Шу кунларда юртимизда электр энергияси истеъмоли бўйича ўрнатилган ижтимоий норма ҳамда ойлик белгиланган 200 киловаттлик лимит масаласи “трендда”. Интернет тармоқларидан тортиб, ўзаро суҳбатларда ҳам шу мавзу. Ҳатто, ижтимоий тармоқларда юртдошларимиз энергия истеъмоли учун қўйилган базавий нормани бекор қилишни сўраб флешмоб ўтказмоқда. Унда одамлар тегишли мутасаддиларга мурожаат қилиб, 200 киловаттлик лимитни бекор қилишни сўраяпти.
Флешмобда қатнашганлар сони кун давомида юз мингдан ошган ҳолатлар ҳам кузатилди. Ижтимоий тармоқларда кетаётган баҳс-мунозараларда одамлар икки гуруҳга бўлинган. Кимдир ижтимоий норма аҳолини тежамкорликка ундаётгани ҳақида гапирса, бошқалар электр энергиясига бўлган эҳтиёж 200 киловаттдан юқори экани, айниқса, кўп оилали хонадонлар учун жуда камлиги, куз-қиш мавсумида бу эҳтиёж янада ошишини айтиб, эътироз билдиряпти. “Бир хонадонда уч оила яшаймиз, демак, ойлик лимит ҳам ҳар бир оилага 200 киловаттдан бўлганда, 600 киловатт бўлиши керак”, дейди ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири. Бошқа биров эса “Нарх туширилмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда белгиланган лимитни 400—500 киловаттга ошириш керак, ахир, одамларнинг электр энергияга эҳтиёжи ошиб боряпти”, деб изоҳ қолдирган.
Келинг, шу ўринда бироз олдинроққа қайтиб, ушбу масаланинг кўтарилиши омиллари ҳамда ижтимоий нормага тўхталамиз. Жорий йилнинг 1 май санасидан бошлаб электр ва газ учун тарифлар оширилиши ва бунда ижтимоий норма белгиланиши эълон қилингандаёқ одамлар орасида тушунмовчиликлар юзага кела бошлади. Тарифлар нархларининг лимитларга ажратилган ҳолда ўсиб бориши табақалаштиришнинг бир кўриниши, деган эътирозлар пайдо бўлди. Моҳиятан эса, электр энергияси учун аввалгидек барча истеъмолчилар бир хил тарифда эмас, балки ҳар ким фойдаланган маҳсулотига яраша тўловни амалга оширадиган бўлди. Жаҳоннинг қатор давлатларида шундай норма амал қилишини кўпчилик яхши билади.
Шундай қилиб, бозор иқтисодиётига фаол ўтиб бораётган мамлакатимизда ҳам ушбу тартиб йўлга қўйилиб, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан электр энергияси ва табиий газ бир ойлик истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди. Май ойидан тўловлар миқдорлари оширилиб, ижтимоий норма жорий этилди. Унга кўра, электр энергиясига — ойига 200 киловатт, газ 100 куб, иситиш мавсумида — 500 куб метргача миқдор белгиланди. Нархлар ҳам шунга яраша: бир ойда 200 киловаттгача — 450 сўм, 1000 киловаттгача — 900 сўмни ташкил этади. Ушбу меъёр ортиши билан нарх ҳам ўсиб боради, ҳар ким фойдаланганига яраша тўлайди.
Лимит битта оилага етадими?
Мутахасисларнинг тушунтиришича, энергия истеъмолининг ижтимоий нормаси, деганда аҳоли томонидан сотиб олишда имтиёзли тариф қўлланиладиган энергия тушунилади. Яъни, энергия маълум бир меъёргача нисбатан паст (имтиёзли) нархда сотилади ва бу меъёрдан юқори истеъмол учун бозор нархларида сотилади. Ўзимиздаги норма мисолида айтадаган бўлсак, айни пайтда белгиланган 200 киловаттлик норма ва унга қўйилган 450 сўм давлат томонидан субсидияланадиган имтиёзли нарх экани айтилмоқда.
