бўйича муқобил энергия ишлаб чиқариш 10 минг мегаваттни ташкил этиб, 1984 йилдаги 1 мегаваттга нисбатан ўн минг баравар ортган бўлса, 2020 йилга келиб бу миқдор 206 минг мегаваттга етди.

    Айни кезда қуёш нури энергиясини электр энергиясига айлантирувчи қурилмалар йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Мисол учун, 2009 йилда ишлаб чиқарилган қуёш панелидан самарали фойдаланиш коэффициенти 39 фоиз бўлса, 2019 йилдан уларнинг самарадорлиги 66 фоиздан ортди.

    Шамол электр станцияларига келганда, унинг тарихига 1887 йилда Шотландияда Жеймс Блит асос солган бўлса, замонавий шамол энергетикаси ватани АҚШнинг Калифорния штати ҳисобланади. Бу ерда 1980 йилларда кенг кўламда бошланган ишлар орадан 40 йил ўтиб, 100 гигаваттга етди. Айни вақтда дунёдаги барча шамол қурилмаларининг йиллик қуввати 651 ГВт.дан ошади. Эндиликда бу рақам яна йилига 10-15 фоиз ортиб бориши башорат қилинмоқда. Ўзбекистон ҳам тез орада ушбу соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўша бошлайди.

    Яқин келажакнинг устувор йўналишлари

    Президентимизнинг 2019 йил 22 августдаги қарорида Ўзбекистонда 2030 йилда қайта тикланадиган энергия
    манбаларининг электр энергияси ишлаб чиқариш умумий ҳажмидаги улуши 25 фоизга етказилиши белгилаб берилган. Ҳозирги пайтда бу кўрсаткич
    10-12 фоизни ташкил этади. Белгиланган муддатда кўзланган натижага эришиш учун эса Энергетика вазирлиги қайта тикланадиган энергия манбаларига боғлиқ йирик лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш чораларини кўрмоқда. Уларга мувофиқ, ўн йил ичида умумий қуввати 5000 МВт бўлган қуёш электр станциялари ва 3000 МВт.га тенг бўлган шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилган.

    — Шу мақсадда вазирлигимиз томонидан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки (ОТБ) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) кўмагида ушбу лойиҳаларни тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳисобига амалга ошириш учун сармоядорларни танлаб олиш ишлари олиб борилмоқда, — дейди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев. — 2021 йил охиригача мамлакатимизда ҳар бирининг қуввати 100 МВт бўлган иккита қуёш электр станциясини ишга тушириш мўлжалланган. Айни йўналишда Энергетика вазирлиги давлат-хусусий шериклик дастурига асосан, Жаҳон банки гуруҳи таркибига кирувчи Халқаро молиявий корпорация (IFC) иштирокида фотоэлектрик станцияларни қуриш учун “Scaling Solar II” лойиҳасини амалга оширяпти. IFC қуёш энергиясига дахлдор лойиҳалар бўйича тендерларни таркиблашга ва ўтказишга ёрдамлашадиган етакчи маслаҳатчи сифатида жалб этилган.

    2019 йилда юртимизда IFC кўмагида халқаро тендер савдоларининг биринчи босқичи ташкил этилиб, шу йилнинг 4 октябрь куни унинг натижалари эълон қилинди. Навоий вилоятида 100 МВт қувватли илк фотоэлектр станция қурилиши бўйича ўтказилган ушбу тадбирда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, БАА, Ҳиндистон, ­Жанубий Африкa, Россия, Испания, Норвегия ва Франциядан 23 та компания қатнашди. Уларнинг 11 таси дастлабки саралашдан ўтди. Тижорат таклифлари бешта компания, яъни “AcwaPower” (Саудия Арабистони), “Jinko Power” ва “Aljoimah Energy&Water Consortium” (ХХР/Саудия Арабистони), “Masdar” (БАА), “TBEA Xinjianing Sunoasis CoLtd” (ХХР) ва “Total Eren” (Франция) томонидан тақдим этилди. Талабгорларнинг техник ва тижорат таклифларини ўрганиш ҳамда баҳолаш натижаларига кўра, 1 кВт/соат ишлаб чиқарилган электр энергияси учун 2,679 АҚШ центи тарифи билан қурилиш муддатини 12 ой этиб белгилаган “Masdar” (БАА) компанияси биринчи босқич ғолиби, деб топилди. БАА экспертлари фикрича, бу қуёш электр станцияси йилига 260 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.

