Юқори Чирчиқ тумани «Файзобод» маҳалласида яшовчи фуқаронинг ҳовлисидан 5 бош қўйлар номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган эди. Мазкур ҳолат шу вақтнинг ўзида ИИБ назоратига олиниб, суриштирув ишларига киришилган.
Орадан 4 кун ўтиб, ушбу маҳалланинг «Қайтмас» кўчасида яшовчи яна бир фуқаро хонадонидан ҳам юқоридаги каби 4 бош қўйлар ва 2 бош бузоқ ўғирлангани ҳақида тезкор хабар олинган.
Ҳудудда ўтказилган ўрганишлар ва тезкор суриштирув тадбирлари давомида ушбу икки жиноятни 20-25 ёшлар орасидаги 6 нафар шахслар содир этганлиги аниқланиб, улар процессуал тартибда ушланган, дея хабар беради Тошкент вилояти ИИББ Ахборот хизмати.
"Ҳолат юзасидан дастлабки тергов жараёнида, биринчи ҳолат бўйича фуқарога етказилган 15 млн сўм моддий зарар ундириб берилишига эришилган бўлса, иккинчи ҳолатда ўғирланган 4 бош қўй ва 2 бош бузоқ жабрланувчига қайтарилиши таъминланди.
Ҳозирда ушланган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси, 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, дейилади хабарда.