Бугунги глобаллашув ва интеграциялашув жараёнида дунёда содир бўлаётган мураккаб геосиёсий вазият, энергия ва сув ресурсларининг тақчиллиги, эҳтиёжнинг ошиб бориши натижасида вужудга келган озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи, иқтисодий-ижтимоий ҳаётдаги кескин ўзгаришлар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттиришни талаб қилмоқда.
Президентимиз ўтган йили 20 декабрдаги Мурожаатномасида ушбу масалага тўхталиб, жумладан, бундай деди: “Кўп йиллар давомида янги газ конларига инвестиция киритилмагани, электр ва газ тармоқлари модернизация қилинмагани ҳам айни ҳақиқат. Оқибатда тизимда аниқ ҳисоб-китоб йўқлиги, катта йўқотишлар оддий ҳолга айланиб қолган эди”.
Шу йилнинг январь ойида мамлакатимизга кириб келган совуқ ҳаво оқими шароитида давлатимиз раҳбари қайд этган камчиликлар яққол кўринди. Ушбу қисқа вақтда халқимиз ғоят мураккаб ва синовли даврни бошдан кечирди. Бундан буён электр ва газ тармоқларини ривожлантириш ишларини бевосита “яшил” иқтисодиёт талабидан келиб чиқиб бажариш зарурати кундек равшанлашди.
Мамлакатимизнинг келгуси тараққиётига ҳар бир йўналиш бўйича чуқур ўйланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, сарфланадиган инвестиция маблағини тўғри ва аниқ манзилли ишлатиш орқали машаққатли, жасоратли ва ҳалол меҳнат билан эришилади. Ушбу масалаларни ҳал қилиш бўйича Президентимиз олтита йўналишни белгилаб берди.
Мазкур йўналишларнинг бешинчисида “яшил” иқтисодиётга ўтиш масаласи кўзда тутилган. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун “Табиатимизни асраб-авайлаш, сув, ҳаво ва атрофмуҳитни тоза тутиш келгуси йилда ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ҳамда амалий ҳаракатига айланиши керак. Бу борада мавжуд вазиятни ижобий томонга ўзгартириш учун экология ва атроф-муҳитни асраш бўйича саъй-ҳаракатларимизни, хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишларимизни кучайтирамиз”, деди давлатимиз раҳбари.
Демак, 2023 йилда мамлакатимиздаги ҳар бир маҳалла аҳолисининг маданияти ҳамда амалий ҳаракати “яшил” иқтисодиётни шакллантиришга қаратилади. Жараёндан бирор киши четда қолмайди. “Яшил” иқтисодиётга ўтиш ғояси кеча ёки бугун пайдо бўлган эмас. Президентимиз 2021 йили Корея Республикасида ўтказилган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик — 2030” (P4G) иккинчи халқаро саммитидаги нутқида “Бугунги кунда она табиатнинг ўзи бизга йўллаётган огоҳлик қўнғироғига бепарво бўлмаслигимиз керак. Афсуски, иқлим ўзгаришлари тобора кучайиб бормоқда. Биз яшаётган Марказий Осиёда сўнгги 30 йилда ўртача йиллик ҳарорат тахминан бир даражага кўтарилди.
Минтақамиздаги асосий дарёларнинг ҳавзаси ва биологик хилма-хилликнинг қисқариб бораётгани жиддий хавотир уйғотмоқда. Буғланиш даражасини оширадиган газлар ва атмосферанинг кенг миқёсда ифлосланиши муаммоларни янада чуқурлаштирмоқда. Бугунги кунда “яшил тараққиёт” борасидаги мақсадларга эришиш учун мамлакатларнинг ҳаракатлари янада фаол ва самарали бўлиши кераклигига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Бошқа чорамиз ҳам йўқ”, деб таъкидлади.
Президентимиз айтган “яшил тараққиёт”га эришиш учун “яшил” иқтисодиётга ўтишимиз ва уни ривожлантиришимиз талаб этилмоқда. Шу туфайли мамлакатимизда “Яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 октябрдаги қарорига биноан, 2019-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг “Яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланди.
Ушбу стратегия бўйича қилинадиган асосий ишлардан бири иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишдан иборат. Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, Президентимиз Мурожаатномада алоҳида таъкидлади: “Умуман, келгуси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади. Ушбу мақсадларда 2 миллиард доллар миқдорида инвестиция жалб қилинади.
Бунинг ҳисобидан уларнинг 60 фоиз электр ва газ истеъмоли “яшил энергия”га ўтказилади. Аҳоли хонадонларида эса қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробар кўпайтирилади. Умуман, “яшил энергия”га тезроқ ўтмасак, бу борада қонунларимизда ҳам аниқ механизмларни белгиламасак, аҳолимиз ва тадбиркорларимизни рози қила олмаймиз”.
Бунга эришиш учун мавжуд технологияларни модернизация қилиш, молиявий механизмларни ривожлантириш ва назоратни кучайтириш лозим бўлади, албатта. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида асосий йўналишлардан бири “яшил” иқтисодиётни шакллантириш ва ривожлантиришга бағишланган. Уни амалга ошириш натижасида иссиқхона газининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаси 2010 йилдагига нисбатан 10 фоиз қисқартирилади.
Бундай ишлардан тежалиши туфайли аҳолига етказиб бериладиган газ ҳажми ошади. Мазкур стратегиянинг амалга оширилиши натижасида “100 фоизгача аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари замонавий арзон ва ишончли энергиядан фойдаланиш имконияти билан таъминланади. Бундан ташқари, экологик жиҳатдан яхшиланган мотор ёқилғиси ва автомобиллар ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш кенгайтирилади, электр транспорти ривожлантирилади”.
Зотан, мамлакатимиз келажаги “яшил” иқтисодиётни шакллантиришга бевосита боғлиқ. “Яшил” иқтисoдиёт иқтисoдий тизим бўлиб, aсoсий мaқсaди сaйёрaмизнинг эколoгиясини сaқлaб қoлиш билaн биргa иқтисодиётнинг барча соҳаларини фаол омиллар эвазига ривoжлaнтиришга қаратилган. У инсoн ҳaёти вa сoғлиғи учун зaрур бўлгaн рeсурслaрни, aтрoф-муҳит вa эколoгияни яхлит ҳолатда сақлаб қолиб, ишлaб чиқaриш ва хизмат кўрсатиш соҳалари билан боғлиқ иқтисoдиётни янaдa ривoжлaнтиришгa aсoслaнгaн фaoлиятнинг янги йўнaлишидир.
Бу жараёнда қатор чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси олдимизда турибди. Биринчидан, аҳолининг эҳтиёжини қондириб, фаровонлиги, яшаш даражаси ва сифатини ошириш учун моддий неъматларни яратишни барқарор равишда экология ва атроф-муҳитга зарар етказмасдан кўпайтириб бориш давр талабидир. Бу ўринда асосий эътибор иқтисодиётда энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилади.
Иккинчидан, ишлаб чиқариш ва иқтисодиётни ривожлантириш учун энергия ресурслари, шубҳасиз, керак. Бу қувватни қaйтa тиклaнaдигaн энергия мaнбaлaри ҳисобидан кўпайтириш, жамоат транспортини ҳам электр қуввати билан юрадиганларига алмаштириш, энергияни тeжaйдигaн биноларни барпо қилиш каби йўналишларда иш олиб бориш кўзда тутилади. Иқлим ва экология барқарорлигига имкон берувчи мустаҳкам иқтисодий тараққиётга эришиш чораларини кўриш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради.
Учинчидан, атроф-муҳитга зарарли газ чиқармайдиган, аксинча, асраб-авайлайдиган, экологик безарар технологияларни яратиш орқали табиий маҳсулотларни етиштириш масаласига ҳам алоҳида аҳамият бериш лозим. Бунда технологик модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқиш зарурати мавжуд. Давлат инвестициялари ва харажатларининг асосий йўналишларига илғор халқаро стандартларга асосланган “яшил” мезонларни киритиш ҳам мақсадга мувофиқ.
Тўртинчидан, табиатдаги барча ресурслар чекланган бир паллада инсониятнинг эҳтиёжи чексизлигини инобатга олиб, маҳсулотларни ишлаб чиқариш кўламини табиий ресурсларни камайтирмасдан кенгайтириш, Оролбўйидаги экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўриш ҳам долзарб масалалар сирасига киради.
Бешинчидан, аҳолининг муттасил ўсаётган эҳтиёжини қондириш учун қанча, қандай, кимга ва қайси ҳудудга мўлжаллаб ишлаб чиқариш масаласига атроф-муҳитни асраган ҳолда катта аҳамият берилади. Ушбу соҳада давлат томонидан рағбатлантириш механизмлари, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш мақсадга мувофиқ.
Олтинчидан, “яшил” иқтисодиёт соҳасида юқори самарадорликка эришиш учун хорижий давлатлар билан икки ва кўп томонлама шартномалар тузиш орқали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мумкин. Бу жараёнда “яшил” иқтисодиётни такомиллаштириш бўйича тажрибалар билан ўртоқлашилади. Шу соҳага йўналтириладиган мақсадли инвестицияларни жалб қилиш масалалари илгари сурилади.
Еттинчидан, “яшил” иқтисодиётни шакллантириш ва уни ривожлантириш учун шу соҳани юритадиган кадрларни ҳам шакллантириш мақсадга мувофиқ. Мазкур йўналиш бўйича таълимга инвестиция киритишни рағбатлантириш, чет элнинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали “яшил” иқтисодиётдаги меҳнат бозорига зарур кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш мумкин. “Яшил” иқтисодиёт инсон, табиат ва иқтисодиётнинг ўзаро уйғун ва барқарор ривожланишини таъминловчи муҳим йўналиш эканини кенг жамоатчилик эътироф этмоқда.
Зотан, у туфайли бирор мақсадга эришиш йўлида иккинчи манба йўқотилмайди. Масалан, уй қураман, деб дарахтлар аёвсиз кесиб ташланмайди. Технологияларни кўпайтириш ҳаво атмосферасини заҳарли газ билан тўлдириш эвазига амалга оширилмайди. Бу йўл мамлакатимизнинг барқарор тараққиётга эришиш мақсадларига ҳам мос келади.









