Замонавий саноат тараққиёти мисга бўлган талабни оширмоқда

    Саноат 25 июл 2023 1659

    Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни кескин қисқартириш мақсадида янги турдаги тоғ-металлургия машиналари, ускуналари ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи Машинасозлик заводини қуриш бўйича ҳисоб-китоблар тайёрланмокда.

    Шу кунларда пойтахтимиз яна бир халқаро тадбир — тоғ-кон ва металлургия саноатини ривожлантиришга бағишланган конференцияга тайёргарлик кўрмоқда. Мазкур нуфузли анжуманда дунёнинг етакчи геология, кончилик ва мис ишлаб чиқариш компаниялари вакиллари, соҳада илмий изланиш олиб бораётган олимлар, фан арбоблари иштирок этиши кутилмоқда.

    Конференция доирасида республикамизда тоғ-кон ва геология саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ривожланиш тенденциялари, глобал қиймат занжирига боғланиш бўйича қилинаётган ишларни муҳокама қилиш, соҳага истиқболли инвесторларни жалб қилиш механизмларини кўпайтириш, кон-металлургия ҳамда унга боғлиқ саноат тармоқлари ўртасида кооперация алоқаларини ўрнатиш назарда тутилган. Cаноатнинг муҳим, таъбир жоиз бўлса, асосий ва истиқболли тармоғига доир халқаро анжуманнинг Ўзбекистонда ўтказилаётгани бежиз эмас. Бинобарин, сўнгги йилларда мамлакатимизда мис қазиб олиш ва ундан маҳсулот ишлаб чиқаришга катта эътибор берилаяпти. Дунёда эса мис қазиб олиш саноати ва унга алоқадор тармоқларга иқтисодиётнинг ҳақиқий драйверлари сифатида қаралади.

    Мис – юмшоқ, чўзилувчан, болғаланувчан қизғиш тусли металл ҳисобланади. Унинг айнан ана шу каби хусусиятлари туфайли бугун дунё иқтисодиётида қадри ортиб бормоқда. Мутахассислар унга келажак маҳсулоти, дея баҳо беришади. Чунки яқин келажакда айнан мис билан боғлиқ бўлган ишлаб чиқариш тармоқлари жадал ривожланади ва бу жараёнга аллақачон киришилган.

    Дунёда электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳалари ривожланиши эвазига 2030 йилга бориб мисга бўлган талаб 40 фоизга ошиши кутилмоқда. Қувонарлиси, бу борада юртимиз катта захирага эга. Заминимизда истиқболли конлар мавжуд. Жумладан, комбинатимизнинг мис ресурслари 45 миллион тоннани ташкил этиши ушбу йўналишда улкан имконият мавжудлигидан далолатдир. Улкан захирани ўзлаштириш, улардан қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатлар эса яқин истиқбол ҳақида тасаввур қилишга имкон яратади.

    Маълумки, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш ва ялпи ички маҳсулотда саноат улушини ошириш бўйича устувор вазифалар белгиланган. Давлат дастурига мувофиқ, мис саноати кластерини ташкил этиш орқали мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар кўпайтирилиб, 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айни пайтда бу борадаги ишларга жиддий киришилган. Яъни, Канаданинг “HATCH” консалтинг компанияси билан биргаликда Мис саноати кластерини ташкил этиш ва ривожлантириш концепцияси, 2022–2026 йилларда кон-металлургия машиналари, техникалари ва тоғ-кон саноатида ўсиб борадиган эҳтиёжлар учун ускуналарнинг янги турларини ҳамда эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш дастури тайёрланди.

    Мис саноати кластерини ташкил этиш ва ривожлантириш концепциясида республикада ишлаб чиқариладиган мис маҳсулотлари рўйхатини шакллантириш мақсадида ташқи бозор талаблари ҳамда мис ишлаб чиқариш салоҳиятини максимал ошириш имкониятлари, рақобат устунликлари ўрганилди. Ушбу кенг кўламли вазифаларни сифатли амалга ошириш учун республика ишчи гуруҳи томонидан Чили ва Бразилиядаги мис кластерлари тажрибаси, энг илғор металлургия комбинатларининг технология ва ускуналари чуқур ўрганилди.