    — Жорий йилда мазкур лойиҳа тендерларининг навбатдаги босқичи ўтказилмоқда, — дейди Шерзод ­Ходжаев. — “Scaling Solar II” доирасида Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бири 200 МВт қувватга эга иккита қуёш электр станцияси қурилиши учун тендер эълон қилинди. Унда қатнашиш учун 83 та компания ва консорциум ариза топширди. Бу инвесторларда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларига доир лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш кучайганидан далолат беради. Энг муҳими, кейинги вақтларда танлов иштирокчиларининг географик қамрови доираси кенгайди, улар сафига янги, хусусан, Европа компаниялари ҳам қўшилди. Биринчи тендер муваффақиятли ўтганини ҳисобга олсак, иккинчисида иштирокчилар сони сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Бу тарифлар янада пасайтирилишига эришиш имконини яратади.

    Айни кезларда Навоий вилоятининг Томди туманида БААнинг “Masdar” компанияси иштирокида умумий қуввати 500 МВт.га тенг шамол электр станцияси қурилмоқда. У 2023 йили фойдаланишга топширилади. “Masdar” Абу Даби амирлигининг “Mubadala Investment Company” инвестициявий холдинг шўъба компанияси ва қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш бўйича дунёдаги етакчи халқаро бирлашмалардан бири ҳисобланади. У амалга оширган инвестиция лойиҳалари портфели қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича 4000 МВт.дан ортиқ қувватни ўз ичига олади.

    ЕТТБ Ўзбекистонни умумий қуввати 1000 МВт бўлган шамол энергияси лойиҳаларини ривожлантириш борасида ҳам қўллаб-қувватламоқда. Ҳозир Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватли шамол электр станцияси барпо этиш учун дастлабки лойиҳа бўйича тендер эълон қилинган. Лойиҳада иштирок этишга 70 та компания ва консорциум қизиқиш билдиряпти.

    Энергетика вазирлиги жорий йилнинг 1 февралида Шеробод туманида Осиё тараққиёт банки кўмагида фотоэлектрик станция қад ростлаши бўйича дастлабки лойиҳа ишга туширилганини маълум қилди. Бу лойиҳа ҳукуматимиз томонидан ушбу банк ҳамкорлигида ишлаб чиқилган 1 ГВт қуёш энергияси ҳосил қилиш дастурининг бир қисмидир. Лойиҳага биноан, камида 200 МВт ўзгарувчан ток қувватига эга қуёш электр станцияси, шу жумладан, янги 220 кВт кучланишли подстанция ва “Сурхон — 500 кВт” подстанциясига уланиш учун жами узунлиги 52 километрлик электр узатиш тармоғи тортилади. Тендерда иштирок этиш учун 50 дан ортиқ компания ариза берди.

    — ОТБ ҳам Ўзбекистоннинг энергетика секторида туб ислоҳотлар амалга оширилишини амалий жиҳатдан маъқулламоқда, — дейди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев. — Жумладан, 2013 йили Қуёш энергияси институти очилишига, 2014 йили қуёш энергетикасини ривожлантиришга оид “йўл харитаси” қабул қилинишига ўз ваколати доирасида ҳисса қўшди. Эндиликда эса республикамизнинг қуёш энергияси салоҳиятини баҳолаш бўйича тадқиқотлар ўтказишда, ушбу энергетикани диёримизда равнақ топтиришга қаратилган изланишлар олиб боришда молиявий мадад бермоқда.

    Мамлакатимиз қайта тикланадиган энергия манбалари лойиҳаларида қатнашиш бўйича яхши шартларни таклиф қилган йирик компаниялар билан бевосита музокараларни фаол давом эттирмоқда. Масалан, “Tota Eren” (Франция) компанияси томонидан Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида фотоэлектрик станция тикланади. Жами қуввати 100 МВт.ли бу иншоотни барпо этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги битим ўтган йили кузда имзоланди. Президентимизнинг 2018 йил октябрь ойида Францияга расмий ташрифи чоғи эришилган келишув ва тегишли қарор ушбу лойиҳа учун ҳуқуқий асос вазифасини ўтади.

    2004 йили Саудия Арабистонининг пойтахти Ар-Риёд шаҳрида ташкил топган “АCWА Power” компанияси сувни шўрсизлантирувчи қурилмалар ва электр станциялари ишлаб чиқарувчиси, инвестори ва оператори сифатида дунёга донг таратган. Ҳозирги кунда Яқин Шарқ, Африкa ва Жануби-Шарқий Осиёдаги 12 та мамлакатда самарали фаолият юритмоқда. Компания портфели 45,5 миллиард долларлик инвестиция қийматига эга бўлган 31 ГВт электр энергияси ва кунига 5,2 миллион куб метр шўрсизлантирилган сув ишлаб чиқарувчи 56 та активдан иборат. Қолаверса, у Саудия Арабистонининг тўққизта конгломерати, жумладан, “Vision” халқаро инвестиция компанияси, Давлат инвестициялари фонди, Давлат пенсия агентлигининг ҳам мулкдори саналади.

    — Яна бир эътиборли жиҳати, ҳозир Бухоро вилоятининг Ғиждувон ва Пешку туманларида ҳар бири 500 МВт қувватга эга шамол электр станцияларини бунёд этиш лойиҳаси бўйича “АCWА Power” билан келишув имзоланиш босқичида турибди, — дейди Шерзод Ходжаев. — Унда тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми 1,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этади. Янги иншоотлар 2023-2024 йиллардан эътиборан ишлай бошлайди.

    Аукцион савдолар регламенти

    Президентимизнинг 2019 йил 8 январдаги фармони ва шундан кейин қабул қилган қарорлари асосида Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбалари асосида электр энергиясини генерация қилиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилиги (ДХШ) шартларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида аукцион савдолар регламенти тасдиқланди.

    — Унинг шартларида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида бошланғич баҳони пасайтириш бўйича аукцион савдолар механизмини жорий этиш зарурати, биринчи навбатда, республика иқтисодий манфаатлари билан изоҳланади, — дейди энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев. — Мазкур рақобат танлови механизми танлов жараёнини рақамлаштириш ва сўнгги қарор қабул қилишда коррупциявий омилларни бартараф этган ҳолда инсон омилини камайтиришга қаратилган бўлиб, бу пировардида қайта тикланадиган энергия учун янада минимал тарифларни олишга имкон беради.

    Халқаро агентлик (IRENA) маълумотларига кўра, дунёдаги 100 дан зиёд мамлакат томонидан қайта тикланадиган энергия манбалари билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш учун онлайн аукцион механизми жорий этилган. 2010-2018 йилларда унинг натижаларига кўра, қуёш электр станциялари учун ўртача электр энергияси нархи 74 фоиз, шамол электр станциялари учун 30 фоиз камайган бўлиб, бу, ўз навбатида, “яшил тарифлар” (давлат бюджети) ҳисобидан соҳадаги йирик объектларнинг субсидия олишни рад этишларига хизмат қилди.

    Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, 2012-2017 йиллар давомида аукцион савдолар асносида умумий қуввати 152 ГВт бўлган лойиҳаларни амалга ошириш учун ғолиблар аниқланган бўлса, 2018-2023 йилларда эса бу кўрсаткич қарийб 500 ГВт.ни ташкил этади.

    Мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбалари соҳасида босқичма-босқич амалга оширилаётган лойиҳалар сони тобора ортиб бормоқда ва ҳеч бири давлат кафолатлари тақдим этилишини назарда тутмайди. Бу, ўз навбатида, соҳада давлат-хусусий шерикчилигининг вужудга келишига ҳам имконият яратади. Сармоядорлар киритаётган таклифлар эса энергетика бозорининг йирик иштирокчиларида мамлакатимизда ишлашга бўлган қизиқиш тобора ортиб бораётганини, бунинг учун қулай инвестиявий муҳит юзага келаётганини яққол кўрсатиб турибди.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates