Лойиҳа «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан Германиянинг Solidaritätsdienst International e.V. (SODI) нодавлат нотижорат ташкилоти ва Тошкент шаҳар «Умидворлик» ногирон болаларга ёрдам бериш маркази билан биргаликда амалга ошириляпти.
Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги (BMZ) бунда молиявий кўмак билан иштирок этади.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон волонтёрлари ассоциацияси эса — миллий ҳамкорлар сифатида.
Мазкур лойиҳа қийин вазиятларда қолган (шу жумладан ногиронлиги бўлган) 18-35 ёшдаги ёшларнинг фуқаролик ҳуқуқларини амалга оширишда, шахсий ва касбий салоҳиятини рўёбга чиқаришда имкониятларини кенгайтириш орқали турмуш сифатини яхшилашни мақсад қилган. Бунга уларнинг шахсий, касбий, ижодий ва коммуникатив кўникмаларни ривожлантириш йўли билан эришилади.
Лойиҳанинг асосий вазифалари:
- Тошкент шаҳрида ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар учун Ижтимоий марказ ташкил этиш;
- Бенефициарларни қўллаб-қувватлаш учун янги хизматларни тақдим этиш, тўлақонли инклюзив ёндашув орқали уларнинг касбий имкониятларини кенгайтириш;
- Амалдаги давлат ижтимоий ҳимоя институтлари фаолияти самарадорлигини ошириш механизмларини ишлаб чиқиш;
- Барча манфаатдор томонлар билан мулоқотни йўлга қўйиш, лойиҳанинг бутун муддати давомида фикр алмашишни ташкил этиш;
- Бандлик марказлари, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш элементи сифатида ишлаётган «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарлари ўртасида боғловчи бўғин бўлиш.
Турли қийин вазиятларда қолган ёшлар учун ташкил этиладиган Ижтимоий марказда уларга ижтимоий ходим, психолог, ҳуқуқшунос, IT-тренер, бизнес-маслаҳатчи, ҳунарманд хизматлари бепул кўрсатилади.
Анна ГОСС, «SODI» халқаро ташкилоти директори (Германия):
— Бу Марказий Осиёдаги илк ҳамкорлик лойиҳамиз ҳисобланади. Айнан Ўзбекистонда амалга ошириш бўйича 2021 йил октябрь ойида келишувга эришган эдик. Қийин вазиятда қолган ва ногиронлиги бўлган ёшларни инклюзив қўллаб-қувватлаш учун биргаликда фаол платформа яратишни мақсад қилганмиз. Бу борада бой тажрибамизни ўртоқлашмоқчимиз. Ўйлайманки, ҳамкорлик доирасида кўзланган мақсадга муваффақиятли эришамиз.
Тақдимотдан сўнг, ҳамкор ташкилотлар ва тегишли идоралар вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Унда лойиҳа мақсад ва вазифалари, иш режалари батафсил муҳокама этилди.
Таъкидландики, Ижтимоий марказга мурожаат қилганларга қийинчиликдан чиқиш ва ривожланиш бўйича алоҳида дастур тақдим этилади. Шунингдек, Марказ фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида «Ишонч телефони» ҳам йўлга қўйилади.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати.