Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг “Yuz.uz”га маълум қилишича, шу йилнинг 2 август куни Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида Баҳодир Ғуломовга тегишли жиноят иши кўриб чиқилди.
Маълумотларга кўра, Баҳодир Ғуломов Когон тумани прокурори лавозимида ишлаб келиб фирибгарлик йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини қўлга киритиш мақсадида 2024 йил январь ойи бошларида Н.Нўъмонов ва хавфли рецидивист бўлган З.Одилов билан жиноий тил бириктирган. Улар Бухоро вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган "Когон ёғ — экстракция заводи" АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича жамият таъсисчиларидан бирининг ишончига кириб, жиноят иши доирасида унга нисбатан айблов эълон қилмаслик ва жиноий жавобгарлик масаласини ҳал этмаслик масаласини Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали ҳал этиши мумкинлигини айтиб, 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора беришни талаб қилган.
Баҳодир Ғуломов 15 январь куни Бухоро шаҳридаги "Турон" меҳмонхонаси олдида 100 минг долларни жиноий шериги Н.Нўмонов орқали олган. Шунингдек, у жиноий ҳаракатларини давом эттириб, "Когон ёғ-экстракция заводи" АЖга алоқадор шахсларни Бухоро вилоят прокуратурасида ишловчи мансабдор шахслар орқали терговга жалб қилмаслик ва жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига яна 100 минг доллар пора беришга далолат қилган ҳамда фирибгарлик йўли билан 44 минг долларни қўлга киритган.
Шундан 10 минг долларни З.Адилов олиб, қолган 34 минг долларни Н.Нўмонов келгусида Баҳодир Ғуломовга бериш учун ўзида сақлаб келган. 13 февраль куни Бухоро шаҳар марказий касалхонаси ёнида ўтказилган тезкор тадбирда Баҳодир Ғуломов Н.Нўмонов орқали 56 минг долларни олган вақтида далилий ашёлар билан ушланган.
Суд ҳукми билан Баҳодир Ғуломов Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми "а" банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик), 28, 211 моддаси 3 қисми "а" бандида (жуда кўп миқдорда пора беришда иштирокчилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга прокуратура органлари тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан "New imperial oil" МЧЖда экспедитор лавозимида ишлаган Нажмиддин Нўмонов 11 йил, хавфли рецидивист ҳисобланган Зафар Одиловга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.