“Илҳақ” фильми режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов билан очиқ суҳбат

    Суҳбат 9 май 2020 6202

    Уруш деб аталмиш жаҳаннам ҳеч қачон инсониятга яхшилик олиб келмаган. Ҳеч кимни ғолиб сифатида шарафламаган.

    Маълумки, бугун мамлакатимизнинг қатор телеканалларида премьераси бўлиб ўтиши режалаштирилган “Илҳақ” картинаси Иккинчи жаҳон урушидаги буюк Ғалабанинг 75 йиллигига муносиб туҳфа бўлди. Фильм реал воқеалар асосида суратга олинган ва машъум уруш пайтида Тошкент вилоятининг Хонобод қишлоғилик бешта ўғлидан айрилган Зулфия Зокированинг тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

    Таниқли кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов билан суҳбатимиз Ўзбекистонда биринчи марта Иккинчи жаҳон уруши талатўплари ва суронли йиллари, катта масштабдаги жанг саҳналари асосида суратга олинган фильм теварагида кечди.

    — Кейинги йилларда халқимиз ­эътирофидаги тарихий фильмлар сони кўпайди. “Илҳақ” фильми тарихий мавзудаги изланишларингиз давоми сифатида эътиборимизни тортди. Аввало, фильмни суратга олиш ишлари якунлангани билан табриклаймиз. Қолаверса, ушбу мавзуга қўл уриш ижодкордан жуда катта масъулиятни талаб қилади...

    — Мураккаб даврларга мурожаат қилиш, албатта, ижодкордан катта масъулиятни талаб қилади. Ўша пайтдаги сиёсий жараёнларнинг ўзи катта бир мавзу. Бадиий ижоднинг эътибори эса ҳамиша инсон тақдирига қаратилади. Жуда кўп ўринларда, хоҳлайсизми-йўқми, уруш ваҳимаси фильмда энг олдинги ўринга чиқиб қолиши мумкин. Ахир ўша пайтдаги фожиаларни кўрсатиб бериш осон эмас. Дунёнинг чархпалагини тескари тебрата бошлаган ўша талатўпда халқимизнинг ҳаёти қандай кечган? Мард ва жасур оталаримизни, паҳлавон йигитларимизни кузатиб, фронт ортида бор ташвишни бўйнига олган меҳнаткаш ва жафокаш оналаримиз тақдири қандай эврилишларга дуч келган?

    Менинг бахтим шундаки, беш қаҳрамон жангчининг онаси Зулфия ая истиқомат қилган маҳаллада вояга етдим. Ая номидаги мактабда ўқидим, у кишининг келинларидан бири менга сабоқ берган. Боболаримдан, бувиларимдан Зулфия аянинг бошига тушган ишларни, воқеаларни сўраб-суриштириб катта бўлганман. Анча йиллар олдин айни мавзуда фильм ишламоқчи бўлиб, бир нарсалар қоралаганман ҳам... Афсуски, ўша пайтларда ёш режиссёрларга тарихий мавзуда ижод қилиш учун имкониятлар етарли бўлмаган. Шундай бўлса-да, мен ўз орзуимдан воз кечмаганман. Архивлардаги Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ маълумотларни ўрганишдан сира чарчамадим. Биласизми, Ўзбекистон мудофаанинг моддий эҳтиёжини таъминлашда олдинги сафларда туриб, нимаики зарур бўлса, барчасини аямай сарфлаган. Чунончи, уруш йилларида аҳоли томонидан мудофаа жамғармасига катта миқдорда нақд пул, заём, олтин ва кумушлар топширилган. Армияга жангчилар учун уст-бош ва турли маҳсулотлар жўнатилган. Фронт газлама, ўқ-дори, озиқ-овқат маҳсулотлари билан тинимсиз таъминлаб турилган. Республиканинг ҳар бир вилояти, шаҳар ва туманидан юртдошларимиз жангчиларга ёрдам қўлларини чўзадилар. Ўша пайтда қамалда қолган Ленинград шаҳри учун ўнлаб вагонларда инсонпарварлик ёрдами жўнатилади. Буларнинг ҳисобини келтираман десангиз, ҳайратингиз ошиб бораверади. Ахир ўша пайтда фронт ортида меҳнат қилишнинг ўзи бўлмаган. Қанчадан-қанча одамлар очлик ва касалликдан силласи қуриб, вафот этган-ку... Минглаб аёл бева, болалар эса етим бўлиб қолди. Ота-оналар фарзанд доғида қайғу-алам билан бу дунёдан кўз юмдилар. Зулфия ая ҳам ўша пайт­ларда уйидаги бор дон-дунини фронт учун олиб чиқиб беради. Соғин сигирини эса аҳолига наф келтириши учун қиш­лоқ кенгаши раисидан сўраб олиб қолади. Буларнинг барчасидан бугунги ёшларимиз бохабар ­бўлишлари керак. 75 йилдан бери ҳар йили 9 майда фашизм устидан қозонилган ғалаба учун қувонамиз, Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаймиз. Лекин мана шу ғалаба ортида халқимиз нималарни қурбон берганини фарзандларимиз ҳис қила олиши, ҳар қандай мушкул вазиятда бирлашиб енга олиш жуда катта куч эканини англаши лозим.

    — Фильмда акс этган “белбоғ боғлаш” маросими саҳнаси... Зулфия ая келинларига урушда ҳалок бўлган ўғилларини кутмасдан, турмуш қуришлари мумкинлигини айтганида, биз ҳамиша сизнинг ёнингиздамиз, дея келинлар белларига белбоғ боғлаб, ўз уйларини тарк этмайди. Бу сизнинг топилмангизми? Ёки...

    — Миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз билан боғлиқ ҳар қандай деталь мен учун қадрли. Болалигимдан бери тўй-маъракаларда боғланадиган белбоққа ўзгача қизиқиш билан қараганим учун ёши улуғ боболаримиз ва момоларимиздан кўп суриштирганман. Тошкент вилоятида эридан ёш бева қолган аёлларнинг белига турмуш ўртоғининг белбоғини боғлаб қўйишади. Кўнгил сўраб келувчилар бевага таъзия билдиради. Яна бир маълумотга кўра, аёлга уйланиш талабида бўлган эркаклар унга белбоғи белидан тушганидан сўнг оғиз солган. Яъни унинг белбоғни ечгани —“мен аза тутиб бўлдим”, деган маънони билдирган. Ана шу изланишларим асосида фильмга “белбоғ боғлаш” саҳнасини қўшдим. Зулфия ая фильмнинг бошидан-охиригача эрининг белбоғини белидан сира туширмайди ва бу билан қайта турмушга чиқмаслигини билдирган. Шунингдек, айни пайтда унутилиб бораётган бошқа удум ва анъаналаримизни ҳам фильмга киритишга ҳаракат қилдик.

    — “Илҳақ” фильми қайси актёр ва актрисалар учун ўзига хос синов майдони вазифасини ўтади? Зулфия ая образи учун танлов ишлари қандай кечди?

    — Чиндан ҳам бош роль ижрочиларининг ҳар бири устида жиддий бош қотирдик. Одатда актёрларни танлаш борасида бир тўхтамга келишимиз учун 20 кун муддат берилади. Бизнинг синовимиз эса 3 ойга чўзилиб кетди. Зулфия ая образи синовига Ўзбекистон халқ артисти унвонига эга бўлган 8 нафар устоз санъаткорни таклиф қилдик. Анча тортишув ва мунозаралардан кейин актриса Дилором Каримовани тасдиқладик.

    Шу ўринда яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратишни истар эдим. Томошабин ўрганиб қолган бир хил ижодий жамоадан, доимий киноюлдузлардан воз кечишга ҳаракат қилдим. Жараёнга деярли 85-90 фоиз янги ижодкорларни жалб қилдим. Янги бир ҳарорат, янги бир нигоҳ томошабинларимизга кутилмаган ҳайратларни бахш этишини истадим.

    Актёрлар Илҳом Содиқов, Искандар Элмуродов, Фотиҳ Насимов, Ҳусан Рашидов, Бунёд Раҳматуллаев бош роллар учун танлаб олинди.

    — Суратга олиш жараёнида танишган актёр ва актриса турмуш қураётгани ҳақида эшитиб қолдик.

    — Ҳа, “Илҳақ” фильми янги бир оила қурилишига сабабчи бўлди. Зулфия аянинг учинчи ўғли — Муҳаммаджон Холматов образини ижро этган Ҳусан Рашидов ва учинчи келин образини ижро этган Хуршида Соатовани киносиновлар майдонида танидим. Ҳусан асли режиссёрлик бўлимини тугатганини, Хуршида эса Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупованинг набираси эканини ҳам кечроқ билдим. Суратга олиш ишлари бошлангач, айнан мана шу жуфтлик мени қийнай бошлади. Хуршида жуда уятчан ва тортинчоқ қиз экан. Ҳатто уларнинг ижроси боис, суратга олиш ишлари вақтинча тўхтатилган пайтлар ҳам бўлди. Бироқ вақт ўтиши билан ўз ролларига киришиб кетди. Уларга бахт тилайман. “Илҳақ” фильмида яралган муҳаббатлари боқий бўлсин.

    Ижтимоий тармоқдаги саҳифангизда фильмнинг мураккаб жанг саҳналари Беларусда суратга олингани ҳақида ёзгансиз. Фильмда беларуслик йигирмага яқин киноактёр ҳам суратга тушган экан. Улар билан ишлаш қийин бўлмадими?

    — Бу саволингизга жавоб беришдан олдин фильмимиз воқеалари 1939-1962 йиллар оралиғида кечишини айтиб ўтмоқчиман. Нима учун фильмга Катта Фарғона канали қурилиши саҳнасини киритишга қарор қилдим? Чунки бу улкан қурилишда ҳам халқимизнинг асл матонати ва иродаси кўзга ташланган. Ота-боболаримиз оддийгина кетмон ва белкурак билан канал қазиган, бир мақсад йўлида бирлашиб, туну кун меҳнат қилган. Миллатимизнинг мана шу кучи ва ғайратини бутун оламга намойиш қилгим келди. Бу улкан қурилиш майдонида Зулфия аянинг ўғилларидан бири ­Муҳаммаджон иштирок этади.

    Беларусда суратга олинган лавҳалар ҳақида айтадиган бўлсам... Зулфия аянинг беш ўғли: Исоқжон Холматов, Аҳмаджон, Муҳаммаджон, Ваҳобжон ва Юсуфжон урушдан қайтмаган. Бирин-кетин ҳамма ўғиллардан қорахат келади. Зулфия ая, айниқса, кенжаси Юсуфжон учун қаттиқ куюниб ўтган экан. Чунки фақатгина Юсуфжон ҳали уйланмаган, ундан зурриёт қолмаган эди. Қишлоқдошларидан кимнингдир боласидан қорахат келса, “Сенинг битта боланг ўлди, қаддингни тут, ана Зулфия беш паҳлавонидан айрилиб ҳам сабр қиляпти”, деб бир-бирларига таскин беришган. Ке­йинчалик Зулфия аянинг ўғилларидан фақат иккитаси ҳақида маълумот чиқади. Муҳаммаджон Холматовдан келган, йўқолган қорахат топилиб, у 1945 йил 24 февраль куни Польшанинг Вембрандава районида ҳалок бўлгани ва ўша ерга дафн қилингани, кенжа ўғил Юсуф Холматов эса танкчилар командири бўлгани, Ленинград қамалини ёриб ўтиш учун бўлган жангларнинг бирида танки ёниб кетиб, оғир яралангани, госпиталда вафот этгани маълум бўлади. Юсуф Холматов Пискарев қабристонига дафн этилган экан. Ушбу аянчли воқеалар ва жанг саҳналари “Беларусфильм“ билан ҳамкорликда суратга олинди. Зулфия аянинг ўғиллари қаерларда жанг қилганини суриштириб, ўша жойларга бориб, съёмка қилдик. Беш ўғилнинг ҳар бири қандай жасорат ва матонат билан жанг қилганини кенг қамровли ва катта масштабдаги жанг саҳналари орқали намойиш қиламиз. Томошабинларимиз бу саҳналарни кўзда ёш ва ҳайрат билан томоша қилса, ажаб эмас.

    Фильмни суратга олишда беларуслик 40 нафарга яқин киноактёр, рассом, каскадёр, гримёр ва оператор иштирок этди. Улар орасида Геннадий Чуриков, Дмитрий Машко, Виктор Богушевич, Лолита Таборко, Алла Поплавская каби таниқли актёр ва актрисалар бор. Шуни фахр билан таъкид­лаб ўтишни истардимки, Беларусда ўзбек аскарлари кўрсатган қаҳрамонликлари билан жуда машҳур экан. Ҳаттоки ўзбек аскарларининг исм-фамилияси билан номланган қишлоқлар бор. Шунинг учун бизнинг миллатимизни жуда ҳурмат қилишар экан. Суратга олиш жараёнида ҳам актёрлар ва маҳаллий аҳоли бизга бажону дил ёрдам берди.

    Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА

    суҳбатлашди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates