Адабиёти бор элнинг руҳи бақувват бўлади

    Ҳақиқий адабиёт санъаткорлик завқи билан яратилган гўзал, муҳташам асар демакдир. Кучли шахсият, бетакрор услуб, катта истеъдод ва илҳом билан ёзилган асарларгина миллатнинг руҳини кўтаради, кўнглини ўстиради.

    Ярим асрдирки, адабиёт ривожига алоҳида таъсир кўрсатиб келаётган, вужудида ростлик ва мардлик муқим жой эгаллаган, асарларида инсон қалбининг жуда катта эврилишлари ва халқимизнинг асраб қолиниши керак бўлган оҳанглари ўрин олган бетакрор қалам соҳиби, Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим билан суҳбатимиз ижоднинг халқ ҳаёти, турмуш тарзи, ўтмиши, бугуни ва келажагидаги ўрни, мавқеи хусусида бўлди.

    — Суҳбатларингизнинг бирида “Адабиёти бўлмайдиган миллат йўқликка маҳкум”, деган эдингиз. Бугун миллатнинг маънавий қиёфасини яратиш йўлидаги уринишлар, адабиётнинг жамиятга таъсири хусусидаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

    — Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг 3 августида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда “...адабиёт ва санъатга, маданиятга эътибор — бу, аввало, халқимизга эътибор, келажагимизга эътибор эканини, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, адабиёт, маданият яшаса, миллат яшаши мумкинлигини унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ”, деган эди. Шу маънода, адабиёти йўқ миллатнинг тарихий хотираси бўлмайди. Бундай миллат одамлари қандай яшагани, нима деб ўйлагани, нимага интилганини ҳеч ким билмайди. Абадий йўқликка маҳкум. Адабиёти бор халқнинг тарихий хотираси жуда бой, руҳи бақувват бўлади. Кўнгил бўлади бундай халқда. Биз доим халқимиз меҳмондўст, бағрикенг, деймиз. Бу хусусиятлар қаердан пайдо бўлган? Буларнинг барчасини адабиёт туҳфа этган. Атойи, Лутфий, Навоий асарларини ўқисангиз, худди бугунги кун ҳақида ёзилгандай ҳайрон қоласиз.

    Айтмоқчиманки, адабиёти бор халқ ўзининг кимлигини англайди. Ўзбек адабиёти наинки кўнгилни ўстирадиган, балки бир ёғи бориб қадим мозийга, Яратган илҳом берган улуғ инсонларга бориб туташадиган буюк адабиёт. Охир-оқибат бу адабиёт устоз ролини ўйнайди. Биз — шоир, ижодкор халқмиз. Заминимизда шеърият чуқур илдиз отган, ривожланган. Ҳатто илмий асарлар ҳам шеърий йўсинда ёзилган. Масалан, Абу Али ибн Сино асарлари. Ёки тасаввуф илмининг ёрқин намояндаси Ҳазрати Хожа Аҳрор валийнинг прозада ёзилган “Волидия” асарини Бобур Мирзо насрий эмас, назмий усулда таржима қилган. Бобур асар шеър орқали тақдим этилса, одамларнинг кўнглига тез ва теранроқ етиб боришини англаган. Шу боис, одамларни янги, мукаммал босқичга, инсониятни комиллик даражасига чиқишга ундайдиган буюк воситалардан бири бу — шеърият, адабиёт.

    Адабиётсиз одамлар мисоли робот. Пул топади, ейди, ичади, умрини ўтказади. Адабиёт кирган юраклар эса ҳаётнинг мазмун-моҳиятини чуқур англайди, гўзалликлари, машаққатию залварини чуқур ҳис қилади. Уларнинг ҳаёти ёруғ юлдуз мисоли нур таратиб туради. Навоийнинг ўтганига 500 йилдан ортиқ вақт бўлди. Ҳозиргача буюк шоирнинг таваллудини нишонлаймиз. Энг муҳими, халқимизни Худо ёрлақаган, катта истеъдодларни доим Аллоҳ бериб туради. Бунинг натижасида катта шоирлару адибларимиз етишиб келаверади.

    Ҳозир инсоният қизиқ даврни бошдан кечиряпти: янги технологиялар — телефон, интернет ҳаётимизга кириб келди. Бу — замон талаби. Лекин биз телефонга термулиб, адабиётни унута бошладик. Телефонда информация билан энг қулай усулда танишиш мумкиндир, лекин бу кўнгилни ўстирмайди. Ахборот минг қилсаям, ахборот-да. Инсон бу дунёда нималар кечаётганини ахборот орқали англаб боради, холос. Кўнгилдаги эҳтиёжни адабиёт қаноатлантиради. Руҳиятни адабиёт янгилайди. Халқимиз ўқийдиган, англайдиган халқ. Ҳамма халқда ҳам муайян қатлам туфайли жамият илгари одимлайди. Энг катта қатлам — кўзга кўринмайдиган, билинмайдиган, пулдорлардай муҳташам иморат қуриш қўлидан келмайдиган мана шу одамлар, яъни зиёлилар адабиётни яратади.

    “Адабиёт замон билан ҳамнафас” деган гапни теранроқ тушунмоқ лозим. Биз кўпинча бу фикрни ёнимизда умргузаронлик қилаётган замон одамлари ва воқеаларини қандай қилиб қоғозга мукаммалроқ тушириш деб биламиз. Аммо бу жараёнда адабиётнинг ўзи қай тарзда ўзгариши лозимлиги ҳақида деярли фикрламаймиз. Қаҳрамонлар феъл-атворини яратиш, ҳаётни бадиий бир тарзда китобхонга етказиш кераклиги ва шунга ўхшаш уч-тўрт муҳим адабий қонуниятлар қобиғидангина қараймиз.

    Албатта, соф реалистик адабиёт нуқтаи назаридан бу жуда тўғри. Бироқ янги замон тасвири энди фақат бу ўлчамдаги қонуниятларга сиғмайди. Чунки замон билан нафас олаётган адабиётнинг ўлчамлари ҳам бошқа манзара кашф этмоғи лозим.

    Абдулла Орипов шеъриятини тасаввур қилсангиз, у адабиётга ўзининг лексикаси, ўзининг оҳанги, янги сўзлари билан кириб келди. У сўзлар шоиргача адабиётимизда жуда кам ишлатилган. Ўзининг сўзлари, ўзининг оҳанги билан кириб келдики, бунинг натижасида адабиёт шу сўзларни ўзлаштирди. Бу сўзларни ҳозир ҳамма ишлатяпти. Абдулла Орипов ёки Рауф Парфи ўзининг услуби билан адабиётимизни қанчалик бойитганини тасаввур қилинг-а! Кеча ўтган одамлар ҳақида гапиряпман. Шукур Холмирзаев адабиётимизга қанча сўз олиб кирди. Масалан, транспорт маъносидаги “улов” деган сўзни Шукур Холмирзаев адабиётга киритган. “Шаҳарга кетишимизга улов йўқ эди”, дейди ёзувчининг бир қаҳрамони. Ёки Неъмат Аминовни олайлик. “Елвизак” деган сўз бор, илгари “сквозняк”, дейиларди. Ҳозир ҳамма “елвизак”, дейди. Бунда Неъмат Аминовнинг ҳиссаси катта. Айтмоқчиманки, истеъдодли инсонлар халққа жуда кўп билим беради.

    Ўзбек жуда катта халқ. Ҳар жойда ҳар хил шевада гаплашадиган, турмуш тарзи бир-бириникидан фарқ қиладиган ҳудудларимиз жуда кўп. Хоразмга борсангиз, у ерда уйларнинг қурилиши водийдагидан фарқ қилади. Сурхондарё, Қашқадарёда одамлар қанақа яшайди — деярли ҳеч ким билмасди. Тошкент атрофи, водийдан чиққан жуда кўп адибларимиз буни ўзига хос тасвирлаган. Адабиётга Шукур Холмирзаев келди-да, бирдан жанубнинг сўзи, гапириши, туриши, менталитети, ўзига хос мардлиги, тантилигини қандай бўлса, шундайлигича ёзиб кўрсатди. Масалан, бир асарда икки синфдош учрашуви баён қилинган. Бир йигит имтиҳондан йиқилиб, қишлоғига қайтиб келаркан, яхши кўрган қизига “салом бердик”, дейди. Қиз “алик олдик”, дея жавоб қайтаради. Сал истеҳзо, сал шўхлик, сал сир бой бермасдан гапиришни қаранг-да. Бу бошқа вилоятда учрамайди. Одамлар ҳаётига ана шу ранг-барангликни адабиёт олиб кирди. Одамлар ўзини адабиётда кўра бошлади. Ҳақиқий, реалистик адабиётимиз пайдо бўлди. Реалистик адабиётга қадам қўйишимиз жуда катта босқич. Ҳатто шеърда ҳам реализмнинг романтика, фантастика аралаш пайдо бўлиши бу ниҳоятда муҳим воқеа. Реализм адабиётимизда деярли йўқ эди. Ҳаётий бирор воқеликнинг асарга киритилиб, мустаҳкамланиши одамларнинг ўзини адабиётда кўра бошлаганидан далолатдир. “Мана бу менинг ҳаётимга ўхшаркан”, деган тасаввур пайдо бўлади. Одамлар адабиётда ўзини таний бошладими, демак, бу яхши асарлар юзага келди дегани. Зеро, бир ҳақиқат тобора аён бўлиб боряпти: фақат сўзга кўчган нарсагина реалликка айланади. Мана шундай катта адабиётимиз пайдо бўлганидан хурсандман. Ҳатто шеъриятимиз реаллашди. Шеъриятимизда тасвир деярли йўқ эди. Одамларнинг қиёфаси, табиати аниқ намоён бўла бошлади, кинодагидек кўз олдимизда гавдаланди. Муҳаббатнинг, ҳижроннинг, айрилиқ, учрашувнинг аниқ тасвири бор экан-ку, деган гаплар шеъриятимизда пайдо бўлди. Одамлар шеърда ҳам ўзини кўрди. Навоийнинг ғазаллари, достонларида воқелик аниқтиниқ ифодаланган, худди кинодагидай мукаммал тасвирланган мисралар жуда кўп. Замонавий адабиётда мана шунинг пайдо бўлгани қувончли. Бу жуда ҳам муҳим.

    — Ижодингизда бошқаларникига ўхшамайдиган ўзига хослик мавжуд. Ана шу шиддат адабиётда кўплаб истеъдодларнинг майдонга чиқишига асос бўлди. Ижод аҳлини ўзига ром этган омил ҳам, назаримда, шеърларингиздаги теран дард, ўзликни англаш изтироблари. Шу ўринда Ҳазрат Навоийнинг “Кўнгил ичра ғам камлиги асру ғамдур, Алам йўқлиғи дағи қаттиқ аламдур”, деган мисралари ёдга тушади. Шеърларингизда акс этган, шоир ўзининг юксаклигида туриб кўрган-кечирган изтироблар нималардан иборат?

    — Одамнинг битта ўзи ҳаётини, тақдирини ёзишни уддалай олиши — бутун жамиятнинг дардини ёзиш билан баробар.

    Чунки жамиятда кечаётган воқеалар, талотумлар, ҳаттоки ривожланиш ҳам унинг юраги, кўнглию руҳияти оралаб, баъзан эзиб, босиб ҳам ўтадики, асло беиз кетмайди. Алалоқибат шеърга, бирор-бир асарга асос бўлади. Навоийни бир ўқисангиз, муҳаббат ҳақидаги гапларга кўп дуч келасиз. Ёки Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини олинг. Эрталаб бир сатрини ўқиб келаётувдим: “Шоҳмен, вале сенга қулдирмен”. Маҳбубасига қарата: “Сенга қулдирман”, дейди. У ҳам инсон. Муҳаббатнинг олдида ҳукмдорлик тахти нима бўлибди, деган гап бор. Кейин Худо берган истеъдод бор. Буни англаш жуда қийин. Буни Навоий жуда яхши англаган.

    Ҳазрат айтади:

    Демангиз, аҳбобким, қилмасмусен бас йиғламоқ, Ким, манга тенгри насиб этмиш туганмас йиғламоқ.

    “Менга Тангри тўхтамайдиган, тугамайдиган йиғи берган, фиғон берган”, дейди. Бунинг тагида жуда катта гап бор. Навоий “йиғламоқ” деб айтаётган ҳодисанинг ўзи аслида катта илҳом, катта истеъдод. Чунки Худо берган одамгина кечинмасини таъсирлироқ, бошқалардан кўра теранроқ, юксакроқ кўради. Шунинг натижасида ўлмайдиган асарлар пайдо бўлади.

    Мени шайдо қиладурғон бу кўнгилдур, бу кўнгил,

    Хору расво қиладурғон бу кўнгилдир, бу кўнгил,

    дейди Мавлоно Лутфий.

    “Хору расво қиладиган” — оддий сўзлар, лекин унинг маъносини бир чақиб кўринг. Нега хору расво қилади бу кўнгил? Бу хорлик — бошқача хорлик. Одамлар ёзиш йўлида ана шундай хорликларни бошдан кечирган, не-не катта ишларни, не-не мансабларни ташлаб кетган. Саволингиз аввалида ортингиздан эргашганлар ҳам бор, деган маънода гапирдингиз. Нимага эргашади? Чунки менинг кўнглим яланғоч. Мен сидқидилдан, ёлғонсиз туйғуларни ёзганман. Ёлғонсиз, тушуняпсизми? Ёлғон қўшилган жой ҳамма вақт тез дарз кетади. Бошида жуда силлиқ қилиб қурилган бўлса ҳам, кейин дарз кетиб, уваланиб тушади. Ёлғон сўзнинг эртанги кунга келтирадиган фожиаси шундаки, у ўтган одамлар, воқеалар ва давру давронлар ҳақида эгри “ҳақиқат”лар қолдиради. Истеъдодсиз одам ёзган сўз — ёлғон сўзнинг ўзгинасидир. Лекин ҳақиқий туйғулар умрбод қолади. Одамлар сезади: шоир муайян сўзни самимият билан ёзяптими ёки “Ҳа, энди бир шеър ёзиб ташладим-да”, дейдими? Лекин бу самимиятгача анча йўл босиб келиш керак. Умрни, жонни, ҳаётни бағишлаш керак. Бу ҳамманинг қўлидан келмайди.

    — Драматургия соҳасида сиз ёзган пьесалар халқимиз учун маънавий маёқ вазифасини ўтаб келаётир. “Кундузсиз кечалар”, “Алпомишнинг қайтиши”, “Бир қадам йўл”, “Ўтган замон ҳангомалари”, “Адибнинг умри”, “Бахт қуши”, “Синфдош” каби асарларингиз саҳна юзини кўрган. Улуғ ватандошларимиз Амир Темур, Файзулла Хўжаев, Чўлпон, Ойбек образларининг қайта жонланишида хизматингиз катта. Драматургиянинг ўзига хослиги, машаққатию залвари нимадан иборат?

    — Мен драматургияга келишим керак эди, деб ўйлайман. Аввал ёзганларимни ўқиб, менга драматургиядан ҳам насиба берилган экан, дейман. Драматургия адабиётнинг бошқа турларидан жуда фарқ қилади. У шеърга яқинроқ. Томошабин театрга келаркан, кўз олдида янги бир ҳаёт кўрсатилади. Драма тўрт-беш дақиқада томошабинни ўзига жалб этиши керак. Бўлмаса, томошабин залдан чиқиб кетади ёки ҳафсаласи пир бўлади. Шу боис, сюжетни таранг қилиб олиб келиш керакки, қаҳрамонлар гапираётганда томошабин ўзини кўрсин. Залдагиларнинг кўпи саҳнада янграётган сўзларни айтмагандир, лекин айтиши керак бўлган, кўнглидан ўтган гаплардир, эҳтимол. Ўшани топиб айта олиш ва уни томошабиннинг, ижро этаётган санъаткор ва режиссёрнинг кўнглига сола билиш алоҳида истеъдодни талаб қилади. Умуман, драматургия адабиётнинг алоҳида тури. Лекин ниҳоятда қийин йўналиш. Проза ёзадиганлар баъзан ўзининг муаллифлик ишини олиб келади, аммо улар драмага яқин келиши ниҳоятда қийин. Прозада бемалол ўқиладиган асарнинг муайян қисмида пайдо бўладиган тугунларни кўрсатишга театрнинг вақти йўқ. У томошабин билан юзма-юз турибди. У икки соатда ҳамма нарсани ҳал қилиб, томошабинни ё йиғлатиб, ё кулдириб чиқариб юбориши керак. Бунинг учун алоҳида истеъдод керак, деб ўйлайман. Энди англасам, бу иқтидор жуда камёб бўлар экан.

    Чунки ўзим Ўзбек миллий академик драма театрида хизмат қиламан. Ёш адибларга “Бирор нарса ёз”, деб буюртма берган пайтларим бўлди. Лекин камданкам одам буни уддалади. Драматургиямизда ҳақиқий драматурглар ниҳоятда кам. Азалдан шундай бўлиб келган. Ўзбек адабиёти тарихида Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийда шу хусусият бўлган. Иззат Султоннинг пьесаларида ҳам кузатилган. Ҳозирги драматурглар орасида Наманганнинг Чортоғида яшайдиган Нурилла Аббосхон деган ижодкор бор. Шу қобилият унда бир оз кузатиляпти.

    Мен фаолият юритаётган отахон театрнинг талаблари ҳам катта. Драма ёзиб келадиганлар бўлади, аммо театрнинг талабига жавоб берадиганлар, бирдан келиб, катта бир асарни тақдим қиладиганлар кам. Бир ёш ижодкор кириб келди. Дастлабки ишлари яхши эди, аммо кейин бўшашди. Ўзига талабчанликни йўқотди. Бу — фожиа.

    Адабиётда ишбилармонлик кетмайди. Айрим дўстларимиз ҳам ишбилармон қиёфа касб этди. Улар учун театрда спектакль қўйиб, бир-икки сўм қалам ҳақи олиш яхшироқ бўлиб туюлди.

    Адабиёт эса мутлақо бошқа олам. Сидқидилдан меҳнат қилган одамларни яхши кўради. Чин кўнгилдан ёзишни ёқтиради.

    Бундай ўйласа, адабиёт Парвардигор инъом қилган туҳфа-да. Уни бошқа туйғулар билан қориштириш ниҳоятда бемаънилик.

    — Бахшиёна туркуми — ижодингизнинг гултожи. Айниқса, Алпомишнинг маънавий ҳаётимизга қайтишини ноёб адабий ҳодиса, дейиш мумкин. Алпомиш миллий ғурур тимсоли. Бугун ана шу ғурур ёшларимиз қалбида қанчалик илдиз отмоқда? Сизнингча, бугун кўз олдимизда шундай достони бор халқ сифатида кўкси баланд авлод шаклланяптими?

    — Мен 10-15 чоғли ёшларга сабоқ бераман, ҳамма ёшларга эмас. Шу сабаб, улар ҳақида бирор нарса дея олмайман.

    Яқинда Қодир бахши ҳақида эссе ёздим. Ўшанда бахшиёна ҳақида кўп гапларни айтдим. Ўзим болалигимдан бахшиларни севиб эшитганман. Шунинг таъсирида бўлса керак, кейинчалик бахшиёна туркумида кўп шеърлар ёзилди, унинг алоҳида мухлислари шаклланди. Қўшиқлар яратилди. Айни пайтда шу мавзудаги 50 га яқин шеърим бор, кейинчалик бу йўналиш жанр сифатида шаклланди. Ўша пайтда кўплаб шоирлар шу йўлда ижод қила бошлади. Халқ оғзаки ижодига жуда яқин бу шакл яйраб, оғзимизни тўлдириб айтиладиган одми шеърлар, лекин яхши йўлда ёзилган. Бу жайдариликнинг ичига маъно қўшилганидан кейин бошқача кўриниш олади. Туркумнинг хорижда ҳам мухлислари кўплиги мени қувонтиради. Бу — ҳамма ўқиса бўладиган шеърият. Уларда Ватан ҳақида ҳам зўр гаплар бор.

    — Биз Усмон Азим деганда катта шоир, етук драматург, ўз услубига эга ажойиб ёзувчини кўрамиз. Ижодкор сифатида сизга қувват бериб турган асл манба нима? Буни бир сўз билан нима деб атаган бўлардингиз?

