Тарқалган ушбу видеохабарларга "Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ матбуот хизмати муносабат билдирди.
Қайд этилишича, мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво ҳарорати туфайли айрим вагонларнинг совитиш тизимларида носозликлар кузатилган. Видео лавҳага туширилган поезднинг йўл давомида ҳаво ҳарорати +40 C даражадан юқорилаб кетганлиги сабабли совитиш тизимининг компрессор ускунаси ишламай қолган, натижада вагон исиб кетган.
Поезд Тошкент-Жанубий вокзалига етиб келганидан сўнг, унга қўшимча қилиб соз ҳолатдаги вагон уланди ва йўловчилар ушбу вагонга ўтказилди.
"Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ ўтган асрларда ишлаб чиқарилган йўловчи вагонларни совитиш тизимлари, ички интерьери, электр тизимлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш учун керакли чораларни кўрган ҳолда, сифатли бўлган техник жиҳозларни ўрнатиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётганлигини ва вагонлар босқичма-босқич модернизация қилинаётганлигини, охирги 1 йил давомида замонавий талабларга мос бўлган 27 та йўловчи вагонлар харид қилинганлигини маълум қилди.
"Ўзтемирйўлйўловчи" АЖ раҳбарияти йўловчиларга келтирилган ноқулайликлар учун узр сўрайди, — дейилади хабарда.