100 йиллик баёзни варақлаганда...

    Таҳририятимизга йўлланган мактублар ичида Қўқон адабиёт музейи ходимлари йўллаган бир мактуб эътиборимизни тортди.

    “Шу кунларда музейимиз янги намойишгоҳини яратиш ишлари қизғин давом этмоқда, – дейди Нигора Тўрақулова. – Биз намойишгоҳ учун манбалар танлаётиб, 1149-сақланиш рақамли қўлёзма баёздан шоир Маҳзуннинг “Сифати Каъбатуллоҳ” номли асарини учратдик.

    Бу асар бизда қизиқиш уйғотди. Мазкур қўлёзмалар бошқа қўлёзмаларга ҳам киритилганмикан, деб қўлимиздаги қўлёзма билан батафсил танишиб чиқдик. Изланишларимиз самарали бўлди. 743-сақланиш рақамли қўлёзма тўпламда юқоридаги асар борлигини кўрдик. У биз билган матндан анча тўлароқ экан. Яна шу китобга мавжуд қўшимча варақларда эса асар нусхасини кўрдик.

    Шу ўринда қўлёзмадаги баъзи мисраларни келтириб ўтмоқчимиз:

    ...У ҳақирга кирса ҳар кимнинг гуноҳи тўкилур,

    Бандаларнинг бошидан гар мирсояси тўкилур.

    Дойи юрдаҳига нури раҳмат ёғилур.

    Орзум сизда шарофатлиғ Расулулллоҳ!...

    Биз "Янги Ўзбекистон” газетасининг ҳар бир сонини катта интиқлик билан кутамиз. Чунки газетангизнинг 6-саҳифасида маънавият ва маърифат оламидаги ўзига хос янгиликлар ва маданий меросимиз ҳақида мунтазам мақолалар бериб борилади.

    Шу боис биз ҳам ўз қувончларимизни, изланишларимизни сиз билан баҳам кўришни истадик. Таҳририятнинг келгуси фаолиятида каттадан-катта муваффақиятлар тилаб қоламиз.

    Сизларга салом ва эҳтиром билан

    Ҳ.ОТАЖОНОВ,
    Н.ТЎРАҚУЛОВА,

    Ғафур Ғулом номидаги Қўқон давлат адабиёт музейи ходимлари