Июнь ойининг ўрталаридан халқ орасида ушбу ижтимоий норма ва белгиланган 200 киловаттлик лимитга нисбатан эътирозлар ошди. Бу кунларнинг одатдагидан исиши сабабли одамларнинг хонадонида совутиш мосламаларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжнинг ортиши билан ҳам боғлиқ. Натижада 200 киловаттлик лимит озлик қила бошлади. Фойдаланиш ҳажмининг ортиши ҳисобига 200 киловатт бирдан тўлдирилиб, абонентлар кейинги ҳисоблашларда икки баробар юқори нарх тўлашга мажбур бўлмоқда. Айрим фойдаланувчилар эса бу лимит нафақат эҳтиёж ортган вақтларда, балки одатий кунларда ҳам жуда оз эканини таъкидлаяпти.
Шу боис, кўпчилик лимитни 500 киловаттга ошириш керак, деган талабни ўртага қўймоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров эса даромади ўзининг шахсий блогида 450 сўм бўлган 200 киловаттлик лимит аҳолига кўмак эканини айтиб, аслида 1 киловатт электр энергияси 990 сўм бўлиши кераклигига ишора қилди. “Энергетика бозор муносабатига ўтса, иқтисод ўсади, иш ўрни кўпаяди, аҳоли даромади ошади ва таъминот сифати ўзгаради. 1 киловатт электр 990 сўм, ишлаб чиқарувчи даромад олса 1100 сўм бўлади, таҳминан. Даромад бўлса таъминотда сифат яхши бўлади. 450 сўмдан 200 киловатт бу — аҳолига кўмак”, дея фикр қолдирган у ўз саҳифасида.
Бу борадаги фикрлар хилма-хиллиги ортгандан ортмоқда. Мутасаддилар ижтимоий норма ривожланаётган давлатлар учун зарурат эканига ишора қиляпти. Энергетика вазирлиги Молиявий иқтисодий таҳлил ва нарх сиёсати бўлими бошлиғи Орзугул Равшанова билан суҳбат давомида ижтимоий норма ва белгиланган лимитни белгилашдаги мезонлар, умумий таҳлиллар ҳақида сўрадик.
— Аввало, шуни аълоҳида таъкидлаш керакки, мазкур норма ва лимит биргина ташкилотнинг қарори эмас, бир нечта мутасадди органлар, халқаро молия институтлари маслаҳатчилари, халқаро экспертлар томонидан берилган таклифлар, ўрганиш ва хулосалар асосида мазкур меъёр ўрнатилган, — дейди Орзугул Равшанова. — Базавий меъёр бир неча ойлар давомида “AСKUЭ” тизимидан олинган маълумотлар ва бошқа таҳлилларга кўра ҳисобланган. Хусусан, жорий йилда юртимизда 7,6 миллион истеъмолчи абонентларимиз рўйхатдан ўтган бўлса, улар 2024 йилда 21,2 миллиард киловатт соат электр энергия истеъмолини амалга ошириши прогноз қилинган. Бунда 200 киловатт соатгача истеъмол қилувчилар қиш мавсумида 48 фоиз, йилнинг бошқа даврларида 66 фоиз бўлиши тахмин қилинган. Йил давомидаги умумий таҳлилларда эса 200 киловаттгача истеъмол қилувчилар 60 фоизни ташкил қилган. Ёз ойларида аномал иссиқ ёки қишда аномал совуқ кузатиладиган бўлса, маълум давр ичида истеъмол кўпайиши мумкин. Аммо бу йил давомида кузатилмаслиги ва ўртача 200 киловатт соат аҳолининг 60 фоизи ҳиссасига тўғри келганини инобатга олиб юқоридаги меъёр ўрнатилди. Эътирозларга келадиган бўлсак, ҳар бир хонадон фойдаланган ортиқча электр энергияси учун кўпроқ тўлаши жаҳон амалиётида мавжуд тизим. Бу истеъмолчилар ўртасидаги адолатни таъминлайди, шу билан бирга, аҳоли орасида тежамкорликни оширади. Таҳлилларга кўра, шу йилнинг июнь ойида юртимиздаги 71 фоиз аҳоли абоненти 200 киловатт соатгача электр энергия истеъмолни амалга оширган. Бу дегани, оширилган, субсидияланмайдиган нархлар аҳолининг асосий қисмига таъсир қилмаган.