    Масалан, Чилининг “Codelco” компанияси фабрикалари ва “Чукикамата” очиқ ва шахта усулида йилига 18 миллион тонна руда қазиб олинадиган кон тажрибасини “Ёшлик-2”, “Мискон” ва бошқа конларни ўзлаштиришда қўллашни белгилаб олдик.

    “BHP” компаниясининг (Австралия) “Спенса” кони рудасининг таркиби ва геологияси “Ёшлик” кони тавсифига тўғри келиши сабабли, 1 та линиядан иборат бўлган ва йилига 25 миллион тонна руда қайта ишлайдиган рудани бойитиш технологияси ўрганилиб, Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг келажакда қуриладиган 4-мисни бойитиш фабрикасини лойиҳалашда 6 та линияни ўрнатиш назарда тутилмоқда.

    Мамлакатимизда мис саноати кластерини ривожлантириш ҳолатини айрим рақамларда кўрсатиш мумкин. Мисол учун, 2018 йилда 22,4 минг тонна мис қайта ишланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 95 минг тоннани ташкил этади.

    Олмалиқ кон-металлургия комбинати томонидан ҳам юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш борасида салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, дастлабки қиймати 70 миллион долларни ташкил этувчи электролиз усулида ўта юпқа мис фольгасини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш орқали 2025 йилга келиб йилига 5 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Мазкур маҳсулотга жаҳон бозорида талаб кун сайин ошиб бормоқда.

    Электромобиллар сонининг ўсишини ҳисобга олган ҳолда, комбинатда электрмоторларда ишлатиладиган тўғри бурчакли сим ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам бошланди. Лойиҳанинг биринчи босқичида ишлаб чиқариш қуввати 6 минг тоннани ташкил этади. Келгусида бу кўрсаткич 12 минг тоннага қадар оширилиб, асосий қисми экспорт қилинади.

    Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва импортни кескин қисқартириш мақсадида янги турдаги тоғ-металлургия машиналари, ускуналари ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқарувчи Машинасозлик заводини қуриш бўйича ҳисоб-китоблар тайёрланмокда. Бу заводнинг прогноз қиймати 900 миллион доллар бўлиб, 2027 йилда ишга туширилади. Унда 35 турдаги янги жиҳоз ва тайёр ускуналар ишлаб чиқарилади ҳамда 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

    Албатта, ушбу кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш янги барпо этиладиган корхоналарда замонавий технологияларда ишлай оладиган муҳандис ва техник ходимларни тайёрлаш билан бирга олиб борилмоқда.

    Бунда асосий эътибор кон-металлургия йўналишлари бўйича замонавий ва энергия самарадор технология ва ускуналарни ўрганишга қаратилмоқда. Шунингдек, таълим сифатини ошириш учун Миллий тадқиқодлар технологик университети “МИСиС”нинг Олмалиқ филиали ўқув жараёнига йил давомида 8–10 нафар хорижий профессор ва олимлар жалб қилинмоқда. Талабаларнинг комбинат корхоналарида ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва ёш кадр билан доимий равишда ишлаш, уларнинг билим ва малакасини узлуксиз ошириб боришни таъминлайдиган “Устоз-шогирд” тизими йўлга қўйилган.

    Ҳозирги кунда замонавий технологияларда ишлай оладиган, уларни бошқариш қобилиятига эга муҳандислар малакасини ошириш бўйича комбинат қошида Муҳандислик мактаби ташкил қилинмоқда. Мактаб фаолиятини Германиянинг “Aurubis” АЖ тренинг маркази намунасида ташкиллаштириш режалаштирилган.

    Буларнинг барчаси давлатимизда нафақат мис, балки юқори қўшимча қийматга эга турли экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали кўпроқ фойда олиш, ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш имконини бериш билан бирга, мис саноати кластерида хусусий тадбиркорлар иштирокини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишга кенг йўл очиши билан аҳамиятлидир.

    Абдулла ХУРСАНОВ,

    “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ

    бошқаруви раиси

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates