21-феврал — Халқаро она тили куни муносабати билан Бангладешнинг мамлакатимиздаги элчихонасида тантанали тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбирда Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Маниш Прабҳат, БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасидан Ашита Миттал ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ўқитувчи ва талабалари, Ўзбекистоннинг турли давлатлардаги фахрий элчилари иштирок этди. Тадбир давомида Бангладеш Халқ Республикасининг Фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Заҳангир Алам тилшунос ўзбек олими Ғулом Исмоиловга мукофотни топширди.
Маълумот ўрнида, Ғулом Исмоилов “Ўзбек тили лексикаси ва терминологиясининг мустақиллик даври тараққиётини тадқиқ этиш” фундаментал лойиҳаси доирасида илмий тадқиқотлар олиб бориб, 2011-йилда “Ўзбек тили терминологик тизимларида семантик усулда термин ҳосил бўлиши” мавзусида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. Ҳозирги кунда “Туркий тиллар фразеологизмларининг лингвокултурологик тадқиқи” мавзусидаги докторлик диссертацияси устида изланиш олиб бормоқда.