Ёшлар масаласида хотиржам бўлишга асло ҳаққимиз йўқ

    Маҳаллаларимизда ишсиз ёки ўз йўлини топа олмаётган, юриш-туриши, ёмон хулқи орқали ўзгаларга муаммо келтираётган бир нафар ёш бўлса ҳам зиммамиздаги масъулият юкини енгил ҳисоблай олмаймиз.

    Бугунги ёшларнинг ҳар томонлама баркамол ва етук, юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўша оладиган, чинакам ватанпарвар инсонлар бўлиб етишиши, албатта, айни вақтда уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка боғлиқ.

    Куни кеча Президентимиз раҳбарлигида ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур масалаларга алоҳида тўхталиб ўтилгани мавзунинг нақадар муҳим эканлигидан далолатдир.

    Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги турли аҳоли қатламлари билан бир қаторда ёшлар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётий қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасида ҳам қатор вазифаларни бажариб келяпти.

    Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида “Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканлари” ташкил этилган. Уларда малакали мутахассислар ёрдамида ишсиз ёшлар турли касб-ҳунарларга ўқитилмоқда.

    Шунингдек, вазирлигимиз томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат тест маркази билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинмаган ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлашга қаратилган алоҳида дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. Улар ижроси доирасида 2 минг 178 нафар ишсиз ёш маҳалла гузарларида касб-ҳунарга ўқитилди. Натижада бу йил 45 минг 524 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 8 минг 138 нафар ёшнинг имтиёзли кредит олишида амалий ёрдам кўрсатилди.

    Бугун ёшларни иш билан таъминлаш биринчи галдаги ҳаётий масала эканини ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз. Чунки жамиятдаги аксар муаммолар ишсизлик, пировардида, даромад манбаи йўқлиги, турмуш кечиришдаги қийинчиликлар билан боғлиқ. Ўй-фикри ва қўли иш билан банд, қилган ишига яраша пул топаётган одамнинг хаёлига ортиқча зарарли ўйлару режалар келмайди, албатта.

    Шу боис ҳам йиғилишда давлатимиз раҳбари “Энг муҳим вазифа, аввало, ёшлар бандлигини таъминлаш, муносиб даромад олиши учун уларга шароит яратиб бериш. Бу борадаги энг катта имконият ва захирамиз бу — тадбиркорлик, айниқса, кичик ва ўрта бизнесдир”, деб алоҳида таъкидлади.

    Вазирлигимиз тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллалардаги тарбияси оғир, жиноят қилишга мойил ёки оиласидаги ўзаро турли низолар натижасида руҳий ҳолати ўзгарган ёшларнинг бугунги ҳаётини атрофлича таҳлил қилиб, уларнинг тўғри турмуш тарзига қайтиши ҳамда ижтимоий фаоллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

    Маҳаллаларнинг ёш оилалар ўртасидаги ажралишлар, эрта туғуруқлар, нотинч оилалар фарзандлари ва уларнинг ота-оналари билан ишлаш тизими ўрганилиб, шу асосда ҳар бир ҳудуднинг муаммоларидан келиб чиқиб, “йўл харита”лари ишлаб чиқилди.

    Сўнгги йиллар бизга аниқ кўрсатиб бердики, муаммони шунчаки аниқлаш билан иш битмайди. Шу боис оилалар билан манзилли ишлаш, турли аҳоли қатламлари ўртасида тарғибот ишларини кенг олиб бориш бугуннинг долзарб масаласига айланиб бормоқда. Фуқаролар, айниқса ёшларнинг оилавий муносабатлардаги кўникма ва билимларини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш”, “Бахтли оила сари”, “Низоли оилаларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш”, “Оилавий тарбия сабоқлари”, “Оилавий ҳаётнинг шаръий асослари”, “Ота-оналар университети — ота-оналарга асосий кўмакчи” каби қатор услубий қўлланмалар мунтазам равишда барча маҳаллаларга етказилмоқда.

    Асрлар оша ўзбек маҳаллаларида кўпни кўрган отахону онахонларнинг гапига доимо қулоқ тутилган. Улар юрган кўчадаги нафақат ёшлар, балки катталар ҳам одоб сақлаб, кийиниши, юриш-туриши, гап-сўзига эътиборли бўлган. Ўйлайманки, бугун мана шу қадриятларимиздан унумли фойдаланиш пайти келди. Шу мақсадда носоғлом оилавий муҳитни юзага келтираётган, мунтазам ҳуқуқбузарлик содир этувчи, фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётган 45 минг нафар шахснинг ҳар бирига маҳаллалардаги пиру бадавлат, шу ҳудудда ўз ўрнига эга нуронийлар бириктирилди.

    Амалий ишлар натижасида кексалар таклифи асосида 6 минг 488 нафар фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи ота-она, 3 минг 258 нафар вояга етмаган ўғил-қиз профилактик ҳисобдан чиқарилди, 15 минг 359 та оиланинг нотинчлигига барҳам берилди.

    Йиғилишда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Мазкур йўналишда ҳам вазирлигимиз томонидан муайян ишлар олиб бориляпти. Давлатимиз раҳбари илгари сурган беш ташаббус доирасида 58 минг 615 маротаба спорт мусобақалари ташкил этилди. “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Энг яхши иншо” танловлари ташкил этилиб, уларга бир миллиондан зиёд ёшлар қамраб олинди.

    Шу билан бирга, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорлик тизими яратилиб, ҳарбий қисмларда беш мингдан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Кекса авлод вакиллари иштирокида 84 мингдан ортиқ профилактик ҳисобда турган ёшлар иштирокида 14 мингдан зиёд тадбир ўтказилди. Бундан ташқари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда нуронийлар иштирокида “Уч авлод учрашуви”ни ўтказиш анъанаси йўлга қўйилди.

    Бироқ бу ишларимиз денгиздан томчи, холос. Ёшлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалаларида тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигидаги ишларни янада изчил давом эттирамиз. Қўлни қўлга бериб, оилалар тотувлигини сақлаш, ўғил-қизларимизнинг соғлом муҳитда вояга етиши йўлида бор имкониятларимизни сафарбар этамиз. Чунки глобаллашув таъсирида жаҳоннинг мафкуравий манзараси соат сайин ўзгараётган бир пайтда ёшлар масаласида хотиржамликка берилишга асло ҳаққимиз йўқ. Маҳаллаларимизда ишсиз ёки ўз йўлини топа олмаётган, юриш-туриши, ёмон хулқи орқали ўзгаларга муаммо келтираётган бир нафар ёш борки, биз зиммамиздаги масъулият юкини енгил ҳисоблай олмаймиз.

    Раҳмат МАМАТОВ,

    маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,

    Олий Мажлис Сенати аъзоси

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates