Лого Лого-пв-уз

    Заминимиздаги хилма-хил микроорганизмлар жаҳон микробиология фани учун ўта қизиқарли янгилик манбаидир

    Суҳбат 26 июл 2023 1714

    Микробиология институти директори, биология фанлари доктори, профессор Қаҳрамон ДАВРОНОВ билан суҳбатимиз муассасанинг илмий тадқиқот фаолияти, ишланмаларни тижорийлаштириш жараёни, Ўзбекистон микробиология фанининг дунё миқёсидаги нуфузи хусусида бўлди.

    Имом Бухорийнинг ўн икки аср аввал “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай” деган фикри бугун ҳам долзарблигини асло йўқотгани йўқ. Зеро, илм-фан ҳар қандай давлатнинг иқтисодий тараққиётида пойдеворидир. Мамлакатнинг ривожланиши илм-фаннинг нечоғли тараққий этаётгани билан ҳам белгиланади. Шу боис, юртимизни ижтимоий-иқтисодий равнақ топтиришда илм-фан ва инновацион тараққиётга, шунингдек, илм-фаннинг таълим ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини янада чуқурлаштиришга катта эътибор қаратилмоқда.

    Ўзбекистон Фанлар академияси Микробиология институти ҳам ана шу ривожланиш жараёнида иштирок этмоқда. Институт кўз илғамас микроорганизмларни ҳар томонлама ўрганиш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланиш бўйича йирик ва юқори илмий салоҳиятни жамлаган муассасадир.

    Институт директори, биология фанлари доктори, профессор Қаҳрамон ДАВРОНОВ билан суҳбатимиз муассасанинг илмий тадқиқот фаолияти, ишланмаларни тижорийлаштириш жараёни, Ўзбекистон микробиология фанининг дунё миқёсидаги нуфузи хусусида бўлди.

    — Экологик тоза биотехнологиялар яратишга асос бўла оладиган микроорганизмларнинг минтақавий коллекциясини яратиш, тиббиётда янги, импорт ўрнини боса оладиган дори-дармонлар, биологик фаол моддалар, қишлоқ хўжалиги амалиёти учун биологик ўғитлар яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш каби масалалар ечими айнан микробиология соҳаси билан боғлиқ. Бу борада институтда қандай ишлар қилинмоқда?

    — Бугун институт олимлари қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, маиший хизмат, ҳатто метан гази чиқиндисидан катта миқдорда биомасса тўплайдиган кўз илғамас микроорганизмлардан фойдаланиб, келажак учун хизмат қиладиган янги, рақобатбардош, импорт ўринини босадиган, экспортга мўлжалланган биотехнологияларни яратишга эътибор қаратмоқда.

    Олдимизда яна бир ўта муҳим вазифа бор. Бу тупроқ унумдорлигини, қишлоқ хўжалиги ўсимликларининг ҳосилдорлигини ошириш имконини берувчи экологик тоза биологик препаратлар тайёрлаш билан боғлиқ.

    Атроф-муҳитнинг ўзгариб бориши, Орол фожиаси, қурғоқчилик ва сувсизликнинг тобора кенгайиши қишлоқ хўжалиги ривожига, ҳосилдорлик ҳамда сифатнинг тушиб кетишига сабаб бўлмоқда. Шундай мураккаб шароитда ўсимликлар учун фойдали тупроқ микроорганизмларидан оқилона фойдаланиш катта аҳамият касб этади. Зеро, ўсимликнинг муайян даражада соғлом озиқланиши тупроқ таркибидаги микроорганизмлар билан боғлиқ.

    Тупроқшунос олим, академик Евгений Мишустиннинг фикрича, 1 гектар тупроқда яшайдиган микроорганизмларнинг фаол юзаси 500 гектарга тўғри келади. Улар шундай улкан юзадаги тупроқда кимёвий реакцияларнинг ўзгаришини таъминловчи биологик катализатор-ферментларни синтезлайди. Кўплаб йирик молекулали табиий моддаларни парчалаб, уларни органик ва минерал бирикмаларга айлантиради. Бу жараён кеча-кундуз, қишин-ёзин турли тезликда тўхтовсиз юз беради ҳамда тупроқ унумдорлиги ошишига хизмат қилади. Экологик инқироз бу жараённи секинлаштиради, ҳатто тўхташига олиб келади. Бундай шароитда турли сабаблар билан тупроқ таркибида йўқолиб кетган микроорганизмларни қайта тиклаш орқали тупроқ “даволанади”, унумдорлиги оширилади.