Истеъмолга яраша тўлов
Ҳамкасбим Феруза опа билан гаплашганимизда, хонадонидаги ойлик электр энегия истеъмоли одатда 100 киловаттдан ошмаслиги, июнь ойида уйида бироз таъмирлаш қилгани ҳисобига шу чегарадан юқорилаганини айтиб қолди. Улар кўп квартирали хонадонда истиқомат қилади ва кондиционердан фойдаланишмас экан.
Мақола ёзиш асносида яна бир нечта танишимнинг охирги ойлардаги электр энергия сарфига қизиқдим. Ҳозирги даврда бундай маълумотларни олиш қийин эмас, қўлимиздаги телефон қурилмамизга тайёр СМС хабарнома юборилади. Қолаверса, жорий йил июнь ойидан истеъмолчиларга фойдаланилган электр энергияси ва табиий газ бўйича ойлик маълумот “базавий меъёр” ва ундан ортиқ ҳажмлар кесимида юборилмоқда. Хуллас, кўрганларим мени ҳайратга солди, кўпчилиги ойига 100 киловаттга ҳам етмайдиган электр токи ишлатар экан. Тўғри, уларнинг орасида 250 киловаттдан оширганлар ҳам бор. Аммо ҳамма оила ҳам бирдек эмас. Кимлардир кўпчилик бўлиб яшайди, айримларнинг хонадонида маиший техника воситалари тинимсиз ишлаб туради. Айниқса, ҳозирги пайтда кўпчилик мисол қилаётган кондиционер қурилмаси ҳам яхшигина ток сарфлайди. Бундай шароитда лимит ҳам ошиб бораверади.
Ана энди, ўзимча таҳлил қиламан. Бир хонадон электр энергиядан чегараланган, тежалган ҳолда фойдалансаю, бошқаси исталганча қурилмаларни ишлатиб, керак бўлса, техникалардан фойдаланмаган вақтда ҳам ёқиб қўйсада, иккала оила бир хил нархда тўловни амалга оширса. Қани, бу ерда ижтимоий адолат?! Аммо белгиланган 200 киловаттлик лимитни ошириш зарурати ҳам йўқ эмас.
Гап шундаки, одамларнинг электр энергиядан фойдаланишга бўлган эҳтиёжини бундан 10 йиллар олдинги билан таққослаб бўлмайди. Юртимиз аҳолисининг истеъмол талаби яшаш шароитларига мос равишда ўсиб боряпти. Кейинги йилларда бу талаб камида 35 фоизга ошган ва рақамлар ўсишда давом этяпти. 2030 йилга бориб мамлакатимиз истеъмолчиларининг электр энергиясига бўлган йиллик талаби жорий 74 миллиард киловатт соатдан 110 миллиард киловатт соатгача ошиши ҳисоб-китоб қилинган.
Бошқа томондан, нафақат юртимиз, балки жаҳон миқёсида энергетика захиралари тобора камайиб бораётгани сир эмас. У сайёрамиздаги қайта тикланмайдиган катта бойликлардан бирига айланиб бўлди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уни бесамар, исрофгарчилик билан ишлатиш энди тўғри келмайди. Шу боис, давлатлар ушбу ресурснинг муқобил манбаларини топиш ва жорий этиш баробарида, тежамкорликка катта эътибор қаратяпти.
Ижтимоий норма мисолида айтадиган бўлсак, бир ойда минг киловатт электр энергия сарфлайдиган хонадон 200 киловаттгача ишлатадиган 5 та оиланинг истеъмолига тенг электр энергиядан фойдаланади. Шундай вақтда, табиий ресурсни бошқаларга нисбатан кўпроқ ишлатаётган оила тўловни ҳам шунга яраша қилиши адолатлидек кўринади. Хориж давлатларида ана шундай ижтимоий адолатни таъминлашни, ҳатто, одамларнинг ўзи талаб қилиши ҳақида ҳам эшитганмиз. Энергетика соҳаси бўйича халқаро эксперт Равшан Хўжанов интернет нашрларидан бирига бу борадаги хориж тажрибаси ҳақида гапирганди. “Мен Германияда бир муддат яшаганман. У ерда аҳоли жон бошига энергия истеъмоли ва тўлови Ўзбекистонга қараганда сезиларли даражада юқори. Масалан, ўтган йили Германияда маиший истеъмолчилар учун электр энергиянинг ўртача нархи 1 киловатт соат учун ўртача 0,35 еврони, Ўзбекистонда эса бу ўртача 0,035 еврони ташкил қилган. Бунинг бир қанча омиллари мавжуд, албатта. Бу икки давлатнинг иқтисодий ривожланиши, технологик даражаси ва инфратузилмасидаги фарқлар билан боғлиқ. Биргина мисол, Германияда ўртача иш ҳақи Ўзбекистонникидан анча юқори, бу эса қўшимча электр харажатларини қоплаши мумкин. Аммо икки давлатдаги иқтисодий вазиятни тўлиқ таққослаш учун ишсизлик, инфляция, ижтимоий нафақалар каби бошқа омилларни ҳам ҳисобга олиш зарур. Умуман, кўпгина Европа давлатларида энергия нархи кейинги йилларда сезиларли ошди. Уларда коммунал тўловлар кўпинча харажатларнинг каттагина қисмини ташкил этади”, дейди эксперт.
Юртимизда электр энергия нархи 2019 йилдан то шу йилнинг 1 майига қадар оширилмаган. Мутахассиларнинг айтишича, Ўзбекистон электр энергияси нархларининг арзонлиги бўйича жаҳонда 7-ўринда туради. Шу вақтгача ишлаб чиқариш харажатларининг асосий қисмини давлат субсидия асосида қоплаган. Бу эса нафақат давлат бюджетига зарар, балки соҳа ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатиб келган.
— Ҳозирги кунда 1 киловатт электр энергиянинг тан нархи, яъни ишлаб чиқариш харажатлари қўшилган қиймат солиғи билан 1,002 сўмни ташкил қилади, — дейди Орзугул Равшанова. — Ўрнатилган меъёр бўйича тўлов нархлари эса, 201 дан 1000 киловатт соатгача 900 сўмни ташкил қилади. Ҳатто, ушбу нарх ҳам электр энергия ишлаб чиқариш, уни етказиш, тақсимлаш учун қилинадиган харажатларни тўлиқ қопламайди. Шунга қарамай, аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари ва зарур бўлган миқдорни инобатга олган ҳолда 200 киловаттгача электр энергия учун имтиёзли, субсидияланган нархлар тақдим этилди. Нархлар иложи борича бозор тамойиллари асосида шакллантирилган. Бу қувватларни кенгайтириш, ишлаб чиқариш ва етказиш сифатини яхшилаш учун замин яратади. Келиб тушаётган мурожаатларга келсак, улар ўрганиб чиқиляпти. Аммо ҳозирги кунда 200 киловаттлик лимит масаласини қайта кўриб чиқиш бўйича алоҳида режаларимиз йўқ.
Мутасаддилар тўлов қобилиятига эга бўлмаган ва чиндан ижтимоий муҳтож аҳоли қатлами учун бу борада алоҳида дастурлар борлигини ҳам таъкидлаб ўтди. Юртимизда оммалашаётган қуёш панелларини ўрнатиб, ундан текин электр энергия олиш, ҳатто, истеъмолдан ортганини давлатга сотиш каби қулайликлар шулар жумласидан. Бу борада аҳоли учун қатор имтиёзлар мавжуд. Қолаверса, Энергетика вазирлиги Жаҳон барки билан биргаликда иссиқхона газларини камайтириш бўйича янги лойиҳани амалга ошираётгани ҳақида маълумот берилди. Лойиҳа доирасида 5 миллион доллар грант маблағи ажратилиб, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига бепул қуёш панеллари ўрнатиб бериш кўзда тутилган. Бу ҳаракатлар оширилган тарифларни маълум маънода юмшатиш баробарида, тежамкорлик, энергетика ресурсларидан тўғри ва оқилона фойдаланишга хизмат қилади.
Аввалроқ, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳам тарифлар оширилганидан сўнг май ойида Ўзбекистонда 2023 йилнинг шу даврига нисбатан электр истеъмоли 324 миллион киловатт соатга, газники эса 125 миллион куб метрга камайганини айтганди. Вазирнинг таъкидлашича, абонентлар ва корхоналар сони кўпайиши фонида истеъмолнинг камайиши энергия тежамкорлигидан далолат беради.
2 бараварлик тариф
Лимитлардаги оширилган тарифлар нафақат аҳоли, балки, эндиликда, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа юридик шахслар учун ҳам белгиланиши кўзда тутилган. Бу ҳақда шу йилнинг 30 май куни Президент билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилган. Унга кўра, юридик шахсларга лимитнинг 10 фоизидан ортиғи миқдорида газ ёки электр энергияси истеъмоли учун оширувчи коэффициентлар қўлланиши режалаштириляпти. Яъни, истеъмол лимитдан 10 фоиздан кўпроққа ошса, бизнес газ ва электр учун 2 бараварлик тарифда тўлайди. Ушбу мақсадлар ишлаб чиқаришга халал бермасдан, истеъмолни самарали ташкил этиш орқали ресурсларнинг маълум қисмини тежашни таъминлаши билан изоҳланмоқда.
Қарор ҳали ҳуқуқий асосланмасидан олдин бу масала бўйича ҳам муҳокамалар бошланиб кетди. Хусусан, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов мазкур режа борасидаги фикрлари юзасидан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали пост қолдирди. Унда ёш иқтисодчи ўз таҳлилларини шундай ёзади: “Энергетика вазирлиги белгиламоқчи бўлаётган талаб қимматга тушадиган хато бўлиши мумкин. Уларнинг айтишича, агар юридик шахслар қандайдир “лимит”дан кўпроқ энергия сарф қилсалар, ортиқча ишлатилган энергияга икки баробар жарима солинар экан. Хўш, бу жисмоний шахсларга қўлланилаётган лимит билан қандай фарқга эга? Ҳаммаси жуда оддий: жисмоний шахсларга етказиб берилаётган энергия жуда катта субсидиялашган ҳамда ишлаб чиқариш харажатларидан бир неча баробар арзон нархда берилади. Бунга сабаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, умуман, аҳолига давлат томонидан ёрдам бўлиши мақсадида. Ана шу “ижтимоий норма”ни юридик шахсларга ҳам қўллаш унчалик тўғри бўлмайди. Чунки, биринчидан, шундоқ ҳам юридик шахслар тўлайдиган нарх харажатлардан юқорироқ. Яъни, мантиқан олиб қараганда, юридик шахслар ишлатадиган ҳар бир килоқатт энергиядан энергетика компаниялари фойда олади. Аммо масаланинг бошқа иқтисодий жиҳати ҳам бор. Бу икки баробар ошадиган лимит кичик фирмаларга катта иқтисодий зарар етказиши билан боғлиқ. Кичикроқ ёки янги очилган корхоналарнинг кенгайиши жуда қийин ва қиммат жараёнга айланиб қолиши мумкин”.
Ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилган мазкур қарорларга одамларнинг бефарқ эмаслиги, ўз муносабат ва эътирозларини билдираётгани қувонарли. Ахир, у ўз номи билан ҳам “ижтимоий” норма дейиляпти. Унинг бевосита иштирокчиси сифатида эса ҳар ким фикр билдиришга, таклифларини илгари суришга ҳақли.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
(Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 11.07.24 й, 138-сонида эълон қилинди)