Жорий йилнинг 6 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, давлат буюртмасини шакллантириш тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган йиғилишда қуйидаги ислоҳотларни жорий қилиш таклиф этилди:
Давлат буюртмаси (грант квоталар)ни шакллантириш бўйича:
- давлат буюртмаси параметрларини амалдаги олийгоҳлар кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари кесимида тасдиқлаш тартиби жорий этилади;
- ижтимоий-гуманитар йўналишларга давлат буюртмаси қисқартирилиб, ушбу квоталарни устувор равишда муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳалари орасида тақсимланади;
- 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари олий маълумотли кадрларни тайёрлаш ва уларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ 4 йиллик давр учун тасдиқланади (амалда 1 йил);
- олийгоҳлар моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркибидан келиб чиқиб, кейинги ўқув йили учун умумий қабул параметрларини (грант ва контрактга ажратмаган ҳолда) бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича шакллантиради;
- давлат буюртмаси асосида грант ўринлари ҳар бир йўналиш учун республика бўйича тўпланган баллар кетма-кетлигига кўра абитуриентларнинг танловига мувофиқ амалга оширилади.