    Институтимиз олимлари олдига қўйилган асосий вазифалардан яна бири ўсимликлар учун фойдали микроорганизмларни сунъий шароитда кўпайтириш орқали тупроқ унумдорлигини оширувчи микроб препаратлар яратиш ва уларни ҳаётга татбиқ этишни назарда тутади. Бу борада охирги 6-7 йилда муассасамизда таркиби, таъсир механизми, спецификлиги ҳамда турғунлиги турлича бўлган, тупроқ унумдорлигини оширувчи микроб препаратлар яратилди. Тижорийлаштириш учун баъзиларига махсус грантлар ҳам ажратилди. “Фитобиосол”, “Азос-уз”, “Экобак”, “Микрозим”, “Микроўстиргич” ва бошқалар шулар жумласидан.

    Ушбу препаратлар турли экологик шароитда ўсимликларни азот, фосфор, калий, темир, олтингугурт ва бошқа элементлар билан таъминлашга кўмаклашади. Органик моддаларни чиритиб, гумусга айлантиради. Тупроқни органик чиринди, микроэлемент, фермент, витамин, фитогормон билан бойитиб, унумдорлигини оширади. Ўсимликларда стресс омилларга нисбатан иммунитетни шакллантиради. Узоқ вақт фойдаланиб келинган кимёвий ўғит ва пестицидларнинг зарарли таъсирини камайтиришга хизмат қилади.

    Бундан ташқари, чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик ва балиқчиликда қўлланадиган қимматли озуқа-ем қўшимчалар яратиш, тиббиётда фойдаланиш учун янги биологик фаол моддалар ва дори-дармонлар ишлаб чиқишга қаратилган тадқиқотлар ҳам тизимли олиб бориляпти. Жумладан, институт олимлари яратган ва айни пайтда ишлаб чиқариш ҳамда қўллашга рухсат этилган “Бактовит” пробиотикли озуқа қўшимчаси чорва моллари ва паррандалар иммунитетини ошириш, ошқозон-ичак тизимида учрайдиган бактериал касалликларнинг олдини олиш ва даволаш ҳамда овқат ҳазмини яхшилаш хусусиятига эга. “Бактовит”дан фойдаланилганда озуқанинг энергетик қиймати ва жониворларнинг маҳсулдорлиги 18-22 фоизгача ошгани, озуқадан фойдаланиш эса 17-20 фоиз пасайгани, яъни тежамкорликка эришилгани тасдиқланган. Бунинг устига, ушбу пробиотикли озуқа қўшимчадан муқобил антибиотик сифатида фойдаланиш мумкинлиги илмий ва амалий асосланган. Озуқа тайёрлашда “Бактовит”дан фойдаланилганда жараёнда антибиотикларни ишлатиш ҳолати қисқарган.

    Яна бир мисол: қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда ем-хашакни қайта ишлаш, силос ва сенаж тайёрлаш учун “Имбиокон” биоконсерванти яратилган. Унинг ёрдамида силос ва сенаж тайёрланганда патоген микробиом ҳамда микотоксинлардан холи, ҳимояланган маҳсулот олиш мумкинлиги кўплаб тажрибалар асосида исботланган. “Имбиокон” биоконсерванти чорва моллари озуқасини оқсил ва витаминлар билан бойитади, овқат ҳазм бўлишини яхшилайди, озуқанинг организмга енгил сингишини таъминлайди ва натижада маҳсулдорликни оширади. Ушбу ишланма Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан фойдали модел сифатида қабул қилинган ва патентланган.

    — Тиббий амалиётда қўллаш учун институтда қандай янги биологик фаол моддалар ва дори-дармонлар ишлаб чиқиш йўлга қўйилган?