    — Нима куч беради, билмайман. Ростини айтяпман. Парвардигор умринг бўйи шу ишни қиласан, деб яратган бўлса, демак, у ишни ташлаб кета олмайсиз. Ҳеч қачон. Шу иш билан шуғулланмаган кунлари ўзингизни жуда ғариб ҳис қиласиз. Халқ учун, Ватан учун ёзяпман, деган гаплар айтилавермайди. Ўз-ўзидан шундай бўлиб чиқади охир-оқибат. Сиз агар бир шахс бўлсангиз ва бу шахс Ватанни соғинса, Ватани билан юзма-юз кўришишни истаса, қиёфасини ўзича тасаввур қиладиган бўлса ёки бошдан кечираётган изтиробини гўзал шаклда бошқаларга юқадиган, бошқаларнинг кўнглига бориб етадиган тарзда айтишнинг маромига тушган бўлса, эҳтимол, ана шу ижодкорга куч берар. Аммо бу мақомга ҳам етиб келиш керак. Худо берган истеъдодни доим тозалаб, улғайтириб туриш зарур. У ўсиши лозим. Буни фақат кўнгил билан, руҳ билан ўстириш мумкин. Тўхтовсиз мутолаа, ўқиб ўрганмоқ лозим. Яхши бир китобни ўқисангиз ҳам кўп нарсалар бошингиздан кечгандек, бўлади. Ҳолбуки, у бошқа китоб, аммо сизнинг умрингизда кечган воқеалар кўз олдингизда гавдаланади. Ҳаёт сувини ича бошлайди. Ҳаёт суви қалбингиздан сизиб, ғулғула берганидан кейин шеърингизга киради. Шеър — Худонинг бир инояти. Уни қандай ёзиш кераклигини одам билмайди. Аввал ҳам кўп такрорлаганман ва яна қайта айтаман. Кимдир менга илҳом келар экан, деб ўтирса, ҳеч қачон ҳеч нарса келмайди. Ҳаваскор шоир шундай қилиши мумкин. Лекин профессионал шоирнинг чўнтагида илҳом бўлади. У қоғоз ва қалам билан рўбарў бўлганида, албатта, илҳом келади. Энг яхши шеърлар, аслида, бадиҳа шеърлар. У ёзилаверади. Охирига етганда воҳ, мана яратилди, дейсан. Сен, ҳолбуки, қоғоз ва қаламни қўлингга олгунча бу шеър ҳақида ҳеч нарса билмасдинг. Менга куч берадиган нарса ҳам эҳтимол шудир.

    — Ўзликни англаш изтироби инсонга нима беради?

    — Биз озодлик, эрк ҳақида гапирамиз. Бунинг чегараси қаерда эканини ким билади? Фақат Яратган билади. Аллоҳни англаб бориш жараёни қандай яхши! Бу йўлда озодликни, ўзингни англаб борасан. Бу дунёнинг бир даҳшати бор: одамлар ўзлик нима эканини англамай ўтиб кетади. Ўзини тушуниб бориш — буни гапириб, тушунтириб бўлмайди. Буни фақат шеър ёзиб тушунтириб бериш мумкин, холос. Гапирган билан нимани англайди одам. Мана шундай жойда, оддий сўзлар билан айтиб бўлмайдиган жойда шеър пайдо бўлади. Мана шу жойда шу туйғу ичингда турибди, буни сўзга тушира олсанг, маҳоратинг етса — шундагина сен англайсан, демак, шоир ўз вазифасини бажаряпти. Аллоҳ буюрган, бандасига истеъдод бериб “Сен энди шеър ёзиш билан шуғуллан”, деган ўринлар бўлади. Шу ишорани англаб, умрни шунга ростлаб, ҳаётни шу асосда қуриб яшаган ижодкор бахтли ижодкор. Чексиз эрк ўшанда келади. Ўзликни топиш ҳам шунда келади. Ижодкор сифатида ўзига қандайдир ишонч ҳам пайдо бўлади. Ижодкор жуда нозик хилқат. Ўзидан норозилик туйғуси доим бўлади. Шу туйғу бўлмаса, ёзгани сифатли чиқмайди. Шубҳаси кучайиб кетса, “Мен ўзи ёза оламанми?” деса, ёзолмай қолади. Бундай одамларни адабиётда кўп кўрганман. Илмли, билимли, ўқимишли одамлар адабиётда каттароқ иш қилолмай кетган. Чунки ғайрати, шижоати етишмаган. Кўнгилдаги шубҳаси каттароқ бўлган.

    Қўрқмай ижод қилган, ёзишни қисмат деб билган инсонни эса ўзликни излаш изтироби тарк этмайди. У нимани ахтариб югурмасин, фақат ўзини қидиради. Ўзини кашф этиш, кашф этса-да, фош этиш қийин иш.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates