Ўрганишда масъуллар томонидан яшиллаштириш сиёсати ва белгиланган вазифаларга совуққонлик билан қараш, ҳисобдорликда кўзбўямачиликка йўл қўйиб, кўрсаткичларни бўрттириб кўрсатиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Биргина Қорақалпоғистон Республикасида кўчатлар суғориш тизимлари мавжуд бўлмаган ҳудудларга экилиши ҳамда масъулларнинг эътиборсизлиги натижасида жами 333,1 минг туп кўчатлар нобуд бўлишига йўл қўйилгани, бажарилган ишлар ҳажмига электрон платформа орқали амалда экилмаган жами 136,1 минг туп кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилгани аниқланди.
Бу каби ҳолатлар, республиканинг деярли барча ҳудудларида йўл қўйилмоқда.
Масалан, Тошкент вилояти Оҳангарон туманида ободонлаштириш хизмати томонидан жамоат жойларида 127,5 минг туп кўчат экилгани қайд этилсада, амалда кўчатларнинг аксарияти (90 фоизи) қайта экиш учун мўлжалланган питомниклардаги қаламчалар бўлиб, марказий кўчаларга экилган кўчатларнинг 30 фоизи суғорилмаганлиги ва агротехник тадбирлар амалга оширилмаганлиги натижаси қуриб, ўсувчанлик қобилиятини йўқотган.
Шу каби, Сирдарё вилоятида жами 1355 туп дарахт кўчатлари, Хоразм вилояти Тупроққалъа туманида экилган 3,5 минг туп кўчатларнинг ярмидан кўпи қаровсизлик оқибатида нобуд бўлган.
Шу билан бирга, жойларда масъуллар томонидан амалда экилмаган кўчатларни ҳисоботларда қўшиб кўрсатиш билан бирга, кўчат экилиши учун ажратилган маблағлар талон торож қилинмоқда. Масалан, Навоий вилояти Учқудуқ туманида 2435 туп амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга қўшиб ёзилиб, бюджетдан ажратилган маблағлар ободонлаштириш тизими ходимлари томонидан ўзлаштирилган.
Шу сабабли, барча ҳудудларда жорий йилнинг баҳор ойида маҳаллий бюджетлар ҳисобидан умуммиллий лойиҳа учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан текширишлар ўтказилмоқда.
Ҳозирга келиб, ўз вазифаларини бажаришга масъулиятсизлик билан қараб, хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган 29 нафар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва идоралар раҳбарларининг қонунчиликда белгиланган жавобгарлик масаласи ҳал этилмоқда.
Прокуратура органлари томонидан тегишли ўрганишлар давом эттирилади.