    — “Лактопролис-АWL” номли биологик фаол қўшимчанинг дунёда ўхшаши йўқ. У ошқозон яраси ҳосил қилувчи патоген бактерияларнинг ривожланишини бостирадиган, микробларга қарши оқсил бирикмаларини синтезловчи ва шу орқали инфекцияни даволаш самарадорлигини оширувчи пробиотик микроорганизмларнинг маҳаллий ноёб штаммларидан ташкил топган. Бу препаратнинг оригиналлиги шундаки, унинг таркибига кирадиган микроорганизмларнинг хусусияти Абу Али ибн Сино давридан бери самарали биологик бирикма сифатида танилган асалари прополисининг биологик фаол фракциялари билан уйғунлаштирилган. Бу препарат ошқозон-ичак трактида содир бўладиган дисбактериозни меъёрига келтириш ҳамда касаллик қўзғатувчи бактериялар тўпланишининг олдини олиш учун қўлланади. Шунингдек, ошқозон яллиғланишини даволаш учун фойдаланишга тавсия этилган ва муваффақиятли ишлатилмоқда.

    Бу препарат яллиғланган тўқимани қайта тиклаш хусусиятига ҳам эга. Импорт маҳсулотларга нисбатан ошқозон ярасининг икки баробар тез битишига ёрдам беради. Шунингдек, иммунитет тизимининг самарали ишлашига кўмаклашади. Ушбу биологик фаол қўшимчадан фойдаланиш ошқозон ярасининг мавсумий қайталанишини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

    Ичак яллиғланиши касалликлари кўрсаткичи йилдан йилга ортиб бормоқда. У жуда оғир асоратларга олиб келади, ҳатто ичак саратони пайдо бўлишига сабабчидир. Шуни эътиборга олган ҳолда институтда яна бир ноёб препарат яратилган. “ПробиоКолит” номли пробиотикли биологик фаол қўшимча айнан хавфсиз, самарадор ва яллиғланишга қарши кучли таъсирга таъсирга эга. “ПробиоКолит” биологик фаол қўшимчаси антимикроб ва инсон иммун тизимига ижобий таъсир кўрсатиш хусусияти юқорилиги билан ажралиб туради. Ичак яллиғланишининг олдини олиш ва даволаш мақсадида беморларга тавсия этилган “ПробиоКолит” биологик фаол қўшимчаси патентланган ҳамда 2021 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатига киритилиб, ишлаб чиқаришга рухсатнома олинган.

    — Биологик фаол моддалар олишнинг ресурстежамкор ҳамда рақобатдош технологияларини яратиш борасида қандай ишлар бажарилмоқда?

    — Биотехнология инсон фаолияти учун зарур бўлган маҳсулотларни биологик тизимлар, яъни тирик организмлар, ҳужайра ва/ёки уларнинг метаболити (уларда синтез бўладиган фаол моддалар) ёрдамида яратиш усулидир. Микроорганизмлар ёрдамида биологик фаол моддалар олишнинг ресурстежамкор ва рақобатбардош технологияларини яратиш, аввало, муҳандислик, технологик ва биологик тафаккурнинг энг илғор, янги ютуқларидан фойдаланишни талаб қилади.

    Мана шулар асосида технологиябоп, чиқинди хомашёдан ривожланиб, исталган нарсани синтез қила оладиган, бошқа микроб ва вируслар таъсирига чидамли микроб продуцентни яратиш устида ишлаяпмиз. Микроб биотехнологиясининг асосий жиҳатларидан бири технологик параметрларни лаборатория тадқиқотлари давридаёқ аниқлаш имконига эга бўлиш билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам институтимиздаги тадқиқотлар, аввало, ресурстежамкорлик, рақобатбардошлик, импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган технологияларни яратишга қаратилади.

    Мавжуд илмий-инновацион салоҳиятдан самарали фойдаланиш асосида инновацион технологиялар яратиш, ишланмаларни тижорийлаштириш борасида қилинаётган ишларга ҳам тўхталсангиз.

    — Ҳозиргача институтимиз олимлари қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт, саноат учун фойдаланиладиган бир неча илмий ишланма яратган ҳамда улар юртимизнинг турли ҳудудида амалиётга жорий қилинган. Жумладан, қишлоқ хўжалиги экинларини турли патоген микроооганизмлардан ҳимоя қилувчи, шўрга, қурғоқчиликка чидамлилигини оширувчи, ҳосилнинг эрта пишиб етилишини таъминловчи, ҳосилдорлигини оширувчи биологик ўғит, биостимулятор ва биопрепаратлар яратилган. Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик учун озуқа-ем захирасини кенгайтириш ва уларни турли юқумли касалликлардан ҳимоя қилувчи ва даволаш хусусиятига эга озуқа қўшимчалар ишлаб чиқилган. Фармацевтикада қўлланадиган пробиотик микроорганизмлар асосида биологик фаол қўшимчалар, баъзи микроорганизмлар ҳосил қилган моддалар асосида юрак касалликларининг олдини олувчи, қандли диабетни даволашга ёрдам берувчи илмий ишланмалар мавжуд. Ушбу илмий ишланмаларнинг таркиби ўзимизнинг тупроқдан, табиий манбалардан ажратиб олинган микроорганизмлар ҳамда улар ҳосил қиладиган жуда фойдали моддалардан иборат.

    Ўзбекистонда шўрланган ер кенгайиб бориши янги микроб технологиясига асос бўладиган микроорганизмлар пайдо бўлишига олиб келди. Фан тилида микроблар ёрдамида кучаядиган (индуцирланадиган) кальцийни чўктириш, яъни ўзидан ўзи биокальцийланиш табиий жараён бўлиб, кўплаб амалий аҳамиятга эга бўлган, истиқболли биоцементланиш технологиясининг яратилишига тамал тоши қўйди. Бу биотехнология учун энг мос келадиган манба уреаза фаоллигига эга, кальцийлантирувчи бактериялар (уробактериялар)дир. Улар шўрга чидамли галофил микроблар орасида ривожланади. Биз Орол денгизининг қуриган тубидан шундай бактериялардан ўнга яқинини ажратиб олишга эришдик ва улардан баъзилари яқин келажакда қурилиш биотехнологиялари учун асос бўладиган самарадор хусусиятга эга эканини аниқладик.

    Энг фаол бактериялардан учтаси АҚШдаги Халқаро микроорганизмлар (NSBI) базасидаги маълумотларга киритилди. Россиянинг фойдали микроорганизмлар коллекциясига топширилди. Бу бактерияларни ўрганиш орқали уларда қумли тупроқ (грунт)ни барқарорлаштириш, шикастланган бетонли конструкцияларни қайта тиклаш, янги қурилиш материаллари тайёрлаш, оғир металл билан ифлосланган тупроқни биоремедиация қилиш (биологик қайта тиклаш) хусусияти борлиги маълум бўлди.

    Ўзбекистон иқлим шароитига мослашган янги штамм (бактерия)лар яқин келажакда биоцементлаш технологияларининг янада истиқболли вариантини яратишда муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бунинг учун янги топилган бактерияларни кўп ҳажмда кўпайтириб, биомассасини ажратиб олишни йўлга қўйиш ҳамда яратилган янги технологияли маҳсулотларга кафолатли харидор топиш устида изланишлар олиб боряпмиз.

    Институтдаги ишланмаларнинг баъзилари тижорийлаштирилган, баъзилари эса тижорийлаштиришга тайёрланмоқда. Хусусан, “Ер малҳами”, “Fosstim”, “Rizokom” биоўғитлари, “Serhosil”, “Mikroo‘stirgich” биопрепаратлари, “Trixostim” озуқа-ем қўшимчаси, “Microzyme-1” ва “Microzyme-2” энзимли органик ўғитлари, “Лактопрополис”, “Пробиокейр” биологик фаол қўшимчалари, “Имбиокон” биоконсерванти тижорийлаштирилган. Ушбу илмий ишланмалар Интеллектуал мулк агентлигининг патенти билан ҳимояланган ва гувоҳномаларга эга.

    Соҳа олдида турган муаммолар нималардан иборат?

    — Ўзбекистонда микробиология ва микроб биотехнологияси соҳасида кенг кўламли илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда олинадиган натижалар асосида иқтисодиётнинг бир қанча тармоқлари (фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, кимё саноати, экология, гидрометаллургия ва бошқалар) учун янги инновацион биотехнологик ишланмалар яратиш мамлакат илм-фанини ривожлантириш ҳамда дунё рейтингида юқори поғоналарни эгаллаш кафолатидир. Чунки микроб биотехнологияси XXI аср фани ва жаҳон илм жамоатчилиги томонидан шундай тан олинмоқда.

    Микробиология институти 1977 йилда ташкил этилганига қарамай, ҳанузгача ўз биносига эга эмас. Институтнинг илмий йўналиши кўпроқ қишлоқ хўжалиги, тупроқ муаммолари ечимига қаратилган. Шунинг учун ҳам тажриба ишлаб чиқариш базаси ҳамда олинган илғор натижаларни синовдан ўтказиш учун тажриба участкаси зарур. Бу каби муаммоларни мустақил ҳал қилиш учун кластерлар, ишбилармонлар билан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яқин келажакда бу муаммо ҳам ижобий ечимини топиб қолса, ажаб эмас. Охирги 2-3 йилда кўплаб замонавий лаборатория ускуналари харид қилишга эришилди.

    Фақат муаммоларга тўхталмай, яратилган имкониятлар ҳақида ҳам айтиш ўринли, албатта. Микробиология институти лабораториялари учун харид қилиниши режалаштирилган илмий лаборатория ускуналарининг рўйхати шакллантирилган ҳамда 1 миллион 361 минг 900 АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган. Ҳозиргача амалда қиймати 800 минг АҚШ доллари миқдоридаги 8 турдаги лаборатория ускуналари харид қилиниб, ишга туширилди.

    Шунингдек, институтда бажарилаётган 1 та фундаментал, 12 та амалий, 4 та хорижий қўшма, 1 та тижорийлаштиришга тайёрлаш лойиҳаларида белгиланган топшириқни ўз вақтида сифатли бажариш ва кўзланган натижаларни олиш мақсадида давлат харидлари махсус ахборот порталида илмий тадқиқот лойиҳалари доирасида харид қилинадиган замонавий илмий лаборатория ускуналарига нисбатан чеклов қўлламаслик юзасидан таклифлар қўллаб-қувватлангани фаолиятимизни янада жадаллантиришга ундайли.

    Ўзбекистон микробиология фанининг дунё илм-фани ривожига таъсири қандай? Халқаро ҳамкорлик хусусида гапириб берсангиз.

    — Мамлакатимиз иқлими, экологик ҳолати ҳайратомуз даражада турфа. Бу ўринда Орол денгизининг қуриган тубидаги хилма-хил тузга бой тупроғи, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятларида жазирама иссиқ бўлаётган бир вақтда Кўкабулоқ тоғида, Майданакда одамлар чопонда юрадиган даражада салқин бўлиши, юртимизнинг турли жойида отилиб турган қайнарбулоқлару шўрконларни назарда тутяпман. Буларнинг ҳаммаси микроорганизмларнинг хилма-хиллиги нуқтаи назаридан ўрганилмагани сабабли ҳам жаҳон микробиология фани учун ўта қизиқарли янгилик манбаи бўлиб хизмат қилади. Биз ҳар йили 10-15 та янги микроб штаммини АҚШнинг Халқаро микроорганизмлар базаси базасига киритамиз. Бу базага фақат янги хусусиятларга эга штаммларгина қабул қилинади.

    Бугун институтимизда 5 йўналишда халқаро грантлар устида тадқиқот олиб борилмоқда. Хусусан, Беларусь микробиологлари билан уч, арманистонлик ҳамда россиялик ҳамкасбларимиз билан икки йўналишда илмий иш қиляпмиз. Муассасамиз ҳамда Озарбайжоннинг ўсимлик вируслари билан ишлайдиган институти ўртасида меморандум тузилди. Хитой микробиологлари билан ҳамкорликда фаолият юритадиган лаборатория ташкил қилиниб, ишга туширилди.

    Ҳар бир лабораториянинг илмий тадқиқотида замонавий усуллар ва янги технологияларни жорий қилиш мақсадида Евроосиё мамлакатларидаги жамоалар билан ҳам алоқа ўрнатганмиз. Ҳозиргача Россия, Беларусь, Озарбайжон, Қирғизистон ва Арманистон илмий-тадқиқот институтлари билан 13 та меморандум имзоланган. Бундан ташқари, институтимизда Россия, Беларусь ва Арманистон институтлари билан ҳамкорликда 4 амалий ва фундаментал лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳам Ўзбекистон микробиология фанининг бугун дунё илм-фани ривожига қўшадиган ҳиссаси, қолаверса, кўрсатадиган таъсири инъикоси, деб биламан.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates